Ўзбекистон болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатилаётган энг илғор етакчи ўн мамлакат сафидан жой олди
Ўзбекистон “Save the children” (“Болаларни асрайлик”) халқаро ташкилоти томонидан тузилган жаҳон рейтингида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатилаётган энг илғор етакчи ўн мамлакат қаторига киритилди.
Бу борадаги индекс 10 минг аҳолига хизмат кўрсатаётган тиббиёт ходимлари сони, мамлакатнинг барча ҳудудларида тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ва уларнинг самарадорлик даражаси каби қатор муҳим кўрсаткичларга асосланган. Шунингдек, болаларнинг мунтазам эмлашга қамраб олиниш даражаси, аёлларга туғиш пайтида сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятлари каби омиллар ҳам эътиборга олинган. Мамлакатимиз ушбу барча кўрсаткичлар бўйича рейтингда тўққизинчи ўринни эгаллади ва Германия, Франсия, Буюк Британия, АҚШ сингари дунёнинг кўплаб энг ривожланган давлатларини ҳам ортда қолдирди.
Буларнинг барчаси Ўзбекистонда истиқлолнинг дастлабки кунларидан амалга ошириб келинаётган ва соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш борасида ғамхўрлик кўрсатиш энг муҳим устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган давлат сиёсатининг нечоғлик юксак самаралар бераётганининг яна бир тасдиғидир. Мамлакатимизда болалар соғлом туғилиши ва улғайиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар ўзининг салмоқли натижаларини бермоқда.
– Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида, жумладан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, қатор давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Дилором Аҳмедова. – Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Соғлом она – соғлом бола” дастури умуммиллий ҳаракатга айланди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий-амалий марказлари, перинатал ва скрининг марказлар, туғруқхона мажмуалари, ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари, қарийб 3200 қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилди.
Айрим давлатларда, ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам соғлиқни сақлаш тизими муассасалари асосан шаҳарларда жойлашганлиги туфайли қишлоқ аҳолиси тиббий хизматлардан фойдаланишида қийинчиликларга дуч келади. Шу боис алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг барча туман тиббиёт бирлашмаларидаги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган туғруқхона бўлимларида туғадиган аёллар ва чақалоқларга, энг чекка аҳоли пунктларида яшовчи ҳомиладор аёллар ҳамда болаларга ҳам соғлиқни сақлаш тизимининг барча даражасида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳомиладор аёлларни таркибида саломатлик учун зарур микронутриентлар мавжуд махсус поливитаминлар билан таъминлаш орқали уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган профилактика чора-тадбирлари жаҳоннинг ҳеч бир мамлакатида учрамайди. Давлатимиз томонидан поливитаминларни харид қилиш учун 8 миллиард сўм ажратилди ва бу ҳар йили қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган 400 минг нафар ҳомиладор аёлни соғломлаштириш, оналар саломатлигини мустаҳкамлаш ва болаларнинг туғма нуқсонлар билан туғилишининг олдини олиш имконини бермоқда. Шунингдек, унни зарур микроелементлар билан тўйинтириш, тузни ёдлаш дастурлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бундай хайрли ишлар самарасида ҳамда даволаш ва профилактика хизматларининг ўз вақтида кўрсатилаётгани сабабли аҳоли ўртасида ёд танқислиги ва туғиш ёшидаги аёллар орасида камқонлик касаллиги сезиларли даражада камайди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу йўналишда олиб борилаётган фаолиятни кенгайтириш мақсадида 2009 йил 1 июлда қабул қилинган қарорига мувофиқ, 2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури ҳаётга изчил татбиқ этилаётир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу дастур ижросини таъминлаш доирасида туғиш ёшидаги аёлларни соғломлаштириш, ҳомиладорларга тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасалар ва бирламчи соғлиқни сақлаш бўғинининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро стандартларни амалиётга жорий этиш, тиббиёт ходимларини ўқитиш, оилада тиббий маданиятни шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ўзбекистонда болалар ва ўсмирларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга оммавий жалб этишга қаратилаётган алоҳида эътибор баркамол авлодни тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда фарзандлар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар болаларнинг қарийб 99 фоизини юқумли касалликларга қарши ҳар йили эмлашни ҳам ўз ичига олган. Шу туфайли қатор касалликлар, биринчи навбатда, болаларга юқадиган хасталиклар мамлакатимизда кўп йиллардан буён қайд этилаётгани йўқ.
Жаҳон рейтингини тузувчилар яна бир муҳим омилни эътиборга олган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, оналар ва болаларга зарур даволаш хизматларини кўрсатиш учун ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар тиббиёт ходими тўғри келиши керак. Ўзбекистонда бу кўрсаткич нафақат шаҳарлар, балки қишлоқларда ҳам халқаро стандартларга тўла мос келади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизнинг барча аҳолисига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда.
Бу мазкур комплекс чора-тадбирларнинг амалдаги самараларидир. 1991 йилдан буён мамлакатимизда оналар ва болалар ўлими 3 баравар камайди. ЮНИСЕФ Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш моделини минтақа мамлакатлари учун намуна сифатида эътироф этди. Мамлакатимизнинг “ Save the children” халқаро ташкилоти рейтингида жаҳоннинг ўнта энг етакчи давлати қаторига киритилгани Ўзбекистон болалар саломатлиги, уларнинг келажаги, демак, мамлакат ва халқнинг истиқболи йўлида алоҳида ғамхўрлик кўрсатаётган давлат эканининг яна бир халқаро эътирофи бўлди.