UZ RU
20.09.2011

ФАН ЮТУҚЛАРИДА: ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР

Кейинги йилларда республика тиббиёт тизимида бўлаётган ўзгаришлар туфайли аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ошиб, халқимизнинг тиббиётга бўлган ишончи ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда қайси бир тиббиёт муассасасида бўлманг, у ердаги шароитлар ва имкониятларнинг кенглигини кўриб, Ўзбекистон тиббиётининг жаҳон миқёсида ўз ўрнига эга бўлаётганлигига гувоҳмиз.

Шу жумладан, Республика ихтисослаштирилган кардиология марказимиздаги фаолиятлардан аҳоли мамнун бўлаётганлигининг гувоҳи бўлиб келмоқдамиз. Бу ерда қанчадан-қанча ҳаёти қил устида турган инсонларга нажот бахш этаётганлигимизнинг ўзи юқорида таъкидлаган фикримизнинг ёрқин далилидир.

Айни кунда марказимизда 9 та клиник бўлим, 250 қатновга мўлжалланган маслаҳат-поликлиникаси, клиник биохимия лабораторияси, физиотерапия ва ёрдамчи бўлимлар фаолият кўрсатмоқда. Қисқа муддатда марказ бинолари қайта таъмирланди, янги асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ҳозирги кунга келиб кардиология маркази республикамизнинг энг замонавий, шинам ва сўлим шифо масканига айланди. Мустақиллик йилларида муассасамиз юқори технологияларга асосланган замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган етук салоҳиятга эга илмий-амалий марказга айланди. Марказимиз республикамизнинг 12 та вилоятида фаолият юритаётган вилоят кардиология диспансерларига ҳар томонлама услубий ва амалий ердам бериб келмоқда. Фахр билан айтиш жоизки, марказимизда республикада биринчи бўлиб юрак аритмияларида электрофизиологик текширувлар ва радиочастотали абляция усули йўлга қўйилди. Хавфли брадиаритмия ҳолатларида физиологик икки камерали электрокардиостимуляторни юрак ичига имплантация қилиш усули амалга оширилди. Шунингдек, 2010 йилда Коронароангиограф ускунаси ўрнатилиб, юрак тож томирлари ва юрак бўшлиқларини рентгенологик текшириш усули йўлга қўйилган. Бу усул билан юрак тож томирлари ичида бўладиган стеноз (торайиш) ҳолатлари ўрганилиб, касалликнинг оғир асоратларини прогноз қилиш, коронароангиопластика ва стент қўйиш усули амалга ошириладиган бўлди. Бунинг баробарида, республикада биринчи бўлиб артериал гипертония касаллиги ривожида генетик омилларнинг роли ўрганилди. Молекуляр генетик текширувлар беморларнинг генетик паспортини тузишга ва ўз навбатида даволаш процессини оптималлаштиришга ёрдам беради.

Истиқлолимиз даврида марказимизда 18 нафар тиббиёт фанлари доктори ва 62 нафар фан номзоди ҳамда клиник ординатура курсларида 151 нафар малакали кардиолог-мутахассис тайёрланди. Шу кунга қадар 9 та кардиологияга оид монография, бир қанча услубий қўлланмалар, илмий мақолалар чоп этилди. Бир неча ихтиролар учун патент олинди.