UZ RU
30.09.2011

МАШАҚҚАТЛИ МЕҲНАТЛАР МАҲСУЛИ

Восит Воҳидович Воҳидов 1917 йилда Туркистон шаҳрида, деҳқон оиласида туғилди ва бутун умр фаолиятини тиббиётга бахшида этди. Бу умр сарҳадлари Ўзбекистон тиббиётининг хирургия илми йўналиши бўйича тарихда ўчмас йиллар бўлиб қолди.

Восит Воҳидовичнинг тиббиётга бўлган қизиқиши сабаб, у 1934 йилда тиббиёт институтининг даволаш факультети талабаси бўлиб, хирургия ва терапия фанига бўлган иштиёқи ошди. 1939 йилда институтни битиргач, профессор О. Павлова (госпиталь-терапия кафедраси мудираси) кафедрасида фаолият олиб бораётган бир пайтда, Восит Воҳидовни улар Қирғизистонга ҳарбий врач сифатида жўнатишди. Ҳарбий врач ўша йилларда терапия, хирургия ва инфекционистликдан хабардорлиги муҳим бўлиб, бунда тажрибали шифокорнинг билими етарли эди. Хирургия йўналиши бўйича ўз истеъдодига эга Восит Воҳидовични устози О. Павлова тиббиётда хирургия йўналишида бой тажриба орттирган профессор Содиқ Масумовга шогирдликка тавсия қилди ва шу кундан у хирург бўлиб ишлай бошлади. Талабчан, қаттиққўл Содиқ Масумовни шогирдидаги катта қизиқиш, тиббиёт сирларини чуқур англаб етиши, билимга чанқоқлиги, айниқса, унинг аъзолар (томирлар) топографиясини яхши билиши қувонтирар эди.

Унинг илмий салоҳият йўлидаги ҳаракатларига эътибор қаратган устозлари "Йирингли касалликларда ошқозон ости безининг функциялари" мавзусида номзодлик диссертациясини тайёрлашни тавсия қилишди. Восит Воҳидов 2940 нафар беморда таҳлилий натижаларни ўтказиб, икки йил давомида олиб борилган машаққатли фаолиятлар ўз натижасини кўрсатди ва 1950 йилда изланувчан хирург диссертациясини муваффақиятли ёқлади.

Фидойи инсоннинг фан йўлидаги ҳаракатлари боис, абдоминал, жигар ва ўт йўллари бўйича хирургик ишлари ўз маҳсулини берди. 1957 йилдан бошлаб, у ўпка хирургияси билан қизиқиб, кейинчалик ўпка хирургияси унинг асосий мавзусига айланиб, ушбу йўналишда докторлик диссертацияси устида иш олиб борди ва 1962 йилда москвалик хирург, профессор. Б. Линберг, ўзбек олими, профессор Х. Fафуровлар раҳбарлигида ишини муваффақиятли якунлади.

60-80-йилларда ТошДавТИда хирургия йўналиши кенг миқёсда илмий асосларда ўрганилди. Ўнлаб талантли маҳаллий хирурглар етишиб чиқдилар (профессорлар С. Аъзамхўжаев, Р. Нурмуҳаммедов Д. Ғуломов, М. Ашрапова). Уларнинг ҳар бири маълум хирургик йўналишлари, яъни гастроэнтерологик, гепатологик, торакал, томир ва юрак, йирингли, эндокрин касалликлар хирургиясини ривожлантиришда изчиллик билан иш олиб бордилар. Ўзбекистонда пластик хирургиянинг асосчиси, кафедра мудири, профессор Ф. Амиров, талантли гистолог-олим К. Зуфаровлар билан бўлган ҳамкорлик катта ютуқларга олиб келди. 1960 йилдан бошлаб юрак порокларини хирургик йўл билан даволаш бўлими очилди. 1963 йилда Москвада клиник ва экспериментал хирургик илмий-текшириш институти хирургия кафедраси билан бирлашиб, катта хирургик марказ бўлди ҳамда қон-томир хирургияси ривож топа бошлади. Бу ишлар бошида талантли хирург, академик Б. Петровский турар эди.

Восит Воҳидов 60-йиллардан бошлаб, Тошкентда ҳам ана шундай махсуслашган Хирургия институти ташкил қилишни мақсад қилиб олди ва Москвага бориб у ердаги Хирургия маркази фаолиятини ўрганиб, пойтахтда унинг филиалини очиш таклифини киритди ҳамда бунга эришди. Дастлаб бу институт "Кўкрак хирургияси" деб номланди. Ҳозирда эса, республикамизда ягона мустақил

В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия марказига айланди.

Олимнинг буюк хизмати шундаки, марказ даволаш ва ташҳисга ёрдам берадиган ҳамда илмий муаммоларни ечишга қаратилган замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, микробиология, патологик анатомия, эндоскопия каби бўлимларда кўплаб фан докторлари етишиб чиқдилар ва ўнлаб монографиялар яратилди. Эътироф этиш жоизки, ажойиб инсон, хирургия мактабини яратган Восит Воҳидов республикамизда биринчилардан бўлиб:

- юрак ва қон-томир касалликларини хирургик усул билан даволаш бўйича кардиохирургия, ангиохирургия ривожига асос солди, бу соҳада марказлар очилишига сабабчи бўлди;

- гипотермия ва сунъий қон айланиш аппаратини қўллаб, очиқ юракда хирургик муолажасини ўтказди;

- ўз ўқувчилари билан перитонитларни хирургик усулида даволаш усулларини ишлаб чиқди;

- абдоминал хирургияни ривожлантирди, қизилўнгач, ошқозон, ичак, жигар ва жигар ўт йўллари касалликларини хирургик усулида даволашни сифатли даражада йўлга қўйди;

- шогирдлари билан жигар циррозлари, холециститлар, цирроз қолдирган асоратлар ва уларни даволаш устида чуқур изланишлар олиб бориб, маълум ютуқларга эришди;

- торакал хирургияни ривожлантириб, нафас йўлларида пластик операцияларни йўлга қўйди;

- хирургия фани ва унинг илмий-амалий салоҳиятини ривожлантирди ҳамда бу соҳада:

- йирингли хирургияни ривожлантирди, йиринг чақирувчи микроблар чуқур ўрганилди;

- собиқ Иттифоқнинг йирик илмий ташкилотлари билан ҳамкорликда экстракорполяр детоксикация йўлга қўйилди. Оғир экзо-, эндотоксикациянинг даволаш усуллари ишлаб чиқилди, сорбцион детоксикация ишлатилди;

- ташҳис соҳасида кўкрак ва қорин бўшлиғида эндоскопиянинг турли усуллари кенг қўлланилди, республика эндоскопик маркази ташкил этилди. Бу марказ эндоскопия усулларини республика миқёсида тарқалишига ёрдам берди.

Биз мазкур мақолада кўп марта "биринчи" сўзини ишлатдик. Тўғри бир инсон шунча ишларни ўзи бажара олмайди, лекин Восит Воҳидовичда бўлган катта маҳорат, талант, ташкилотчилик ҳамда устоз тайёрлаган жуда кўп илмли олим, шифокорларнинг бу ерда хизмати катта. Олимнинг ўзи 300 дан кўп мақола, бир неча монография, 20 га яқин фан доктори, 50 дан ортиқ фан номзоди етиштириб, республикада хирургияни ривожлантиришга катта ҳисса қўшганлигини юз бора эътироф этсак арзийди. Зеро, Восит Воҳидов яратган хирургия мактабининг нуфузи нафақат юртимизда, балки хорижий давлатларда ҳам ўз қимматига эга бўлиб келмоқда. Бунинг ифодаси сифатида айтиш жоизки, ҳар йили тиббиёт масканларида "Воҳидов ўқишлари"нинг ўтказиб келинаётганлиги тажрибали хирурглар сафи янада кенгайишида катта аҳамиятга эга бўлаётганлиги фахрланарли ҳолдир. Тиббиётимиз равнақида ўчмас из қолдирган ажойиб, камтарин, самимий инсоннинг ёрқин хотираси қалбларимизда абадий муҳрланиб қолади.

Эркин ТУРСУНОВ,
Тошкент педиатрия тиббиёт институти профессори.