UZ RU
20.09.2011

Атмосфера мусаффолиги – доимо эътиборда

Пойтахтимизда 16 сентабр – Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш кунига бағишланган экологик марафон доирасида маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бошқа бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадбирларда экологлар, олим ва мутахассислар, ўқитувчилар, ёшлар фаол иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, табиатнинг бебаҳо неъматларидан тўғри ва оқилона фойдаланиш, уларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада аҳоли, айниқса, ёшларнинг экологик билим ва маданиятини ошириш – доимий эътиборда. Юртимизда атмосфера муҳофазасини таъминлашга қаратилган миллий қонунчилигимиз янада такомиллаштирилмоқда. Айни пайтда саноат корхоналари фаолиятини чуқур ўрганиш, таҳлил этиш, айниқса, совутиш ускуналари ишлаб чиқарувчи корхоналарга экологик жиҳатдан хавфсиз технологияларни жорий этиш, юртимиз ҳудудига таркибида озонни емирувчи кимёвий моддалар бўлган товарларнинг олиб кирилишига йўл қўймасликка оид ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Экологик марафон доирасида таълим даргоҳлари, маҳаллалар, ишлаб чиқариш корхоналарида турли учрашув ва анжуманлар, экологик ҳашарлар ўтказилди. Пойтахтимизнинг Ҳамза туманидаги 166-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган ана шундай “Очиқ дарс” машғулотларига атроф-муҳит муҳофазаси соҳаси мутахассислари, олимлар, маънавият тарғиботчилари, ота-оналар таклиф этилди.

Икки мингдан зиёд ўқувчи таълим оладиган ушбу масканда мактаб ва унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ҳавонинг мусаффолигини таъминловчи дарахт кўчатларини экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Озон қатламини ҳимоя қилайлик” мавзуидаги иншолар, расм ва плакатлар, ўқитувчилар ўртасида эса “Экологик мавзудаги энг яхши дарс ишланмаси” танлови ўтказилди.

Назокат Усмонова