БУЮК ВА МУҚАДДАС ВАТАННИНГ УЛУF БАЙРАМИ
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг
20 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди.
“Мустақиллик”, “Озодлик”, “Ҳуррият”. Бу муқаддас каломлар дунёдаги барча халқлар тилидаги энг тотли, энг улуғ, энг азиз, энг ардоқли, энг ҳузурбахш сўзлардир. Чунки ҳар қандай халқ учун қарамликда, бўйнида бўйинтуруқ, оёғида кишан билан яшаш қанчалик катта фожиа — бахтсизлик бўлса, ўз юртига ўзи эгалик қилиб, озод ва эркин яшаш шу қадар буюк бахт — олий саодатдир.
Бундан йигирма йил илгари халқимиз ана шундай буюк бахтга мушарраф бўлди — Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ватанимиз мустақиллигини эълон қилди. Олам аҳли буюк аждодлари башарият цивилизациясига, илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган, бой тарих ва маданий меросга, улкан иқтисодий ва маънавий салоҳиятга эга мамлакат ва халқ борлигидан ҳамда дунё харитасида янги мустақил давлат — Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлганига гувоҳ бўлди.
Истиқлолимизнинг ҳар бир йили озод Ватанимиз солномасида том маънода ёрқин саҳифа бўлиб, халқимизнинг фидокорона меҳнати, улкан бунёдкорлик салоҳиятининг амалий намоёни, эркин ва фаровон ҳаётимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли сифатида катта тантана билан байрам қилиб келинмоқда.
Шу кунларда халқимиз ана шу буюк тарихий сана — азиз неъмат — ўз мустақиллигининг 20 йиллигини кенг нишонламоқда. Ушбу қутлуғ байрам мамлакатимиз бўйлаб “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан!” деган эзгу шиор остида тантана қилинаётир. Бу қалбларимизга чексиз фахру ифтихор, ғурур бахш этади.
Мана шу шукуҳли дамларда ҳар биримиз мустақилликнинг буюк моҳияти ва аҳамиятини, истиқлолнинг юртдошларимиз ҳаётида тутган ўрнини, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда, онгу шууримиздаги оламшумул ўзгаришларнинг асоси бўлганини янада теранроқ англаймиз.
2011 йил, 31 август. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи янада гўзаллик, ўзгача тароват касб этган.
Бу ерга Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, фан ва маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий давлатлар элчихоналари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари ташриф буюрган.
Соат 19.00. Байрам тантанасида ҳозир бўлганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовни қарсаклар билан кутиб оладилар.
Чорлов мусиқаси байрам шодиёнаси бошланаётганидан дарак беради.
Президент Ислом Каримов минбарга таклиф этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов мустақиллигимизнинг йигирма йиллиги билан бутун халқимизни муборакбод этади.
Бундан роппа-роса йигирма йил олдин — 1991 йил 31 август куни Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини эълон қилган Президент Ислом Каримов бугун — 2011 йил 31 август куни халқимизни истиқлолга эришганимизнинг 20 йиллиги билан қутламоқда.
Нақадар ҳаяжонли, завқли, тарихий лаҳзалар. Юраклар қувончу ҳаяжондан, ғуруру шодликдан ҳаприқади. Шундай тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлишдан, наинки гувоҳи, иштирокчиси бўлишдан кўра олий бахт, юксак саодат борми инсон учун!
Саҳна четига ўрнатилган замонавий тасвир техникаси барчанинг нигоҳини ўзига жалб қилади. Экран орқали ноёб тарихий лавҳалар — Ислом Каримов 1991 йил
31 августда мамлакатимизни мустақил деб эълон қилиши билан боғлиқ тасвирлар намойиш этилади:
“...Мен шу бугундан эътиборан биринчи сентябрни жумҳуриятимизда мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилишни таклиф этаман...”.
Халқимиз орзу қилган бу тарихий сўзлар, бу лаҳзалар асрлар давомида ғурур ила ёдга олинажак, бугунги ва келгуси авлодлар қалбидан сира ўчмагай.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди. Байрам иштирокчилари озодлик қўшиғига жўр бўлади, минг-минглаб юраклардан отилиб чиқаётган садолар бутун дунёга таралаётгандек. Аслида ҳам шундай. Миллий байрамимиз тантаналарини элликдан ортиқ мамлакат сунъий йўлдош ёрдамида бевосита телевизорда томоша қилиш имконига эга бўлди, интернет тармоғи орқали ўзбекнинг бош тўйи дунёнинг барча гўшаларида акс садо берди.
Мадҳиямиз садолари остида муаззам майдоннинг икки томонида ёрқин рақамлар билан “1991 йил” ва “20 йил” саналари, “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат” деган ёзув битилган зарҳал паннолар намоён бўлади.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг Президентимиз Ислом Каримов қатъий ишонч билан “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат” деган ғояни илгари сурди. Бу шунчаки орзу эмас, халқимизнинг буюк тарихи, беқиёс имкониятларига ҳар томонлама муносиб, реал мақсад эканини таъкидлаб, унинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маънавий асосларини чуқур исботлаб берди.
Ўтган давр мобайнида амалга оширилган кенг кўламли ишлар, эришилган беқиёс натижалар халқимиз ҳақиқатан ҳам ана шундай буюк келажакни ўз кучи билан барпо этишга қодир эканини тасдиқламоқда.
...Чироқлар байрам аҳли эътиборини паннолардан улкан экранлар томон тортади. Экранларда мустақил Ватанимиз Мадҳияси, Байроғи, Герби, Конституцияси қабул қилиниши, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси пештоқида юртимиз байроғининг ҳилпираб туриши, Президентимизнинг БМТ минбаридан нутқ сўзлаётгани ва халқаро доиралардаги учрашувларидан лавҳалар, истиқлол йилларида юртимизда бунёд этилган улуғвор иншоотлар, замонавий қиёфа касб этаётган шаҳар ва қишлоқларимиз, турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг қайноқ иш жараёнлари ва мамлакатимиз ёшларининг турли соҳаларда эришаётган ютуқларини акс эттирувчи видеотасвирлар намойиш этилади...
Қалбларимиздаги эзгу ҳиссиётларга ҳамоҳанг бу ҳаяжонли тасвирлар мустақиллик солномасини варақлагандек, кўз ўнгимизда йигирма йиллик тарих ўтгандек бўлади.
Мустақиллигимиз пойдевори 1989 йилда, Ислом Каримов мамлакатимизга раҳбар этиб сайлангач, таҳқиру ситамларга дучор бўлган, боши узра қора булутлар қуюқлашган халқимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг қаддини тиклашга мардона киришган пайтдан бошлаб қўйилган эди.
Мустақиллик арафасида иқтисодиёти ҳар томонлама марказга қарам бўлган, асосан, арзон хом ашё етиштириб берувчи Ўзбекистонда аҳвол оғир эди. Экин майдонларининг асосий қисмини пахта эгаллаган. Бор-йўғи 8-10 фоиз майдонда буғдой, 0,8 фоизида картошка етиштириларди. Халқнинг оғир меҳнати эвазига етиштирилган пахта арзон-гаровга марказга ташиб кетилган. Ҳамма ёқни ғўза майдонлари “эгаллаб олгани” туфайли, мева ва сабзавот етиштириш камайиб, бори ҳам вагонларда шимолий ўлкаларга жўнатилган.
Ислом Каримов ташаббуси ва қатъияти билан 1989 йил август ойида шахсий томорқа хўжаликлари ва уй-жой қурилишини ривожлантириш тўғрисида махсус қарор қабул қилинди. 1989 — 1990 йилларда 1,5 миллиондан зиёд оиланинг томорқа участкалари кенгайтирилди,
700 минг янги оила томорқали бўлди.
Томорқа хўжаликлари майдонининг ўсиши, унга бўлган эътиборнинг кучайиши ўша пайтда ниҳоятда ўткир бўлиб турган бир қатор ижтимоий муаммоларни ҳал этиш имконини берди. Аҳолининг даромад олиш манбалари кенгайди, ўта кескин тус олган муаммо — уй-жой қуриш масаласи бир оз юмшади, ортиқча ишчи кучи иш билан банд этила бошланди.
Ўзбек тилига 1989 йилда давлат тили мақоми берилгани, 1990 — 1991 йилларда Наврўз байрами қайта тиклангани, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам ҳамда дам олиш кунлари деб эълон қилингани халқимизнинг асрий орзу ва армонлари рўёбга чиқиши, миллий қадриятларимиз тикланиши йўлидаги дастлабки йирик қадамлар бўлганини алоҳида таъкидлаш даркор.
1990 йил 24 март куни иттифоқдош республикалар ичида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Президентлик лавозими таъсис этилди. Бу улкан жасорат бўлиб, давлат суверенитети ва мустақилликка эришиш йўлидаги катта қадам эди.
...Майдон узра байрам садолари янграб, чор-атроф чироқлар нуридан чароғон бўлиб, яшнаб кетади. “Она тупроқ” қўшиғи янграйди...
Йигирма йил. Мустақиллигимиз солномасида бу давр мазмун-моҳиятига кўра, демократик тамойиллар ҳамда бозор иқтисодиёти асосларига таянган янги жамият, янги давлат қуриш ва уни юксалтириш йўлидаги асрларга тенг йиллар сифатида зарҳал ҳарфлар билан муҳрланди.
Мустақилликка эришганимиздан кейин орадан атиги бир йил ўтиб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилингани мамлакатимизни ислоҳ қилиш ва миллий давлатчилигимизни қайта тиклаш йўлидаги залворли қадам бўлди. Теран тарихий илдизларимиз, кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятларимиз, аждодларимизнинг ҳуқуқий мероси, халқимизнинг орзу ва интилишлари чуқур сингдирилган Конституциямизнинг ҳаётий негизи жуда мустаҳкамдир.
Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш бош вазифа этиб белгиланди. Мамлакат сиёсий ҳаётида кўп партиявийлик муҳити қарор топди, нодавлат тузилмалар, жамоат ташкилотлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти такомиллаштирилди, суд-ҳуқуқ тизимида, оммавий ахборот воситалари, маънавий-маърифий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини таъминлашда суд органлари муҳим ўрин тутади. Шу маънода, суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг демократик ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришдаги ролини янада кучайтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди.
Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилиниши ҳамда қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши халқимизга хос бағрикенглик, инсонпарварлик фазилатларининг яна бир намойиши бўлди. Бу бутун дунёда улкан қизиқиш ва эътибор уйғотди.
Президентимизнинг мамлакатимиз парламенти палаталарининг 2010 йил
12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида баён қилинган концепциясида белгилаб берилган вазифалар суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни ҳам демократик янгилашнинг бугунги босқичидаги талабларга монанд ҳолда изчил давом эттиришга хизмат қилаётир.
Истиқлол туфайли Ўзбекистон учун дунё эшиклари очилди. Аслида мамлакатимиз мустақил ташқи сиёсатининг тамал тоши Президентимиз Ислом Каримовнинг 1991 йил 17 — 19 август кунлари Ҳиндистон Республикасига илк расмий ташрифи асносида қўйилган. Бу том маънода тарихий сафар бўлиб, ўзбек давлатчилиги тарихида, халқимиз ҳаётида мисли кўрилмаган муҳим воқеа эди. Ташрифнинг яна бир муҳим жиҳати шунда эдики, ўша вақтда собиқ иттифоқдаги бирор-бир республика раҳбари мустақил равишда, юрак ютиб, расмий ташриф билан хорижга чиқолмасди.
Президент Ислом Каримов ҳинд диёрида юксак эҳтиром билан кутиб олинди. Ташриф давомида Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида иқтисодий, савдо, илмий-техникавий, маданият, санъат, таълим, илм-фан, сайёҳлик, спорт ва оммавий ахборот воситалари соҳаларида ҳамкорликка оид битимлар имзоланди.
Президентимиз Ислом Каримов мамлакатимиз мустақиллигининг 1 йиллик байрами тантаналарида сўзлаган нутқида бундай деган эди: “Бугун Ўзбекистон Республикаси — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси, республикамиз кўпгина обрўли халқаро, давлатлараро ташкилотлар ва кенгашларга таклиф қилинди ва уларнинг ишида фаол қатнашаяпти. Республикамизни 120 дан ортиқ мамлакат тан олди. Элликка яқин давлат билан дипломатия муносабатини ўрнатдик. Бугун жаҳон сармоядорлари ҳам Ўзбекистоннинг ишончли ва кучли шерик эканига амин бўлдилар. Энг муҳими, дунё аҳли меҳнаткаш, ҳалол, ўз тупроғининг жонкуяр эгаси бўлган ўзбек халқини тан олди ва таниди”.
Эътибор беринг, бир йилда элликдан зиёд давлат билан дипломатик алоқалар ўрнатилган. Бу гапларни, бу рақамларни айтиш осон, айниқса, бугун. Аммо эндигина мустақилликка эришган ёш давлат учун бундай кўрсаткичлар ҳазилакам иш эмас. Бунинг устига дастлабки алоқалар дунёнинг манаман деган давлатлари билан йўлга қўйилган. Бу, аввало, Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайлидир. Қолаверса, юртимизнинг, халқимизнинг юксак салоҳиятидан далолат беради. Чунки ҳеч бир давлат, ҳатто ҳеч қандай инсон тўғри келган мамлакат ёки учраган одам билан ҳамкору дўст бўлиб кетавермайди. Қўл узатишдан олдин ҳамма нарсани обдан ўйлайди, ҳамкорликка, дўстликка қанчалик арзишини, садоқатини тарозига солиб кўради.
Ўзбекистон 20 йил давомида ўз сўзида қатъий тура оладиган, айтганини қиладиган давлат эканини яққол исботлаб келмоқда. Мамлакатимиз дунёнинг 130 га яқин давлати билан дипломатик алоқалар ўрнатгани бунинг далилидир. Пойтахтимизда қирқдан зиёд давлатнинг элчихонаси, кўплаб нуфузли халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ишлаб турибди.
Мамлакатимиз БМТ, МДҲ, ШҲТ сингари халқаро тузилмалар доирасида жаҳон ҳамжамияти ва минтақа давлатлари билан иқтисодий ва маданий ҳамкорликни амалга оширмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизнинг тенг ҳуқуқли, узоқ муддатли алоқалар ўрнатган ҳамкорлари кўп. Шу тариқа юртимиз ҳаётбахш ислоҳотлари, демократик ўзгаришлар йўлида собитқадамлиги, мустақил ички ва ташқи сиёсати билан дунё халқларининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлмоқда.
...“Аждодларнинг боқий руҳи бизга мададкор” деб номланган навбатдаги театрлаштирилган композиция давомида буюк бобокалонларимизнинг ҳаёти ва фаолиятига оид лавҳалар мониторлар орқали намойиш этилади.
Юртимиз ҳудуди узоқ асрлар давомида Буюк Ипак йўли орқали Шарқ ва ўарбни бири-бири билан боғлайдиган кўприк бўлиб хизмат қилган. Шу боис диёримиз турли цивилизация ва маданиятлар ўзаро туташган муҳим чорраҳа, умуминсоний тараққиётга беқиёс ҳисса қўшган юрт сифатида танилган.
Истиқлол туфайли аждодларимиз томонидан яратилган бой маънавий-маданий меросимиз қайта тикланди. Умумбашарий қадриятларга уйғун бўлган миллий ва диний қадриятларимиз бойиб, ривож топиб бораётир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Абдухолиқ ўиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотурудий, Бурҳониддин Марғиноний, Хожа Аҳрор Валий сингари улуғ боболаримизнинг таваллуд саналари кенг нишонланди, уларнинг мероси ўрганилмоқда.
Тарихи неча минг йилларга бориб тақаладиган кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарларимиз юбилейини халқаро миқёсда нишонлаш анъана тусини олди. Самарқанд, Хива, Бухоро, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Марғилон, Тошкент сингари қадим ва муаззам шаҳарларимизнинг тўйларини нишонлаш асносида тарихимизни янада теран ўргандик, шаҳарсозлигимиз, маданиятимиз илдизларини чуқур тадқиқ этдик, шундай улуғ юрт фарзанди, шавкатли аждодлар ворислари эканимиздан чексиз фахру ифтихор туйдик. Халқимиз даҳосининг бой маданий-маънавий қадриятларидан саналган “Авесто”нинг 2700 йиллиги, “Алпомиш”нинг 1000 йиллиги, Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги катта байрам қилинди.
Президентимиз Ислом Каримов томонидан 1992 йилда мамлакатимизнинг беш тамойилга асосланган узоқ муддатли ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилди. Иқтисодиётнинг экспортга йўналтирилган соҳалари — энергетика сектори, олтин қазиш, рангли металлургия, автомобилсозлик, енгил саноат, газ-кимё саноатини ривожлантиришга асосий эътибор қаратилди. Юртимизда автомобилсозлик, электроника каби янги тармоқлар йўлга қўйилди, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури импортни қисқартириш ва минглаб янги иш ўринлари яратиш имконини берди. Қизилқум фосфорит, Бухоро нефтни қайта ишлаш, Асака ва Самарқанд автомобиль, Қўнғирот сода, Деҳқонобод калий ўғитлари, Хонжиза полиметалл рудалари заводлари, Шўртан газ-кимё мажмуаси каби йирик корхоналар бунёд этилди.
Собиқ тузум даврида наинки автомобиль, балки оддий велосипедни ҳам четдан олган ўзбек халқи истиқлолнинг бешинчи йилидаёқ ўзининг автомобиль заводига эга бўлди. Президентимизнинг узоқни кўзлаб олиб борган сиёсати туфайли юртимизда автомобилсозлик саноати йўлга қўйилди. Бир пайтлар бир машина олиш учун неча йиллар навбат кутган, кўпинча орзусига етолмай кетган юртдошларимиз бугун автомобилни танлаб олиш имкониятига эга. Энг асосийси, ўзимизнинг автомашинамиз. Бу автомобиллар бугунги кунда нафақат Ўзбекистон кўчалари, балки ўнлаб хорижий мамлакатлар кўчаларини безаб юрибди.
Ўзбекистон дунёда асосий пахта етиштирувчи мамлакатлардан биридир. Аммо 1991 йилгача хом ашёнинг тайёр ва яримтайёр маҳсулотларга айлантирилиши ҳажми 7-10 фоиздан ортмаган. Мустақиллик йилларида ўнлаб тўқимачилик корхоналари модернизация қилинди ва янгилари барпо этилди. Ушбу корхоналар бугунги кунда нафақат калава ва мато, балки тайёр трикотаж ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда.
Юртимиз азалдан ўзининг уста деҳқонлари, қўли гул ҳунармандлари, тадбиркор инсонлари билан машҳур бўлган. Бугунги кунда барча фуқаролар ўз ташаббуси ва тадбиркорлик хусусиятларини амалда намоён эта олиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. 2011 йил мамлакатимизда “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилингани сўзимиз тасдиғидир.
Ички бозоримизни рақобатдош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришда, аҳолимизни иш билан таъминлаш ва шу аснода уларнинг муносиб даромад топиши, фаровонлигининг ошиб боришига эришишда ушбу соҳа энг асосий омиллардан бирига айланган. Агар 2000 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 31 фоиздан кўпи кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган бўлса, 2010 йилда бу кўрсаткич 52 фоиздан ошди.
...“Ватан ягонадир, Ватан биттадир”. Майдонда таралаётган қўшиқ сеҳридан диллар сурурга тўлади. Кўнгилларга ўктамлик бағишловчи дилтортар мусиқага ҳамоҳанг рақслар қанотида бунёдкор эл қураётган озод ва обод Ватан манзаралари кўз ўнгимизда намоён бўлади. Байрам дастури орқали ифода этилаётган истиқлол йилларида қўлга киритаётган улкан ютуқларимизга боқиб, ана шундай бунёдкор халқ яшайдиган юртнинг келажаги, шубҳасиз, буюкдир, деган қатъий ишонч янада мустаҳкамланади.
Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ коммуникация ва транспорт тармоқларини ривожлантиришга иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралди. Юртимизнинг халқаро коммуникациялар тармоғига интеграциялашуви учун шарт-шароит яратадиган, халқаро транспорт йўлаклари ва жаҳон бозорларига энг қисқа йўл билан чиқишини таъминлайдиган транспорт ҳамда телекоммуникациялар инфратузилмаси янгиланди. Юртимизнинг йирик шаҳарларидаги ҳаво дарвозалари — аэропортлар замон талаблари асосида реконструкция қилинди. Темир йўл вокзаллари замон руҳига мос равишда янги қиёфа касб этди.
Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларини Фарғона водийси билан боғлайдиган Қамчиқ довонидаги ер ости йўлаги қурилди. “Навоий — Учқудуқ — Мискин — Султон Увайстоғ — Нукус” йўналишидаги темир йўл ҳамда Амударё узра поезд ва автомобиллар қатнайдиган улкан кўприкнинг бунёд этилиши Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолиси учун улкан қулайлик яратибгина қолмай, йўловчи ва юк ташиш муддати, харажатини қисқартирди. “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” йўналишидаги темир йўл эса жанубий вилоятларимизнинг иқтисодини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги арафасида Испаниянинг “Patentes Talgo” компанияси билан ҳамкорликда “Тошкент — Самарқанд” темир йўл участкасида МДҲда биринчи юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезд қатнови йўлга қўйилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ўзининг ҳаётбахш самараларини бермоқда. Ер ўзининг ҳақиқий эгаси — деҳқонга топширилган. Ҳозир юртимизда 66 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Жорий йилда 6 миллион 800 минг тонна ғалла етиштирилди. 1991 йилда юртимизда 940 минг тонна ғалла етиштирилиб, ҳосилдорлик 17 центнерни ташкил қилган. Ушбу кўрсаткични 2011 йилги хирмон билан солиштирадиган бўлсак, тайёрланган дон маҳсулотининг умумий ҳажми 7 баробардан зиёд, ҳосилдорлик эса 3 карра ошгани аён бўлади. Эндиликда нафақат ғаллага бўлган ўз эҳтиёжларимизни тўла қондираётганимиз, балки уни экспорт қилаётганимиз барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
...Даврага болалар чиқиб келадилар. Беғубор болалик — эркин ва озод, тинч ва осойишта ҳаёт рамзидир. Фарзандлари жисмоний соғлом, маънавий баркамол элнинг эртанги куни янада обод ва фаровон бўлади. “Тантана”, “Томоша”, “Севинч”, “Соната” ва бошқа болалар бадиий жамоалари “Бу бўстон бизники!” вокал-хореографик композициясини ижро этадилар. Ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етаётган беғубор авлодга боқиб дилингиз яйрайди, ҳавас қиласиз. Қувноқ ва серзавқ ўғил-қизларимиз ўзларининг бахтли болаликни мадҳ этувчи қўшиқлари билан қалбларимизда умид ва ишонч уйғотади. Улар ҳур Ватанда туғилдилар, истибдод зулми ва таҳқирдан холи равишда униб-ўсдилар. Қудратли тарихга ворис бўлган, ўз ўтмишидан ғурурланишга ҳақли, улуғвор маънавий булоқлардан баҳра олиб камолга етган авлодларимизнинг эртанги куни ёруғ бўлиши шубҳасиздир.
Президентимиз Ислом Каримов айтганидек, фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт. Уларни комил инсонлар этиб вояга етказиш, бахти ва камоли учун ҳеч нарсани аямаслик давлатимиз ва жамиятимизнинг устувор вазифаларидан этиб белгилангани ўзининг юксак самараларини бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши таълим сифати ва мазмун-моҳиятини тубдан яхшилаш имконини берди.
Бугун мамлакатимизнинг олис қишлоқларида ҳам қад кўтарган замонавий мактаб, лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқувчиларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун барча шарт-шароит яратилган. Бу эзгу ишларнинг бари Ватан келажагига, миллат истиқболига ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.
...Майдонда спорт саломатлик, мардлик ва гўзаллик гарови эканини акс эттирувчи ранг-баранг саҳна кўринишлари намойиш қилинади. Жаҳон ва қитъа миқёсидаги нуфузли спорт беллашувларида юртимиз байроғини баланд кўтарган машҳур спортчиларимиз, жумладан, футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари саф тортиб ўтадилар.
Истиқлол йилларида юксалиб бораётган куч-қудратимиз, салоҳиятимиз дунё спорт майдонларида эришаётган ғалабаларимизда ҳам намоён бўлмоқда. Бугун ўзбек болалари жаҳон ареналарида юрт байроғини баланд кўтармоқда. Ўзининг ақлу заковати билан олам аҳлини лол қолдирган, 24 ёшда шахмат бўйича жаҳон чемпиони тожини кийган Рустам Қосимжонов қандай буюк зотларнинг авлоди эканимизни, халқимизнинг интеллектуал салоҳияти нақадар юксаклигини дунёга яна бир бор намойиш этди. Шу йил футбол бўйича Мексикада ўтган жаҳон чемпионатида ўсмирларимиз кўрсатган натижа барчамизга ғурур бағишлади.
Миллат саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қиладиган, дунё тажрибасида кузатилмаган уч босқичли узлуксиз спорт тизимининг кашф қилиниши юртимизда соғлом авлод вояга етаётганидан, эртанги кунимиз эгаларининг илиги тўқ, суяги бақувватлигидан шаҳодатдир. Мактаб ўқувчилари ўртасидаги “Умид ниҳоллари”, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчиларининг “Баркамол авлод” ва олий ўқув юртлари талабаларининг Универсиада спорт мусобақаларидан иборат бу тизим биринчи синф ўқувчисидан то олий ўқув юртлари талабаларигача ўзига қамраб олди.
Болалар спортини янада ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқларда замонавий талабларга жавоб берадиган, зарур анжомлар билан жиҳозланган спорт майдончалари, иншоот ва мажмуаларни барпо этиш бўйича амалга ошираётган ишларимиз ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Истиқлол йилларида юртимизда 1 минг 200 дан зиёд янги спорт иншооти барпо этилиб, уларнинг мингдан ортиғи қишлоқ жойларда қурилди.
Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш соҳасида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар юртимизда инсон умри, унинг сиҳат-саломатлиги олий қадрият сифатида амалда улуғланаётганидан яна бир далолат. Тизим моддий-техник базасининг муттасил яхшиланиши, етук мутахассислар тайёрлашга эътибор ва тиббиёт ходимларининг ҳар томонлама моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиши натижасида соҳада улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Истиқлол йилларида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими миллий модели шакллантирилди. Мутлақо янги ва яхлит шошилинч тиббий ёрдам тизими ташкил этилди. Барча вилоятлар марказларида катталар ва болалар учун кўп тармоқли тиббиёт марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Аҳолига дастлабки тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизими ислоҳ қилиниб, қишлоқ врачлик пунктлари тармоғи ташкил этилди. Айни пайтда мамлакатимизда 3 минг 200 дан зиёд қишлоқ врачлик пункти ишлаб турибди.
Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича юксак самарали замонавий тиббиёт муассасалари тизими яратилган. Барча вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида скрининг марказлари ташкил этилган. Шу билан бирга, перинатал марказлар тармоғи ҳам жадал ривожланмоқда.
Бир қатор нуфузли халқаро институтларнинг баҳолашича, Ўзбекистон дунёнинг 125 давлати орасида хотин-қизлар учун қулай шароитлар яратиш ва оналикни муҳофаза қилиш борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Буни ЮНИСЕФнинг Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари бўйича офиси томонидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги дастурларни жорий этишда Ўзбекистоннинг минтақадаги намунавий модель сифатида эътироф этилгани ҳам исботлайди.
...“Диёрдир бу”. Она заминимиз юксак пардаларда тараннум этилган алёр қаддимизни тоғдек кўтаради. Ватан — ота-боболаримизнинг муборак хоклари ётган табаррук замин, ҳамиша севиб-ардоқлаб, тупроғини кўзимизга суриб яшайдиган муқаддас саждагоҳимиздир. Озод Ватанимиз борки, қадр-қимматимиз бор. Обод юртимиз борки, ор-номусимиз бор, ғурур ва ифтихоримиз сарбаланд...
Жаннатмонанд юртда танти, меҳнаткаш, бунёдкор халқ дориламон кунлар шавқини сурмоқда. Зеро, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, инсон учун, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш учун хизмат қилмоқда. Биргина мисол, бугунги кунда юртимиз мобиль алоқанинг ривожланиш кўрсаткичи бўйича дунёда олдинги ўринда турган ўнта мамлакат қаторига киради. Агар ўн йил аввал мамлакатимиз аҳолисининг ҳар минг нафарига 4 дона мобиль телефон тўғри келган бўлса, бугун бу кўрсаткич 600 донадан ошиб кетди. Қишлоқ жойларда одамларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга қаратилган улкан ишлар ўз самараларини бермоқда. Бугунги кунда ҳар 100 оилага ўртача 132 телевизор, 99 холодильник, 27 тадан ортиқ енгил автомобиль тўғри келаётгани ҳам аҳоли даромади ва фаровонлигини ошиб бораётганидан далолат беради.
...“Ватанга қасамёд”. Майдон узра ҳарбий мусиқа садолари янграйди. Саҳнага шахдам қадамлар билан мард ва жасур ўғлонларимиз — Ватан ҳимоячилари кириб келадилар. Улар она-Ватанимизни мадҳ этиб, Қуролли Кучларимиз қудратини намойиш этади. Ашула ва рақс ансамблларининг ҳарбий-ватанпарварлик мавзуидаги қўшиқлари янграйди...
Эл-юртимиз тинчлиги, осойишталиги ишончли қўлларда. Ўзбекистон — ўзининг ҳудудий яхлитлигини сақлашга, ўзини ўзи мудофаа қилиш, мустақиллигини асрашга қодир давлат. Истиқлол йилларида мутлақо янги асосда, сон жиҳатдан ихчам, замонавий, ҳар қандай синовларни енгишга қодир миллий Қуролли Кучларни ташкил этиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Бугунги кун талабларига жавоб берадиган тезкор, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган, жанговар қобилият ва тайёргарликка эга, ҳар қандай ёвуз кучга муносиб зарба беришга қодир бўлган миллий армиямиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
“Лазги”. Халқ термасининг жозибаси саҳнада зару зебога ўраниб хиром қилаётганларнигина эмас, балки уни томоша қилаётган серзавқ юртдошларимиз қалбини ҳам тўлқинлантириб юборади. Ҳа-да, севикли байрамимизни ҳар қанча қувончу шодликлар билан нишонласак арзийди. Зеро, кўнгилларга кўчган байрамларнинг нашидаси ҳам тотли ва бардавом бўлади.
“Она юрт”. Муаззам саҳнадан таралаётган бу қўшиқ гўзал қиру адирларимизда, далаю даштларимизда, пурвиқор тоғларимизда, файзли қишлоқларимизда, мафтункор шаҳарларимизда акс садо беради. Бу ашула гўё барчамизнинг қалбимиздан чиқаётгандек. Ҳа, киндик қонимиз томган ота маконимиз, жонажон Ватанни васф этувчи тароналар юракларни жунбушга келтиради, кишига ўзгача завқ-шавқ бағишлайди, эзгуликка ундайди, бунёдкорликка чорлайди...
Самода ранг-баранг мушаклар жило сочади. Ёғдуларга боқиб қалбларимиздан ҳаяжон тошади.
Дилимиздаги энг буюк ниятлар тилга кўчади:
— Истиқлолинг абадий бўлсин, она-Ватаним!
— Улуғ тўйинг муборак бўлсин, буюк ва муқаддас Ватаним — мустақил Ўзбекистон!
Олим ТЎРАҚУЛОВ,