Ғамхўрликнинг юксак намунаси
Шу йил 28 сентябрда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда тиббиёт, фармацевтика соҳалари раҳбарлари, шифокорлар, юртимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Икромов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларда инсон манфаатларининг устуворлиги, миллатимиз генофондини янада соғломлаштириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳоли тиббий маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, мустақиллик йилларида юртимизда Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида туб ўзгаришлар рўй берди.
Зеро, давлатимиз раҳбарининг 1998 йилдаги Фармони билан Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастурининг қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад ҳам мамлакатимизда тиббий хизматнинг ўзига хос миллий моделини шакллантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, аҳолига жаҳон талаблари даражасида хизмат кўрсатишдан иборат бўлди.
Истиқлол йилларида қишлоқ врачлик пунктлари базаси мустаҳкамланди, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ихтисослаштирилган марказлар ҳамда соҳада янги — шошилинч тиббий хизмат тизимини ташкил қилиш, кадрлар тайёрлаш ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш каби йўналишларда салмоқли ютуқлар қўлга киритилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича юксак самарали замонавий тиббиёт муассасаларининг мустаҳкам тизими яратилгани шу йўлдаги муҳим қадам бўлди. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ Ўзбекистонда оналик ва болаликни мухофаза қилиш устувор масалалардан бири этиб белгилаб олинди. Ўзбекистон қўшилган биринчи халқаро ҳужжатлардан бири 1992 йил 9 сентябрда Парламентимиз томонидан ратификация қилинган «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенция бўлди. Кейин эса бу «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши билан мустаҳкамланди. Республикада илк орденлардан бири «Соғлом авлод учун» орденининг таъсис этилиши ҳам рамзий маънога эга.
Мамлакатимизда соғлом авлодни тарбиялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда Президентимиз томонидан 2009 йил 13 апрелда қабул қилинган “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, айниқса, муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимизнинг 2010 йил 22 июлдаги “Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, ҳомиладор аёллар саломатлигини тиклаш, улар учун умумий қувватлантирувчи поливитаминлар сотиб олишга давлат бюджетидан 8 миллиард сўм ажратилди. Бугунги кунда барча вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида скрининг марказлари ташкил этилди. Шу билан бирга, перинатал марказлар тармоғи ҳам жадал ривожланмоқда.
Оналар ва болаларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология ҳамда педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказлари, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология марказининг қатор вилоятларда филиаллари ва барча ҳудудларда болалар кўп тармоқли тиббий марказлари ташкил этилди.
Республикада болаларнинг наслий ва туғма касалликларини олдини олиш мақсадида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жихозланган скрининг марказлар фаолияти натижасида 2000 йилдан 2010 йилга қадар туғма касалликлар билан дунёга келувчи болалар сони 14%га камайди, 2010 йилда 2 мингдан ортиқ туғма нуқсонли болалар туғилиши олди олинди.
Давлатимиз раҳбари 2010 йил сентярь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган олий даражадаги ялпи мажлисида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, айни пайтда юртимизда оналар ўлими даражаси 2 баравардан кўпроқ, болалар ўлими 3 баравар камайди. Ўтган йигирма йил мобайнида одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларнинг умр кўриши эса 75 ёшгача ошди.
Куни кеча эса Ўзбекистон жаҳондаги энг нуфузли ташкилоти - “Save the children” (“Болаларни асрайлик”) халқаро муассасаси томонидан тузилган дунё рейтингида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатилаётган энг илғор етакчи ўн мамлакат қаторига киритилди.
Мамлакатимиз барча кўрсаткичлар бўйича рейтингда тўққизинчи ўринни эгаллади ва Германия, Франция, Буюк Британия, АҚШ сингари дунёнинг кўплаб энг ривожланган давлатларини ҳам ортда қолдирди.
Буларнинг барчаси Ўзбекистонда истиқлолнинг дастлабки кунларидан амалга ошириб келинаётган ва соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш борасида ғамхўрлик кўрсатиш энг муҳим устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган давлат сиёсати нечоғли юксак самаралар бераётганининг яна бир тасдиғидир. Мамлакатимизда болалар соғлом туғилиши ва улғайиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар ўзининг салмоқли натижаларини бермоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, оналар ва болаларга зарур даволаш хизматларини кўрсатиш учун ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар тиббиёт ходими тўғри келиши керак. Ўзбекистонда бу кўрсаткич нафақат шаҳарлар, балки қишлоқларда ҳам халқаро стандартларга тўла мос келади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизнинг барча аҳолисига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда.
Бу мазкур комплекс чора-тадбирларнинг амалдаги самараларидир. 1991 йилдан буён мамлакатимизда оналар ва болалар ўлими 3 баравар камайди. ЮНИСЕФ Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш моделини минтақа мамлакатлари учун намуна сифатида эътироф этди. Мамлакатимизнинг “Save the children” халқаро ташкилоти рейтингида жаҳоннинг ўнта энг етакчи давлати қаторига киритилгани Ўзбекистон болалар саломатлиги, уларнинг келажаги, демак, мамлакат ва халқнинг истиқболи йўлида алоҳида ғамхўрлик кўрсатаётган давлат эканининг яна бир халқаро эътирофи бўлди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг оналар ва болалар саломатлигини асраб-авайлашга оид лойиҳалари хусусида атрофлича маълумотлар берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Фуркат Санаев