Болалар жарроҳларининг анжумани
Пойтахтимизда болалар жарроҳларининг анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Болалар жарроҳлари уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз олимлари ва шифокорлари билан бирга Россия, Франция, АҚШ, Қозоғистон, Украина, Беларус, Тожикистон каби давлатлардан келган мутахассислар иштирок этди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Алимов, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори Б.Даминов ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофазалаш, оилада соғлом фарзанд туғилиши ва камолга етишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 19 сентябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги, янада юксак талаблар асосида ташкил этиш, тиббиётнинг энг замонавий ютуқларини мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига татбиқ этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Юртимизда амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотлар соғлом авлодни дунёга келтириш, фарзандларимизни жисмонан ва маънан баркамол этиб вояга етказишга йўналтирилган. Бу вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида “Соғлом она – соғлом бола” концепсияси изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётир. Натижада истиқлол йилларида Ўзбекистонда болалар ўртасида касалланиш кўрсаткичи сезиларли даражада пасайди, оналар ва болалар ўлими кескин камайди.
Аҳоли, жумладан, болалар саломатлигини муҳофазалаш борасида эришилаётган ютуқларимиз халқаро миқёсда муносиб эътироф этилаётир. Хусусан, бу борада жаҳондаги нуфузли тузилмалардан бири – “Save the children” (“Болаларни асрайлик”) халқаро ташкилоти рейтингида мамлакатимиз етакчи ўн мамлакат қаторига киритилди.
Бундай юксак натижаларга эришишда болалар жарроҳлиги йўналишида амалга оширилаётган тиббий-илмий тадбирларнинг алоҳида ўрни бор.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида болалар жарроҳлиги жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатишга қодир замонавий соҳага айланди. Бунинг натижасида илгари болаларда учрайдиган кўплаб туғма нуқсонлар замонавий оператсия усуллари билан бартараф этилмоқда.
– Ўзбекистонда тиббий хизматни ривожлантиришга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани юксак самаралар бераётир, – дейди Вержиния (АҚШ) университетининг юрак анестезиологияси бўлими бошлиғи, профессор Виктор Баум. – Мен Осиё тараққиёт банкининг маслаҳатчиси сифатида юртингизда тиббиёт муассасаларини реконструксия қилиш ва замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, болаларда замонавий тиббий оператив муолажаларни қўллашга йўналтирилган тадбирларда қатнашганман. Бу жараёнда шифокорларингизнинг замонавий технологиялардан фойдаланиш маҳоратига, илмий салоҳиятига, тиббиёт муассасаларининг барча бўғинида аҳолига юксак технологиялар асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилганига ишонч ҳосил қилдим. Инсон саломатлигини асраш борасида юртингизда қилинаётган бундай муҳим тадбирлардан бошқалар ўрнак олса арзийди.
Анжуманда болалар жарроҳлигининг долзарб масалалари, болалар урологияси, анестезиология, реаниматология каби йўналишларда қўлланилаётган янги даволаш услублари ва воситалари, бу борада мамлакатимиз ва хорижда қўлга киритилаётган тиббий илмий янгиликларга бағишланган маърузалар тингланди.