Эмлаш – ишончли ҳимоя воситаси
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, тиббий маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда мамлакатимизда давом этаётган 1-14 ёшли болаларни қизамиқ ва қизилча касалликларига қарши эмлаш тадбирлари ҳам ана шундай саъй-ҳаракатлардандир. Мазкур муҳим тадбир Тошкент вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилаётир.
– Миллий эмлаш кунлари вилоятнинг барча таълим ва тиббиёт муассасаларида бўлиб ўтмоқда, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош педиатри Раъно Ҳакимова. – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида ўтказилаётган ушбу тадбир давомида вилоятимизда 680 мингдан ортиқ бола эмланади.
Вилоятда ушбу тадбирни юқори даражада ташкил этиш ва уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан барча зарур тиббий ва техник чоралар амалга оширилди. Миллий эмлаш кунлари олдидан ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари тиббий ходимлари учун ўқув-семинарлар ташкил этилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, эмлаш тадбирларида минг нафардан ортиқ махсус тайёргарликдан ўтган шифокорлар ҳамда патронаж ҳамширалари иштирок этмоқда. Бу жараёнда 789 пункт, 757 эмлаш ҳамда 8 мобил бригада эмлаш ишларини амалга оширмоқда.
Эмлаш ишларига тиббиёт муассасалари ходимларидан ташқари давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролар йиғинлари вакиллари ҳам жалб этилган. Мактаб, мактабгача таълим муассасалари вакиллари тиббиёт ходимларига яқиндан кўмаклашмоқда. Эмлашнинг болалар саломатлигини асрашдаги аҳамияти ўтказилаётган учрашув ва давра суҳбатларида аҳолига кенг тушунтирилмоқда.
Л.Сувонов,