“Саломатлик” поезди йўлга тушди
Тошкент темир йўл вокзалидан Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларига тиббий хизмат ва ижтимоий-гуманитар ёрдам кўрсатиш мақсадида “Тошкент – Тўрткўл – Мискин – Тошкент” йўналиши бўйлаб “Саломатлик” поезди жўнаб кетди.
Мамлакатимизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг тиббий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундай хайрли ишларга “Соғлом авлод учун” жамғармаси ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Жамғарма томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” давлат аксиядорлик компанияси билан ҳамкорликда анъанавий тарзда амалга оширилаётган “Саломатлик” поезди лойиҳаси юртимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолига, оналар ва болалар, фертил ёшдаги аёллар, шунингдек, ногиронларга тиббий, ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларни турли хасталиклардан ҳимоя қилиш, замонавий диагностика аппаратлари орқали ташхис қўйиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса, ўз навбатида, юртимизда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлоднинг вояга етишига хизмат қилади.
“Саломатлик” поезди бундан аввал Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига ҳам жўнатилган эди. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган поездда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш учун барча шарт-шароит мавжуд. Лойиҳа доирасида жамғарма қошидаги тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси ходимлари аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида учрашувлар ўтказади.
“Саломатлик” поездида аҳолининг тиббий ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига, ногиронларга, боқувчисини йўқотган кўп болали оилаларга, шунингдек, жойлардаги тиббиёт муассасалари, мактаб-интернатлар, мактабгача таълим муассасаларига гуманитар ёрдам бериш режалаштирилган.
Байрам Айтмуродов