Ўпкадан бошқа аъзолар силининг дифференциал диагностикаси
Бўғимнинг носпецифик яллиғланиши. Носпецифик кокситга – бўғимнинг йирингли, ревматоидли, юқумли касалликлари ва шикастлангандан кейинги яллиғланишлари киради.
Бўғимнинг йирингли яллиғланишида: бўғимга яқин жойлашган суяк остеомиелити ва бўғимга реактив артрит ҳолатини бериши кузатилади. Остеомиелитда бўғимдаги яллиғланиш ўткир бошланади, тана ҳарорати 39-40 даражагача чиқади, кучли интоксикация кузатилади. Бўғимда кучли оғриқ, тез ривожланган оғриқнинг такрор хуружи, мушаклар гипотрофияси кузатилади. Рентгенда текширганда бўғим ҳосил қилувчи суяклар остеопорози, уларда юза ва тарқоқ емирилиш ва бўғим оралиғининг бир текис торайгани кўринади. Бўғим шикастлангандан кейинги артритда беморнинг яқин вақтларда ўтказган жароҳатини аниқлаш зарур бўлади.
Ревматоидли артритда камдан-кам болаларда бўғим бир томонлама шикастланади. Бунда ревматоидли полиартритга хос ўзгаришлар рўй беради, рентгенда қўл ва оёқ кичик бўғимларининг шикастлангани кўринади, қон зардобида серологик синама мусбат бўлади. Носпецифик инфекцион артритлар – бошдан кечирилган қатор юқумли касалликлар (ич терлама, сўзак, қизилча, куйдирги, ўлат, дизентерия)дан кейин бўғимда пайдо бўладиган асоратлардир.
Чаноқ-сон бўғими дегенератив-дистрофик шикастланиши. Сон суяги бошчасининг асептик емирилиши, кўпинча оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланадиган одамларда (спортчиларда, оғир юк ташувчиларда), ичкиликбозларда, узоқ муддат гормон қабул қилганларда ва шу бўғими қаттиқ шикастланганларда учрайди. Касаллик клиникасида: бўғим соҳасида оғриқ аста-секин кучайиб боради, бўғимда ҳаракат чекланиб қолади, бемор оқсайди. Мушаклар гипотрофияси учрамайди. Суяк тўқимаси кўпроқ юк тушадиган соҳаларда емирилади, баъзан кеч аниқланганда сон суяги бошчаси бутунлай емирилади.
Касаллик бошланишида рентгенда бўғим оралиғида ўзгариш кузатилмайди. Касалликнинг охирги босқичларида бўғим оралиғи тораяди. Бунда бўғим силига хос яққол артрит аломатлари ва ҳамроҳ суяклар емирилиши кузатилмайди.
Коксартрозлар келиб чиқишига кўра, идеопатик, диспластик шикастланиш ва инфекцион касалликлардан кейин пайдо бўлиши мумкин. Бунда умумий заҳарланиш рўй бермайди, бўғим соҳаси яллиғланмайди. Рентген текширувда бўғимларни ҳосил қилувчи суяклар юзасида ўзгаришлар, бўғим оралиғи торайгани, субхондриал қотиш (склероз) ва суяк-тоғай экзостозлари аниқланади.
Педжет касаллиги – шаклни бузадиган остоз. Касалликнинг нима сабабдан пайдо бўлиши номаълум. Кўпроқ катта ёшдаги беморларда учрайди. Бунда кортикал қатлам ҳисобига суяк ҳажми катталашади. Суякларнинг барча соҳасида учраши мумкин.
Реклингхаузен касаллиги (паратироидли остеодистрофия) тизимли касалликларга киради. У қалқонсимон олди безларининг фаолияти ошганда кузатилади. Касаллик суякда модда алмашишининг умумий бузилишига ва емирилиб, бўшлиқлар (киста) ҳосил бўлишига, суяк ҳажмининг катталашишига ва кенгайишига олиб келади.
Чаноқ-сон бўғими суяк ўсмаси. Гемангиома – хавфсиз ўсма бўлиб, қон-томирлардан ҳосил бўлади. Касаллик бошланишида сийрак клиник манзарага эга бўлади. Гемангиома эволюциясида касаллик метафиздан бошланиб, эпифизга ва ундан бўғим оралиғига ривожланиб боради ҳамда касалликнинг биринчи аломатлари чунончи оғриқ, бўғим ҳаракатининг чеклангани, оқсаш кузатилади. Ренгенологик текширувда суякда бурун тешикларига ўхшаш бўшлиқлар кўринади. Томир атрофида эса оҳаксимон чўкма кўринади.
Хондрома – хавфсиз ўсма бўлиб, суяк тўқимаси тоғай тўқимасига айланади. Касаллик сийрак клиник белгилар билан бошланади. Рентген текширувда суяк қатламининг ўчоқли емирилгани кўринади, у нозик қотган суяк билан чегараланади, ичида нотекис қаттиқ тўқима, кўпинча оҳаксимон чўкма бўлади.
Хондробластома хондрома билан остеобластокластоманинг бир-бирига ўтадиган тури. Кўпроқ 20 ёшгача учрайди. Суякнинг эпифиз ёки метафиз қисми шикастланади, суякнинг ўсувчи қисми орқали тарқалади. Бунда сил оститига нисбатан оғриқ кучли ва давомли бўлиб, бўғим оралиғи текисланади. Рентгенологик текширувда марказдан узоқроқда жойлашган суяк чандиғи билан ўралган думалоқ ўзгариш кўринади. Суякнинг кортикал қатлами шикастланган жой шишади.
Остеобластокластома (гигант ҳужайрали ўсма). Кўпроқ катталарда учрайди, хавфли ўсмага айланишга мойил. Кистоз ва остеолитик турлари бор.
Рентген-клиник тафовути: кучсиз оғриқ, бўғим фаолиятининг тезда бузилиши, суякнинг эпиметафиз қисми уясимон кўринишда бўлади. Уялар катталиги ҳар хил, бир-биридан чандиқсимон суяк тўсиғи билан ажралгани, кортикал қатлам юпқалашгани, суякнинг илик канали кенгайгани кўринади, суяклар оралиғидаги емирилиш бир-бирига ўтмайди.
Остеоид-остеома (скелетнинг барча қисмида) кўпроқ сон-чаноқ бўғимига яқинроқ жойда учрайди. Аксарият, болалар ва ўсмирлар касалланади. Хавфсиз ўсма. Баъзи муаллифларнинг фикрича, остеоид-остеома сурункали йирингсиз ўчоқли некрозли остеомиелитдан ҳосил бўлади. Беморлар доимо бир жойда, шикастланган суяк соҳасидаги кучли оғриқдан шикоят қиладилар.
Касалланган соҳа тукиллатиб кўрилганда чегараланган оғриқ сезилади. Рентгенда суякнинг ғовакли ва кортикал қисмида ўчоқли емирилиш аниқланади. Ўчоқли ўзгариш марказида секвестирсимон киритма бўлиб, ўзаги ва девори ўртасида оралиқ бўлади. Касаллик ривожлангани сайин ўзак қисми яна суяк тўқимаси билан тўлишади. Энг муҳими, кўпроқ тунда оғриқ туради, яллиғланишга қарши дорилар ичганда оғриқ босилади. Ўсмани радикал олиб ташлаш ва пластика қилиш касалликнинг бирмунча тузалишига олиб келади.
Саркома бўғимларнинг хавфли ўсмаси. Қисман сон-чаноқ бўғими силига ўхшаб кечади. Буйрак, ўпка, қалқонсимон ва простата безларининг хавфли ўсмаси суякка метастаз бериши натижасида келиб чиқади. Клиник-рентгенологик тафовути шундаки, саркомада мунтазам кучайиб борадиган оғриқ бўлиб, нотекис деструктив ўзгариш суякнинг метадиафиз қисмида жойлашган ва бир камерали, ноаниқ чегарали, периостал ва юмшоқ тўқимаси бирикмасидан иборат.
Умуртқа поғонаси сили (спондилити). Сил спондилитининг дифференциал диагностикаси яллиғланиш, саратон хасталиги, коллагеноз, дегенератив-дистрофик хасталиклар ва умуртқалар шикастланиши билан ўтказилади.
Яллиғланиш хасталиклари орасида умуртқа гематоген остеомиелити сил спондилитига жуда ўхшаб кечади. Умуртқанинг ўткир гематоген хасталигига хос белгилар: анамнезда бошдан кечирилган яллиғланиш хасталиклари, жарроҳлик амалиёти, шикастланишдан кейинги даврда хасталикнинг юқори тана ҳарорат билан бошланиши, қаттиқ оғриқ, юқори нейтрофил реакцияли лейкоцитоз, ЭЧТ юқорилиги, ўткир босқич кўрсаткичларнинг кўплиги кузатилади. Рентгенологик текширувда бир-бирига яқинлашган иккита умуртқа таналари тўқимасининг юза тегиб емирилиши, кўпроқ учта умуртқада рўй беради. Емирилган соҳа деярли склероз билан қопланади, умуртқа таналари орасидаги диск эса емирилади. Бундан ташқари, умуртқа олди ва атрофида юмшоқ тўқима кенгаяди ва қотиб қолади. 2-3 ойдан кейин умуртқа танаси четларида суякли илмоқчалар кўринишида остеопериостал реакция пайдо бўлади. Остеомиелитда сил жараёнига нисбатан секвестр ва абсцесслар кам бўлади. Шу билан бирга, орқа мия фаолиятининг оғир турдаги бузилишлари нисбатан тезроқ пайдо бўлади. Қўшимча ташҳис мезонлари: манфий туберкулин синамаси, Jg A ва силга қарши антителолар концентрациясининг ФГАга (фитогемаглютинин) жавобан пастлиги, Т-лимфоцитлар пролифератив фаоллиги юқорилиги ва ППДга паст жавоби, нейтрофилли гранулоцитларнинг паст лизосомал-катионли тести, Jg G миқдорининг кўтарилиши, цитокинларнинг иши (ФНО-а, ИЛ-2), суяк тўқимасидаги ўчоқдаги ёки абсцессдан стафилококк ёхуд бошқа носпецифик кўзғатувчилар топилади.
Захм спондилити кам учрайди, асосан захмнинг учламчи, гуммозли босқичида, кўпроқ 30-40 ёшларда учрайди. Зарарланган умуртқада склероз ва умуртқа танаси емирилади. Умуртқа таналари орасидаги диск сўрилади ва кўплаб хаотик периостал қатламлар пайдо бўлади. Сил спондилитидан фарқли ўлароқ, захмга хос мусбат специфик реакция ва тунги оғриқлар кузатилади.
Тиф спондилити умуртқада кучли оғриқлар, баланд тана ҳарорати билан кечган ич терлама (қорин тифи), тошмали терлама ёки қайталама терламадан кейин бошланади. Жараён, одатда, бел умуртқаларида кузатилади. Жараён қўшни умуртқаларнинг бириктирувчи юзаси ва таналари орасидаги дискни қамраб олади. Рентгенологик текширувда умуртқа таналари орасидаги диск бузилган, умуртқалар танасиаро юзасида юза емирилиш, остеосклероз аниқланиб, бойламларнинг суякланиши, ривожланган остеопериостал реакциялар натижасида қисқа вақт ичида зарарланган умуртқа таналари бир-бирига қўшилиб кетади ва битта суяк блоки ҳосил бўлади. Суяк емирилишидан олинган материал экиб ўстирилганда қўзғатувчи топилади.
Умуртқа актиномикози ҳам кам учрайди. Бунда умуртқа танасида, қўзғатувчи нурли замбуруғлар таъсирида кўплаб яллиғланган гранулёмалар пайдо бўлади. Кўпинча тери устида нуқталар кўринишидаги оқма яралар ҳосил бўлади. Оқма яра йирингидан замбуруғ шодалари топилади. Рентгенологик текширувда кўплаб майда, атрофи склерозланган, суякнинг тарқоқ емирилгани аниқланади.
Умуртқалар эхинококкида эхинококк пуфакчалари секин ўсиб, бир неча йилга чўзилади. Клиник манзараси сийрак. Умуртқа танаси патологик синганда оғриқ азоб беради, эпидурал бўшлиққа эхинококк пуфакчалари кириши натижасида неврологик ўзгаришлар пайдо бўлади. Рентгенологик текширувда умуртқа танасида кичик уяли тўрсимон тасвир кўринади. Суяк атрофидаги тўқимада реактив ўзгаришлар кам ривожланади.
Умуртқа остеоид-остеомаси кўпроқ кичик ёшда учрайди. Асосий белгиси шуки, кечаси, маълум бир вақтда, бир соҳа азоб беради. Шикастланган умуртқани босганда оғриқ кучаяди. Атрофдаги юмшоқ тўқималар яллиғланмайди, тери ўзгармайди. Клиник ва лаборатор текширувларда яллиғланиш белгилари топилмайди. Рентгенологик текширувда остеоид-остеомага хос белгилар мажмуаси мавжудлиги ғовак ёки қаттиқ қатламда овал шаклда қорайгани маълум бўлади. Чегараси аниқ, ўчоқ атрофи тўқимасида ёриқ бўлади. Ёриқ атрофида қотган (склероз) ғовак суяк жойлашади. Ўчоқ яқинида қатлам-қатлам суяк тўқимали периостит бўлади. Жарроҳлик йўли билан шу ўчоқ олиб ташланганда оғриқ бутунлай йўқолади.
Хавфсиз ўсмалар орасида умуртқа остеобластокластомаси ва гемангиомалар биринчи ўринда туради. Умуртқа гемангиомаси (кўпроқ пастки кўкрак ва бел) қон-томир ўсмаси бўлиб, суякнинг қизил кўмигидан ривожланади, ҳар хил ҳажмдаги қонли бўшлиқлар сифатида бўлади. Ўсманинг эзиши таъсирида суяк устунларининг бир қисми остеокластик сўрилади, бошқалари эса реактив қалинлашади. Ўсманинг рентгенологик кўриниши ўзига хос. Суяк тузилмаси бузилиб, қалин трабекулалар кўринишида, уясимон бўлади, умуртқа таналари орасидаги диск одатда, ўзгармайди. Клиник белгилари сийрак. Касаллик кўпинча рентгенологик текширувда вақтда аниқланади.
Остебластокластома кўпроқ 30-40 ёшда учрайди. Зўрайиб борувчи оғриқ кузатилади. Ўсма умуртқа танаси орқа қисмига ўтиб, орқа мияга киради, орқа миянинг қисилиши натижасида фаолияти бузилади. Рентгенологик кўриниши умуртқа танаси марказидан чапда, тузилиши ноаниқ, суяк уясимон кенгаяди. Умуртқанинг хавфли ўсмалари хавфсиз ўсмаларига қараганда кўп учрайди. Бирламчи ва иккиламчи (метастатик) бўлади.
Катталарда бирламчи хавфли ўсмалардан остеоген саркома, ретикулосаркома ва хондросаркома аниқланади. Ўсма умуртқа каналига ўсиб кириб, қаттиқ оғрийди ва орқа миянинг сиқилиши белгилари юзага келишига сабаб бўлади. Метастатик ўсмалар бирламчи ўчоқдан ўсма ҳужайраларининг тарқалишидан пайдо бўлади. Клиник кўриниши асосан иккита: доимий оғриқ ва неврологик ўзгаришлардан иборат. Рентгенологик текширувда суякдаги емирилиш силдан фарқ қилиб, фақат умуртқа таналарига тарқалмасдан, умуртқанинг бошқа жойларига, ўсиқларига ҳам тарқалади. Ўсма жараёни умуртқа таналари атрофида қалин, ғадир-будур соя кўринишида, ташқи кўриниши сил абсцессидан фарқ қилиб, юмшоқ ва четлари текис бўлади.
Болалар ва ўсмирларда суяк-бўғим сили касаллигининг дифференциал диагностикаси
Ультратовушли текширув усулларининг аҳамияти нафақат сил касаллигига "мойил гуруҳ"даги беморлар орасида суяк сили касаллигини барвақт аниқлашда эмас, балки бу касалликни дифференциал диагностика ва даволаш жараёнидаги самарадорлигини назорат қилиш хусусида ҳам ультратовушли текширув усулларидан фойдаланилади.
Текширув натижаларига асосланиб, суяк-бўғим силининг ультратовушли диагностик тизими ишлаб чиқилди. Суяк-бўғим силининг дифференциал диагностикаси, носпецифик, ревматоидли артрит, остеомиелит ва ўсма касалликлари билан олиб борилади. Бу касалликларда ҳам суякларда остеопоротик ўзгаришлар қайд қилинади. Сил касаллигини аниқлаш туберкулинга реактив ўзгаришлар асосида олиб борилади.
Суяк-бўғим силининг такомиллаштирилган туберкулин-ультратовушли дифференциал диагностика усули ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этилган. Усул шунга асосланганки, текширилган беморнинг суяк-бўғимлар ҳолати ва периферик лимфа безлари ультратовушли текширув (эхоостеометрия ва эхография) ёрдамида текширилиб, 2ТБ туберкулин синамаси манфий ва кам мусбат бўлган беморларга тери остига 50 ТБ туберкулин юбориб, кейинги 5 кун давомида ультратовушли текширув усули бир хил шароитда ва бир хил ҳолатда олиб борилади. Бу усул билан текширилганда, 90,5 фоиз ҳолларда суяк-бўғими сили эрта босқичларда аниқланган.