Миллий эмлаш давом этмоқда
Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, айрим давлатларда ўта хавфли юқумли касалликлар, жумладан, қизамиқ ва қизилча билан оғриган беморлар кўпайган. Шу боис, инсон ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли бўлган бундай касалликларга қарши кураш янада кучайтирилмоқда.
Юртимизда ҳам бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида ўтказилаётган болаларни қизамиқ ва қизилча касалликларига қарши Миллий эмлаш тадбирлари ўтказилмоқда.
– Вилоятимизда қизамиқ ва қизилчага қарши Миллий эмлаш тадбирлари юксак савияда ўтмоқда, – дейди Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Шавкат Ҳусанбоев. – Бу муҳим тадбирга пухта тайёргарлик кўрилгани, эмлаш кунларидан олдин эмлаш пунктларининг тайёр ҳолга келтирилгани, тадбирга малакали ва тажрибали ҳамширалар жалб этилгани ўз самарасини бермоқда.
Риштон туманида қарийб 45 минг нафар болани қизамиқ ва қизилчага қарши эмлаш режалаштирилган бўлиб, айни пайтгача уларнинг 75 фоиздан зиёди эмланди.
Вилоятда Миллий эмлаш тадбирлари уюшқоқлик билан давом этмоқда.
М. Сулаймонов