UZ RU
22.09.2011

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ САЛОМАТЛИГИ ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА

Маълумки, болаларимиз орасида учрайдиган қизамиқ ва қизилча касаллигининг олди вақтида олинса, уларда ушбу хасталик кузатилмайди. Яна шуни қайд этиш лозимки, фарзандларимиз мазкур касалликларга қарши эмлансалар ҳар қандай кўнгилсиз ҳолатлар бартараф этилади. Ана шундай касалликларнинг олдини олиш мақсадида давлатимиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бир қанча халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида жорий йилнинг 12-18 сентябрь кунлари миллий эмлаш кунлари ўтказилади.

Шундай экан, қизамиқ ва қизилча касалликлари тўғрисида маълумот бериб ўтишни лозим деб топдик. Маълумки, балоғат ёшида, айниқса, катталарда касаллик бирмунча оғир ўтади. Касалликни келтириб чиқарувчи вирус нафақат беморнинг тери қаватини, балки кўз конъюктиваси, эшитиш органлари ҳамда юқори нафас йўллари шиллиқ қаватини ҳам яллиғлайди. Натижада, енгил шакл¬да бошланган қизамиқ касаллиги ўзидан кейин оғир асоратларни қолдириши кузатилади (зотилжам, ўрта қулоқнинг яллиғланиши, ичак касалликлари ва бошқалар).

Қизилча деб номланувчи майда тошмалар билан кечувчи юқумли касалликнинг вируси эса, бемор танасида агар бемор ҳомиладор аёл бўлса, вирус ҳомилада ўрнашиб кўпая бошлайди ва ҳомилани жароҳатлаши натижасида ногирон бола, яъни чақалоқнинг кўзи ожиз, кар, юрак пороги, ақлан заиф туғилишига сабаб бўлади.

Қизамиқ ва қизилча касалликларининг олдини олиш мақсадида болаларни махсус вакциналар ёрдамида эмлаш ишлари Миллий эмлаш календарига киритилган.

Республикамизда қизамиқ ва қизилча касалликлари бўйича мавжуд барқарор эпидемик вазиятни сақлаб туриш, бу касалликка мойил бўлган аҳоли гуруҳларида иммунитет таранглигини талаб даражасида бўлишини таъминлаш мақсадида, 2011 йилнинг 12-18 сентябрь кунлари қизамиқ ва қизилча касалликларига қарши Миллий эмлаш кунларини ўтказиш режалаштирилган. Бунда Тошкент шаҳри бўйича 1-14 ёшгача бўлган 500 мингга яқин болани эмлаш мўлжалланган.

Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ЖССТ ва ЮНИСЕФ халқаро ташкилотлари кўмагида Ҳиндистоннинг "Серум" институтида ишлаб чиқарилган, ЖССТ сертификатига эга бўлган 623000 доза қизамиқ ва қизилча вакцинаси ва бир маротабали шприцлар Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология назорати марказига "совуқлик занжири" қоидаларига амал қилган ҳолда мурувват ёрдами сифатида келтирилди.

Қизамиқ ва қизилча касалликларига қарши Миллий эмлаш кунларида хавфсиз эмлашни ташкил этиш ва ўтказиш, бу касалликлар бўйича ҳушёрликни ошириш мақсадида, касаллик клиникаси, ташҳисоти, уни даволаш ва олдини олиш мавзуларида барча даволаш-профилактика муассасалари тиббиёт ходимлари учун семинар машғулотлари ўтказилмоқда. Тошкент шаҳри бўйича 1000 га яқин эмлаш бригадалари, 983 та эмлаш пунктлари ташкил этилди. Миллий эмлаш кунларини ўтказишда махсус тайёргарликдан ўтган 1056 нафар шифокор ва 2000 га яқин эмлаш ҳамширалари, шунингдек, меҳрибонлик уйлари, мактаб, мактаб-интернат ҳамда мактабгача таълим-тарбия муассасалари ходимлари ҳам иштирок этадилар.

Миллий эмлаш кунларини талаб даражасида ўтказишда нафақат тиббиёт ходимлари, балки барча ташкилотлар, идоралар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, кенг жамоатчилик ва ҳар бир фуқаро иштирок этиши муҳим. Ушбу тадбирни талаб даражасида ўтказиш билангина фарзандларимизни қизамиқ ва қизилча касаллигининг оғир асоратларидан сақлаб қоламиз.

Миллий эмлаш кунларида ота-оналар 1-14 ёшгача бўлган фарзандларини ўзлари яшаётган ҳудуддаги тиббиёт муассасаларига олиб чиқиб, эмлатишлари лозим. Яна шуни таъкидлаб ўтиш муҳимки, ота-оналар болаларини эмлатишдан олдин албатта, шифокор кўригидан ўтишлари мақсадга мувофиқдир.

Ушбу оммавий тарзда ўтказилаётган Миллий эмлаш кунларида ҳар биримизнинг фаоллигимиз келажак авлодларимиз саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиздир.

Вазира МУТАЛОВА,

Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг

бош шифокор муовини