САМИМИЙ ҚУТЛОВЛАР
Америка Қўшма Штатлари Президенти Барак Обама, Россия Федерацияси Президенти Дмитрий Медведев, Германия Федератив Республикаси Президенти Кристиан Вульф ва Корея Республикаси Президенти Ли Мён Бак йўллаган табрикномаларда шундай дейилади:
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ислом Каримов Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!
Мамлакатингиз мустақил ва суверен давлат сифатида ўзининг 20 йиллик байрамини нишонлаётган шу кунларда мен Америка Қўшма Штатлари халқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига самимий қутловларимни йўллашдан бахтиёрман. Америка Қўшма Штатлари 1991 йил 25 декабрда Ўзбекистоннинг мустақиллигини тан олиб, 1992 йилнинг март ойида Тошкентда ўз элчихонасини очган эди.
Ўша пайтдан буён биз ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган мустаҳкам шериклик муносабатларини ўрнатиш борасида ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан тинч-осойишта, гуллаб-яшнаётган ва демократик жамиятни ривожлантириш борасида ишончли ҳамкор бўлиб қолаверади.
Шу боис биз иқтисодий алоқаларимизни кенгайтириш, экология муаммоларини ҳал этиш, терроризм ва экстремизмнинг умумий таҳдидларидан ҳимояланиш, шунингдек, халқларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорлигимизни давом эттириш имкониятини қадрлаймиз.
Биз Ўзбекистон ўз тарихидаги мазкур муҳим санани нишонлаётган бир пайтда, мен халқларимиз ўртасида яна ҳам яқин ўзаро алоқалар ривожланиб бораверишини қизғин қўллаб-қувватлайман. Ҳамкорлигимиз келгусидаги кўплаб ўн йилликлар мобайнида ҳам юксалиб бораверишига умид қиламан, ушбу тарихий сана муносабати билан ғоят қизғин тилакларимни лутфан қабул қилгайсиз.
Самимий эҳтиром ила,
Барак ОБАМА,
Америка Қўшма Штатлари Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ислом Каримов Жаноби Олийларига
Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич!
Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами — Мустақиллик куни муносабати билан самимий қутловларимни қабул қилгайсиз.
Мамлакатингиз давлат мустақиллигининг 20 йиллик даврида иқтисодий, социал ва ижтимоий-сиёсий, таълим, илм-фан ва маданият соҳаларида катта йўлни босиб ўтди.
Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари муттасил кенгайиб бормоқда. Мунтазам сиёсий алоқалар, ўзаро ишончга асосланган олий даражадаги мулоқотлар, жаҳонда рўй бераётган глобал жараёнларга нисбатан умумий нуқтаи назаримиз долзарб масалаларни мамлакатларимиз манфаатлари асосида ижобий ҳал қилиш имконини бермоқда.
Ишончим комилки, мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама, шунингдек, минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро яқин ҳамкорлик халқларимиз манфаатлари, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликка эришиш йўлида бундан буён ҳам мустаҳкамланиб бораверади.
Энг эзгу тилаклар ила,
Дмитрий МЕДВЕДЕВ,
Россия Федерацияси Президенти
Ўзбекистон Республикаси
Президенти
Ислом Каримов
Жаноби Олийларига
Президент Жаноби Олийлари!
Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик куни муносабати билан Сизга ва Ўзбекистон халқига шахсан ўз номимдан ҳамда барча ватандошларим номидан ғоят самимий қутловларимни йўллайман.
Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан буён ўтган 20 йил мобайнида мамлакатларимиз ўртасида кўп томонлама муносабатлар мустаҳкам қарор топди ва биз бу муносабатларни бундан буён ҳам ривожлантиришдан манфаатдормиз. Ўтган давр мобайнида Германия Ўзбекистон Республикасини, энг аввало, замонавий давлат тузилиши ҳамда демократик ва бозор тузилмаларини шакллантиришда қўллаб-қувватлаб келди. Мустақилликнинг 20 йиллиги жуда муҳим даврдир. Германия Ўзбекистоннинг ислоҳотлар ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатларида бундан буён ҳам унинг ишончли шериги бўлиб қолади. Хусусан, парламентларимиз ўртасидаги мулоқотларни ва ҳуқуқий давлатни шакллантириш масалалари юзасидан ҳамкорликни янада фаоллаштиришни истардик.
Мамлакатларимиз хавфсизликни таъминлашга оид ҳамкорлик доирасида Афғонистондаги барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳам муҳим ҳисса қўшмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, Термиз аэропортидан фойдаланиш имкониятини бериш йўли билан Германия Қуролли Кучларининг АЙСАФ доирасидаги миссиясини амалга оширишида кўрсатаётган ёрдамингиз учун Сизга ўз миннатдорлигимни изҳор этаман.
Сизга ва оилангизга омонлик ва соғлиқ, Ўзбекистон халқига эса тинчлик, эркинлик, хавфсизлик ва фаровонлик тилайман.
Эҳтиром ила,
Кристиан ВУЛЬФ,
Германия Федератив Республикаси Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси
Президенти
Ислом Каримов
Жаноби Олийларига
Жаноби Олийлари!
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан Сизга корейс халқи номидан энг самимий қутловларимни йўллаш менга ғоят катта мамнуният бағишлайди.
Ушбу имкониятдан фойдаланиб, икки томонлама муносабатларимиз жадал ривожланиб бораётганидан мамнуният изҳор этаман ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик янада чуқурлашиб боришини тилаб қоламан.
Ишончим комилки, Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси халқлари ўртасидаги муштарак манфаатларга, ўзаро ҳурмат ва дўстликка асосланган ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам мустаҳкамланиб бораверади.
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган ғоят юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.
Ли Мён БАК,
Корея Республикаси Президенти
* * *
Қуйидагилар ҳам ўз табрикномаларини йўллаган:
Япония Императори АКИХИТО
Буюк Британия Қироличаси ЕЛИЗАВЕТА II
Рим-католик черкови раҳбари
Папа БЕНЕДИКТ XVI
Малайзия Қироли Туанку Мизан Зайнал Абидин ибни ал-Мархум Султон Маҳмуд АЛ-МУКТАФИ БИЛЛАН ШОҲ
Эрон Ислом Республикаси Президенти
Маҳмуд АҲМАДИНЕЖОД
Жазоир Халқ Демократик Республикаси Президенти
Абдулазиз БУТЕФЛИКА
Бангладеш Халқ Республикаси Президенти
Зиллур РАҲМОН
Шри Ланка Демократик Социалистик Республикаси Президенти
Маҳинда РАЖАПАКСА
Энергетика Хартияси Бош котиби
Андрэ МЕРНЬЕ
Ислом тараққиёт банки президенти
Аҳмад МУҲАММАД АЛИ
Корея савдо-саноат палатаси раиси
Сон Кюнг ШИК
Москва ва Бутун Русь Патриархи КИРИЛЛ
Франция Сенатидаги “Франция — Марказий Осиё” дўстлик гуруҳи раиси,
Де Севр минтақаси сенатори Андре ДЮЛЕ
Франция миллий ассамблеясидаги “Франция — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси, Буш-дю-Рон минтақаси депутати, Марсель шаҳри мэрининг биринчи ўринбосари
Ролан БЛЮМ
Сорбонна университети профессори, Франция денгизорти ҳудудлари академиясининг аъзоси, “Ўзбекистон геосиёсати” китобининг муаллифи Жак БАРРА
Ўзбекистон — Британия савдо ва саноат кенгашининг ҳамраиси, Британия — Ўзбекистон Жамияти раиси
Доктор Хартли БУТ
Қутловлар келиши давом этмоқда.