ФИДОЙИЛАР ХОТИРАСИГА ЭҲТИРОМ
Шонли йигирма йиллигини нишонлаётганимиз Мустақилликнинг ҳар бир йили, ҳар бир куни халқимиз учун нақадар азиз ва мўътабар экани бугун шу муқаддас Ватанда яшаётган ҳар бир инсон ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан эл-юртимиз озодлиги йўлида қурбон бўлганларнинг номлари тикланди, хотираси абадийлаштирилди. Пойтахтимизда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи бунёд этилгани, 31 август юртимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланиши халқимизнинг ана шундай асл фарзандлари хотирасига кўрсатилаётган чуқур эҳтиром ифодасидир.
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида “Шаҳидлар хотираси” хиёбони зиёратчилар билан янада гавжумлашади. Бу ерга ташриф буюрган киши тарихий хотира туйғусини, эзгулик ва адолатнинг боқийлигини, ҳуррият ва озодлик неъматининг қадрини янада чуқур ҳис этади. Бугунги тинч ва осойишта кунларга, инсон қадр-қиммати улуғланадиган буюк ва муқаддас юртда яшаётганига шукроналар келтиради. Ватандошларимиз хотирасини ёдга олиш руҳимизни поклайди, ўтмишдан сабоқ чиқариб, бугунги ёруғ кунларимизнинг қадрига етиб яшашга, мустақиллигимизни мустаҳкамлашдек шарафли масъулиятни англашга ундайди.
31 август. Тонг. “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида халқимиз озодлиги ва мустақиллиги йўлида қурбон бўлганларни ёд этиш маросими ўтказилди. Анъанага кўра ош тортилди. Қуръон тиловат қилиниб, қатағон қурбонлари руҳига ҳурмат бажо келтирилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди.
Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Бунинг нақадар асосли ва теран маъно-мазмунга эга экани Ватанимиз истиқлолининг йигирма йиллиги нишонланаётган шу кунларда яна бир бор ўз ифодасини топмоқда.
Биз мустақиллик, тинчлик-осойишталик каби неъматларнинг нақадар улуғ ва қадрли эканини, аввало, ана шу йўлда курашган, керак бўлса, жонини фидо қилган инсонлар тимсолида, уларнинг мураккаб ҳаёт йўлида кўрамиз, деди Президентимиз Ислом Каримов. Маълумки, мустабид тузумдаги мудҳиш қатағонлар, аввало, миллатимизнинг энг сара фарзандлари — зиёлилар, маънавият, маърифат вакиллари бўлган минглаб инсонларнинг умрига зомин бўлди. Уларнинг қадр-қиммати топталди, ҳаёти поймол этилди.
Мамлакатимиз ўзининг мустақил тараққиёт йўлидан борар экан, тарихий адолат қарор топди. Халқимизнинг миллий ва маънавий дунёсини юксалтириш ана шу тарихий ҳақиқат, аждодларимизнинг кўрсатган жасорати ва матонати, фидойилиги тимсолида амалга оширилаётгани алоҳида аҳамият касб этади. Бу бугунги фаровон ҳаётимиз, хотиржам ўтказаётган кунларимиз, юртимиздаги тотувлик ва бирдамликни асраб-авайлаш, қадрига етишда фарзандларимиз учун катта ибрат мактабидир.
Ёшлар ўз юртини севиши учун, аввало, ота-боболарининг жасоратини, ҳозирги ёруғ кунларга қандай машаққат ва қийинчиликлар эвазига эришилганини теран англаши, шунга муносиб бўлиши лозим, деди Президентимиз.
Биз истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш, халқимиз асрлар давомида орзиқиб кутган озод, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Йигирма йиллик тараққиёт йўлимизга назар солсак, олдимизга қўйган ана шу олий мақсадларга эришиш, том маънода буюк давлат барпо этиш йўлида қандай улкан қадамлар қўйилганини кўриш, сезиш қийин эмас.
“Тошкент — Самарқанд” йўналиши бўйича қатнай бошлаган тезюрар поезд истиқлолимизнинг йигирма йиллиги нишонланаётган кунларда халқимизга муносиб туҳфа бўлди. Бир пайтлар бундай замонавий, соатига 250 километр тезликда ҳаракатланадиган поездларнинг заминимизда юриши, ундан халқимиз фойдаланишини кўпчилик тасаввурига ҳам сиғдиролмасди.
Тарихан қисқа даврда биз ана шундай бетимсол ютуқларга эришмоқдамиз, деди давлатимиз раҳбари. Бугун бундай поезд дунёнинг бор-йўғи саккизтагина давлатида бор. Истиқлол туфайли Ўзбекистон ҳам ана шундай жуда камсонли илғор мамлакатлар сафидан жой олди. Бу нафақат темир йўлчиларимизнинг, балки бутун халқимизнинг ютуғидир.
Куни кеча ишга туширилган автомобиль двигателлари ишлаб чиқарадиган “General Motors Powertrain Uzbekistan” қўшма корхонасини олайлик. Бу улкан ва замонавий заводда ўзимизнинг ёшларимиз меҳнат қиляпти. Улар энг замонавий технологияларни бошқармоқда. Бу корхонадан чиққан маҳсулотлар дунёнинг ўнлаб давлатларига экспорт қилинади. Бундан фахрланмай, ғурурланмай бўладими, деди Президентимиз.
Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб мана шундай мураккаб технологияли ишлаб чиқариш корхонасини бунёд этди. Бир пайтлар Ўзбекистоннинг автомобиль ишлаб чиқара олишига ишончсизлик билан қараганларнинг истеҳзоси асоссиз эканини ҳаёт исботлади. Булар халқимиз улкан бунёдкорлик салоҳиятининг самараларидир.
Қўлга киритаётган ютуқларимиз кўпайгани сари халқимизнинг фаровонлиги, турмуш маданияти ва салоҳияти ҳам юксалиб бораверади. Юксак маданият ва салоҳиятга эга халқ эса янги-янги марраларни қўлга киритаверади, деб таъкидлади Ислом Каримов. Ўтган йигирма йил мобайнида халқимизнинг онгу тафаккури бутунлай ўзгарди. Бугун халқимиз замонавий, юксак даражадаги шарт-шароитда ҳаёт кечиришга ўрганди. Буларнинг барчаси истиқлол йилларида олдимизга қўйган, биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз, кам эмасмиз, кам бўлмаймиз ҳам, деган ҳаётий мақсаднинг амалдаги ифодасидир.
Мустақил Ўзбекистонимизни дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари қаторига олиб чиқиш, халқимиз учун бундан ҳам юксак даражадаги шарт-шароитларни яратиш бизнинг эзгу мақсадимиздир, деди Президентимиз. Ўзини шу муқаддас Ватаннинг келажаги учун дахлдор деб биладиган ҳар бир инсон буни нафақат яхши англайди, балки шунга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Муқаддас айёмларнинг қўшалоқ келиши ҳам юртимизга ёғилаётган хайр-барака, эртанги кунга бўлган ишонч ифодасидир.
Шу куни Президентимиз Ислом Каримов Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди.
Давлатимиз раҳбари бу ерда амалга оширилган ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Юртимизнинг бош майдони ва унга туташ бўлган Анҳор бўйи сўнгги йилларда ғоят кўркам ва сўлим масканга айланди. Серсоя дарахтлар, турфа гуллар, оқаётган зилол сув — бу бетакрор манзара майдонга ўзгача гўзаллик ва осудалик бағишлаган.
Сўлим майдон ҳамиша юртдошларимиз, пойтахтимиз меҳмонлари билан гавжум. Нуронийлар, навқирон йигит-қизларнинг юз-кўзида қувонч, шоду хуррамлик ифодаси зуҳур этган.
Пойтахтимиз ва юртимизнинг барча жойларида яратилаётган мана шундай гўзал ва хушманзара масканлар, аввало, юртимиз тинчлиги ва осойишталигининг ўзига хос кўркидир, деди Ислом Каримов. Бундай масканлар инсонни эзгуликка ундайди. Гўзаллик эса яхшилик, эзгулик туйғусини яратади, одамлар қалбида меҳр-оқибат, ўзаро ҳамкорлик ришталарини ривожлантиради. Шунинг учун бундай хушманзара жойларни юртимизнинг барча ҳудудларида янада кўпайтириш даркор.
Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган гап бор. Шу боис фарзандларимиз тарбиясида бундай сўлим масканларнинг ўрни беқиёс. Чунки инсон психологияси шундай: нимани кўрса, онги, тафаккури ҳам шунга қараб бораверади. Бунинг аҳамиятини, теран мазмунини халқимизга янада чуқурроқ етказиш зарур, деди Юртбошимиз пировардида.
Президентимиз майдон атрофини ободонлаштириш, ландшафт-дизайнини янада такомиллаштириш юзасидан зарур тавсиялар берди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар ва жамоатчилик номидан ҳам монумент пойига гулчамбарлар қўйилди.