ФАН ЮТУҚЛАРИ ТИМСОЛИДА
Тиббиёт фани ва унинг олами ривожланиши ҳамда бойишида кўплаб соҳа мутахассисларининг ҳиссаси катта бўлиб, уларнинг кўпчилиги ўзига хос мактаб яратиб кетганликларини фахр билан тилга олсак арзийди. Ўтган даврга назар ташлайдиган бўлсак, ўзининг иқтидори, қолаверса, ноёб фазилатлари билан Ўзбекистон тиббиётини жаҳон ҳамжамиятига олиб чиқишда муносиб ҳиссасини қўшган фидойи тиббиёт ходимлари тўғрисида қанчалик гапирсакда, озлик қилади.
Ана шундай инсонлардан бири тиббиёт фанлари доктори, профессор Шаҳобиддин Мирғаниев эллик етти йил мобайнида рентгенология соҳасида астойдил хизмат қилиб келди ва шу давр мобайнида фан ютуқларини қўлга киритиш билан бир қаторда, кўплаб шогирдлар етказди.
Буюк олим, устозимиз Шаҳобиддин Мирғаниевич 1951 йилда Тошкент тиббиёт институтининг даволаш факультетини муваффақиятли тугатди. У ўзининг тиришқоқлиги ва фанга бўлган қизиқиши билан талабалар орасида ажралиб турарди. Билимга чанқоқ, изланувчан, етук мутахассис 1951-54 йилларда Москва тиббиёт институти аспирантурасига ўқишга кириб, кандидатлик номзодини ҳимоя қилди ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг тиббий радиология кафедрасига ассистент лавозимига ишга қабул қилинди. Ўз касбининг моҳир устаси фаолияти давомида мутахассис ва талабаларга сабоқ бериб, рентгенология йўналишининг сир-асрорларини ўргатиб, уларнинг билим ва малакаларини оширишда ўз ҳиссасини қўшди. Устозимиз фаолият билан бир қаторда, илмий салоҳият йўлида тинимсиз иш олиб бориб, 1964 йилда докторлик номзодини муваффақиятли ёқлади. Фандаги янгиликларни чуқур мулоҳаза этган ва рентгенология йўналиши бемор ҳаёти учун нечоғлиқ муҳим эканлигини кўрсата олган олим, аввало, тиббий радиология кафедраси профессори, терапия кафедраси декани, шунингдек, илмий ишлар бўйича проректор ва тиббий радиология кафедраси мудири лавозимларида иш олиб борди. Шуни таъкидлаш жоизки, Шаҳобиддин Мирғаниев тажрибали рентгенолог ва педагог сифатида ҳамкасблари орасида обрў-эътибор қозонди. Айниқса, устозимизнинг саъй-ҳаракатлари билан кафедрада 44 та "Тиббий радиология" мутахассислик цикли бўйича 700 нафар врач-рентгенологлар тайёрланди. Бунинг баробарида машаққатли фаолиятлар билан бир қаторда Шаҳобиддин Мирғаниевичнинг рентгенология йўналишида 90 та илмий мақоласи, 8 та монографияси, 18 та услубий қўлланмаси ҳамда матбуотда 128 та мақоласи чоп этилиб, айни кунда улар услубий қўлланма сифатида шогирдларнинг амалий фаолиятида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бундан ташқари, устозимиз раҳбарлигида 7 та кандидатлик иши муваффақиятли ҳимоя қилинган.
Яна шуни қайд этиш лозимки, Шаҳобиддин Мирғаниев мамлакатимиз ва бир қанча хорижий давлатларда ўтказилган халқаро анжуманларда фаол иштирок этиб, ўз маърузалари билан қатнашди. Албатта ушбу йўналишда ишлаш, унинг барча қонун-қоидаларига риоя этиш мутахассисдан катта масъулият талаб қилиши ҳеч биримизга сир эмас. Шундай экан, рентгенология йўналишида узоқ йиллар давомида фаолият юритган устозимиз меҳнатини қанчалар эътироф этсакда, арзийди. Бунинг ифодаси сифатида таъкидлаш жоизки, Ш. Мирғаниевнинг хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, унга "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони ва "Меҳнат фахрийси" унвони ҳамда бир қанча фахрий ёрлиқ, ташаккурномалар тақдим этилган.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан устозимиз босиб ўтган йўлга бир лаҳза бўлсада, назар ташладик. Лекин у кишининг ёрқин хотирасини қалбларимизда абадий сақлаб, биз шогирдлар учун қолдириб кетган бой меросларидан унумли фойдаланиб, рентгенология йўналишини янада ривожлантириб, халқимиз саломатлиги йўлида масъулият билан хизмат қилиб, устозимиз изидан боришга ҳаракат қиламиз.
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти
Тиббиёт радиологияси кафедраси жамоаси.