UZ RU
29.09.2011

ЁШ АВЛОД КАМОЛОТИ ЙЎЛИДА

Эътироф этиш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, улар меҳнатини рағбатлантириш ишларига катта эътибор қиратилмоқда.

Таъкидлаш муҳимки, ҳукуматимиз, болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш бўйича республика комиссияси, мувофиқлаштирувчи гуруҳлар томонидан мавсумнинг ҳар томонлама намунали ҳамда уюшқоқлик билан ўтказилишига катта эътибор қаратилди. Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ички ишлар, тиббиёт, коммунал-маиший соҳа ходимларининг доимий навбатчилиги ташкил этилди. Янгича ёндошув асосидаги тизимли ишлар натижасида соғломлаштирилган болалар сони ҳам, соғломлаштириш сифати ҳам сезиларли даражада ортди ва мавсум давомида 266 минг нафар ўғил-қиз соғломлаштирилди. Алоҳида таъкидлаш зарурки, вазирликлар ва маҳаллий хокимликлар маблағларидан қўшимча равишда 3 минг нафар бола оромгоҳларга жалб этилди. Ҳамкорликдаги амалий ишлар натижасида режадаги 817 та ўрнига амалда 902 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти ташкил этилди. Шу жумладан, 221 та шаҳардан ташқари оромгоҳлар хизмат кўрсатди. Мавсум давомида кам таъминланган, кўп болали оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари ва мактаб-интернатлари тарбияланувчиларини соғломлаштириш имтиёзли равишда қамраб олинди. Мавсумнинг яна бир диққатли томони шундаки, Оролбўйи болалари учун ҳар галгидек Тошкент шаҳри ва вилоятидаги оромгоҳларгина эмас, балки Жиззах, Самарқанд вилоятларидаги энг яхши болалар оромгоҳлари ҳам болаларни ўз қучоғига олди. Натижада, 6 минг нафарга яқин Оролбўйи болалари имтиёзли асосларда соғломлаштирилиб, режа 148,5 фоиз амалга оширилди. Оромгоҳлардаги тарбиявий ишлар сифатини ҳам сезиларли даражада оширишга эришилди. Кенгаш томонидан Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган маҳсус дастур асосида оромгоҳларда Ватанимиз мустақиллигининг 20 йиллигига "Мустақиллик менинг тақдиримда" болалар акциялари ўтказилди. Ҳар бир оромгоҳ зарурий услубий қўлланмалар ва кўргазмали материаллар билан таъминланди. Хусусан, оромгоҳлар жисмоний соғломлаштириш масканлари сифатида эмас, балки фарзандларимизнинг маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятларини ошириш борасида ҳам самарали ишлар олиб бордилар.

Юқорида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинганда амалдаги фаолиятлар муваффақиятли якунланганлиги учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш бўйича Республика комиссияси томонидан илк маротаба форум ташкил этилди, шунингдек, комиссия томонидан "Бахтиёр болалар мамлакати" махсус мукофоти таъсис этилди. "Энг яхши оромгоҳ бошлиғи", "Энг ғамхўр тарбиячи", "Энг яхши тиббиёт ходими", "Энг фаол етакчи", "Энг моҳир тўгарак раҳбари", "Энг чаққон спорт мураббийи", "Энг яхши пазанда", "Энг фаол ички ишлар идоралари ходими", "Энг ғамхўр ҳомий", "Энг ташаббускор оромгоҳ ташкилотчиси", "Энг жонкуяр ҳоким", "Энг масъулиятли ташкилотчи" ва "Энг яхши ҳамкор" номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.

Куни кеча бўлиб ўтган ушбу форумда республика миқёсида энг яхши деп топилган 19 та оромгоҳ ҳамда юқоридаги номинациялар ғолибларига махсус дипломлар ва "Бахтиёр болалар мамлакати" мукофоти топширилиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда тегишли вазирликлар, идора ва ташкилотлар томонидан рағбатлантирилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида ёш авлод камолоти йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшишдан иборатдир.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, жамиятимиз тараққиёти равнақ топишида келажак авлодларимиз саломатлиги ва баркамоллигини таъминлаш ҳар биримизга катта масъулият юклар экан, бу борадаги ҳамкорлик ишларимиз янада бардавом бўлишига ишончимиз комил.

Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати.