ИСТИҚЛОЛ ЙИЛЛАРИДА ЭРИШГАН ЮТУҚЛАРИМИЗ ФАКТ ВА РАҚАМЛАРДА
Энг улуғ, энг азиз байрам — Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма йиллиги арафасида Давлат статистика қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлиги «Ўзбекистон Республикаси иқтисодий-ижтимоий тараққиётининг мустақиллик йилларидаги (1990 — 2010 йиллар) асосий тенденция ва кўрсаткичлари ҳамда 2011 — 2015 йилларга мўлжалланган прогнозлари» статистик тўпламини нашрдан чиқарди.
Мазкур тўпламда мустақиллик йилларида бозор иқтисодиёти ислоҳотларини амалга ошириш ва Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш натижалари атрофлича таҳлил қилиниб, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, иқтисодиётни диверсификациялаш ва модернизация қилиш борасидаги энг муҳим ютуқлар ўз ифодасини топган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов китобхонларга мурожаатида, шу йиллар давомида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга боқиб, Ўзбекистонни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантириш бўйича эришилган марралар ва натижаларни холисона баҳолаш, мамлакатимиз мустақилликнинг дастлабки кунларида қандай аҳволда бўлгани, иқтисодиётимиз ривожи ва халқимизнинг турмуш даражаси қандай суръатлар билан ошиб борганига танқидий назар ташлаш зарурлигини таъкидлайди.
Истиқлол йилларида Ўзбекистонни иқтисодий ривожлантириш суръатлари — иқтисодиётнинг мафкурадан холилиги ва сиёсатдан устунлиги, давлатнинг бош ислоҳотчи вазифасини ўз зиммасига олиши, қонун устуворлигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил амалга оширишдан иборат беш машҳур тамойилга асосланган марказлаштирилган-режали бозор иқтисодиётидан ижтимоий йўналтирилган эркин бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича «ўзбек модели»нинг нечоғли самарадорлиги, тўғрилиги ва ҳаётийлигини яққол намоён этди.
Тўпламда аниқ кўрсаткич ва фактлар воситасида йигирма йиллик мустақил ривожланиш даврида қанча қийинчиликлар, муаммолар, таҳдид ва синовларни енгиб ўтишга тўғри келганига қарамай, Ўзбекистонда иқтисодиётда изчил ўсиш суръатлари ва таркибий ўзгаришларни таъминлаш, мамлакатнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли ҳаёт сифати ва даражасини ошириш бўйича кенг кўламли ва бири-бири билан ўзаро боғлиқ туб ўзгаришлар ҳаётга изчил татбиқ этилгани аниқ мисоллар асосида кўрсатиб берилган. Бу ўринда йигирма йил мобайнида республика ялпи ички маҳсулоти харид қилиш қобилияти бўйича 3,4 баробар, яъни 27,1 миллиард доллардан 92,3 миллиард долларга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми эса 3 баробар ошганини айтиб ўтиш кифоя.
Тўпламда республикамизнинг етакчи тармоқлари ва умуман иқтисодиётини ривожлантириш тенденциялари, унинг таркиби ва бошқарув тизимидаги сифат ўзгаришлари таҳлилига алоҳида эътибор қаратилган. Мустақиллик йилларида тизимли таркибий туб ўзгаришларнинг изчил амалга оширилиши натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти бир ёқлама, асосан, хом ашё етказиб бериш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига йўналтирилган мамлакатдан иқтисодиётнинг замонавий индустриал сектори, юқори технологияли тармоқлар ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш алоҳида ўрин тутадиган, диверсификациялашган ишлаб чиқариш тузилмасига эга давлатга айланди.
Шу давр мобайнида ялпи ички маҳсулот таркибида саноат улуши 17 фоиздан 24 фоизга, хизматлар улуши 34 фоиздан 49 фоизга ошди. Автомобилсозлик, нефть-газ-кимё, фармацевтика, замонавий озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби янги иқтисодиёт тармоқлари ташкил қилинди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши таркибида чуқур ислоҳотларнинг амалга оширилиши, ердан фойдаланишнинг ижара шаклига асосланган бозор муносабатларига ўтиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг замонавий инфратузилмасини ташкил этиш ғалла мустақиллигига эришиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши умумий ҳажмини 1,8 баробар ошириш имконини берди. Натижада истиқлол йилларида барқарор пахта етиштиришни таъминлаш билан бир вақтда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши таркибида пахтанинг улуши 47,7 фоиздан 11,1 фоизга камайди, ғалла етиштириш ҳажми 3,7, гўшт етиштириш 1,9 баробар ўсди.
Тўпламда истиқлол йилларида Ўзбекистонда мутлақо янги банк-молия тизими яратилгани акс эттирилган. Солиқ юкини изчил камайтириш, эркин тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга қаратилган солиқ сиёсатининг амалга оширилиши 2005 йилдан бошлаб дефицитсиз давлат бюджетини шакллантиришни таъминлаш билан бирга, иқтисодиётни барқарор ва жадал ривожлантириш, хўжалик субъектлари даромадини ошириш ҳамда уларнинг инвестиция жараёнида фаол иштирок этишини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Шу йиллар мобайнида кўплаб солиқ ставкалари
1,5-2 баробарга камайтирилди, давлат бюджети таркибида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун сарфланадиган харажатлар улуши мустақиллик йилларида 31,5 фоиздан 59 фоизгача кўпайди.
Тўпламда мамлакатимиз банк тизимини ривожлантириш бўйича келтирилган кўрсаткичлар йигирма йил ичида кенг тармоқли тижорат банклари ташкил этилгани, уларнинг капитали ва ресурс базаси узлуксиз кўпайиб бораётгани, инвестиция фаолиятида банк тизимининг иштироки кенгаяётгани, аҳолининг банкларга бўлган ишончи ортаётгани натижасида банкларда депозитлар ўсаётганидан ёрқин далолат беради. Айни пайтда барча кредитларнинг 75 фоиздан ортиғини янги ишлаб чиқаришларни барпо этиш, фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилиш ва технологик янгилашга йўналтирилган узоқ муддатли инвестиция кредитлари ташкил қилади. Ўзбекистон банкларига етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан берилган барқарорлик рейтинглари уларнинг юқори даражада молиявий мустаҳкамлигини тасдиқлайди.
Қулай инвестиция муҳитини яратиш ва фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш мамлакатимизни иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим омилига айланди. Бу эса, ўз навбатида, истиқлол йилларида ҳар йили ўзлаштирилаётган капитал қўйилмалар ҳажмини 11,6 баробар ошириш, молиялаш манбалари ва фойдаланиш йўналишлари бўйича уларнинг таркибини сифат жиҳатидан ўзгартириш имконини берди. 1990 йилда барча инвестицияларнинг 46,3 фоизини давлат бюджети маблағлари ташкил этган бўлса, 2010 йилда жами капитал қўйилмаларнинг 57,9 фоизини марказлаштирилмаган манбалар, 29,1 фоизини эса хорижий инвестициялар таъминлади. Бундан ташқари, шу давр мобайнида ишлаб чиқаришга йўналтирилган инвестициялар 58,3 фоиздан 73,5 фоизгача кўпайди. Мустақиллик йилларида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Асака ва Самарқанд шаҳарларидаги автомобиль заводлари каби йирик саноат объектлари, автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарадиган хорижий инвестициялар иштирокидаги йигирмадан ортиқ корхона, ўнлаб замонавий тўқимачилик комплекслари ва кўплаб бошқа корхоналар фойдаланишга топширилди.
Тўпламга киритилган материалларда истиқлол йилларида республикамиз жаҳон хўжалик алоқалари тизимига босқичма-босқич интеграциялашиб боргани акс этган. Шуни унутмаслик керакки, сўнгги йигирма йил ичида жаҳон иқтисодиёти қатор таназзуллар, жумладан, 1997 — 1998 йиллардаги жаҳон молиявий инқирози, фонд ва товар бозорларидаги кўплаб кескин пасайишлар, шунингдек, 2008 йилда бошланган ва айни пайтгача давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозини бошдан кечирди. Бироқ ушбу мураккаб шароитларда ҳам бизнинг ёш иқтисодиётимиз ташқи таъсирларга нисбатан ўзининг мустаҳкамлиги ва барқарорлигини намойиш қилди, Инқирозга қарши чоралар дастурининг ўз вақтида ва аниқ мақсадга йўналтирилган тарзда амалга оширилиши ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ҳамда экспортчи корхоналар рақобатбардошлигини ошириш учун янги имкониятлар яратди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз ташқи савдо айланмаси 27,1, шу жумладан, экспорт ҳажми 29,6 баробар ошди, шу давр ичида ташқи савдо айланмаси ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 6 фоиздан 56,1 фоизгача ўсди. Ўзбекистон, асосан, хом ашё етказиб бериб, тайёр маҳсулот олиб келинадиган мамлакатдан ишлаб чиқаришларни техник ва технологик модернизация қилиш учун мўлжалланган юқори технологик асбоб-ускуналарни четдан олиб келиб, экспортга юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар чиқарадиган давлатга айланди.
Тўпламда келтирилган мустақиллик йилларида республикани иқтисодий ривожлантириш суръатларининг таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан истиқлолнинг дастлабки йилларида илгари сурилган ва бозор иқтисодиётининг асоси ҳисобланган хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлаб берган хусусий мулк тузилмасидаги туб ўзгаришлар мамлакат иқтисодий салоҳиятини очиб бериш, аҳоли кенг қатламларининг иқтисодий фаоллигини оширишда муҳим омил бўлди. Кенг кўламли хусусийлаштириш жараёнининг амалга оширилиши натижасида иқтисодиётнинг нодавлат сектори ялпи ички маҳсулотни ишлаб чиқаришда, иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин эгаллади. Ялпи ички маҳсулотнинг 52,5 фоизини ишлаб чиқараётган ва жадал ривожланиб бораётган кичик бизнес ҳақли равишда мамлакатимиз иқтисодиётини жадал ривожлантиришда етакчи роль ўйнамоқда.
Тўпламда келтирилган статистик кўрсаткичлар, рақам ва фактлар таҳлили ижтимоий соҳа, аҳолининг ўртача умр кўриши ва турмуш даражасидаги ижобий ўзгаришлар истиқлол йилларида мамлакатимизни тубдан ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича ҳар томонлама пухта ҳамда чуқур ўйланган дастурни амалга ошириш самаралари эканини ифодалайди.
Мустақиллик йилларида кучли ижтимоий сиёсат юритиш, соғлиқни сақлаш тизимини комплекс ислоҳ қилиш ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида аҳолининг ўртача умр кўриши 67,2 ёшдан 73,1 ёшга узайди, оналар ва чақалоқлар ўлимининг барқарор равишда уч баравардан ортиқ камайишига эришилди.
Шу даврда аҳоли жон бошига реал пул даромадларини, аввало, хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар эвазига 3,7 баробар ошириш таъминланди. Айни пайтда хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар аҳоли умумий даромадининг 47 фоизини ташкил этмоқда. Даромадларнинг ошиши билан бир қаторда, аҳолининг истеъмол харажатлари таркибида ҳам сифат ўзгаришлари рўй берди, жон бошига ўртача гўшт, сут, сабзавотлар, картошка, мевалар каби муҳим озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш кўпайди. Сифатли ноозиқ-овқат товарларидан фойдаланиш, айниқса, мураккаб маиший техника, компьютерлар, автомобиллар, шунингдек, турли хизматлар билан таъминланганлик даражаси ҳам ўсди. Бунга ўтган йиллар давомида кенг турдаги истеъмол товарларини ўзимизда ишлаб чиқариш ва маиший хизматларни ташкил этиш, яъни уларни тегишли равишда 4,7 ва 8,3 баробарга ошириш ҳисобига эришилди.
Мустақиллик йилларида таълим тизимини тубдан модернизация қилиш имконини берган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ҳаётга татбиқ этиш мамлакатимизни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишига айланди. 12 йиллик мажбурий таълимга ўтиш, 1,5 мингдан ортиқ касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни барпо этиш иқтисодиёт тармоқлари учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича юқори малакали кадрлар тайёрланишини таъминламоқда.
Тўпламда истиқлол йилларида қўлга киритилган якунлар ва натижалар таҳлили билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган мамлакатимизни янада ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифалардан келиб чиққан ҳолда, 2011 — 2015 йилларда республика иқтисодиётини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳамда прогноз кўрсаткичлари ҳам батафсил баён этилгани муҳим аҳамиятга эгадир.
Иқтисодиётимизни жадал ва мувозанатли ривожлантиришни таъминлаш, чуқур таркибий туб ўзгаришларни, иқтисодиёт етакчи тармоқларини модернизация ҳамда диверсификация қилишни давом эттириш, бизнес юритиш учун янада қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, юқори қўшимча қийматга эга юксак технологик, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни, авваламбор, мамлакатимиздаги мавжуд табиий ресурсларни чуқур қайта ишлаш ҳамда иқтисодиётимизнинг рақобат борасидаги бошқа устунликларидан фойдаланиш асосида экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш Ўзбекистонни замонавий тараққий эттиришнинг стратегик устувор йўналишлари ҳисобланади.
2011 — 2015 йилларда жами инвестиция ҳажми 77,4 миллиард доллар бўлган саноат, инфратузилма, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантириш бўйича қабул қилинган тўртта бири-бири билан ўзаро боғлиқ стратегик дастурнинг амалга оширилиши, банк-молия тизимини ислоҳ қилиш мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади ва ялпи ички маҳсулотни 1,5 баробар кўпайтиришни таъминлайди.
Иқтисодиётда таркибий туб ўзгаришларни фаол давом эттириш яқин йилларда ялпи ички маҳсулот таркибида саноат улушини, биринчи навбатда, энергетика, нефть-газ-кимё, кимё, тўқимачилик ва енгил саноат, рангли металлургия, машинасозлик ва автомобилсозлик, фармацевтика, замонавий қурилиш ҳамда пардозлаш материаллари ишлаб чиқариш каби устувор тармоқларни ривожлантириш ҳисобига 24 фоиздан 28 фоизга ошириш имконини беради. Бундан ташқари, келгуси йилларда ижтимоий соҳа ва хизмат кўрсатиш сектори янада равнақ топади, инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиб, тураржой объектлари, шу жумладан, қишлоқ жойларда фойдаланишга топширилади.
Тўпламда қайд этилганидек, кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш, мавжуд ресурслар ва имкониятларни жалб этиш, ислоҳотларни эркинлаштириш ва чуқурлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни изчиллик билан амалга ошириш, аҳоли ҳаёт сифати ва жами даромадини босқичма-босқич кўпайтириб бориш пировард натижада ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадимизга эришиш — иқтисодий жиҳатдан ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш ҳамда жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш имконини беради.
Мамлакатимизнинг етакчи иқтисодчилари, илмий тадқиқот институтлари иштирокида тайёрланган ушбу тўплам, биринчи навбатда, ёшларда, яъни касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабаларида катта қизиқиш уйғотиши, кенг доирадаги мутахассислар, олимлар, ўқитувчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари учун фойдали қўлланма бўлиши, шубҳасиз.
(ЎзА).