ПРЕЗИДЕНТ ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 20 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ ТАБРИК СЎЗИ
Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Бугун — барча шаҳар ва қишлоқларимизда, бутун мамлакатимизда муборак айём, унутилмас тарихий сана — Ўзбекистонимиз мустақилликка эришганининг йигирма йиллик буюк байрами.
Бундан йигирма йил муқаддам биз юртимизда мустамлака зулми ва қарамлик даврига барҳам бериб, асрлар давомида халқимиз интилиб келган эркин ва озод ҳаёт қуриш йўлида тарихий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйдик.
Биз учун энг буюк ва энг азиз бўлган ана шу қутлуғ байрам билан сиз азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни чин қалбимдан табриклаб, юксак ҳурмат ва эҳтиромимни билдиришдан чексиз бахтиёрман.
Ўзининг неча минг йиллик кўҳна тарихида не-не воқеаларни бошидан кечирган халқимиз учун Ўзбекистон мустақиллиги, ҳаётимизни, онгу шууримизни тубдан ўзгартирган бу улуғ сана кўп йиллар, замонлар ўтса-да, ўз аҳамияти, қадр-қиммати ва моҳиятини йўқотмайдиган, том маънода оламшумул воқеа бўлиб абадий сақланиб қолажак.
Муҳтарам дўстлар!
Биз ўтган давр мобайнида мустақилликка эришиш, эркин нафас олиб, ўз тақдири ва келажагини ўз қўли билан қуриш жаҳондаги биронта халқ, биронта мамлакат учун ҳеч қачон, ҳеч қаерда осон бўлмаган, деган аччиқ ҳақиқатни ўз ҳаётимиздан ўтказдик, ўз мисолимизда чуқур англадик.
Дарҳақиқат, бугун вақт ўтиши билан юртимизда ўзини оқламаган эски мустабид тузум асоратлари ва занжирларидан озод бўлиш нақадар оғир кечганини, истиқлол арафасида республикамиздаги вазият тобора кескинлашиб, таҳликали ва ўта хавфли тус олганини яна ва яна бир бор ўзимизга тасаввур қилишимиз ўринли бўлади.
Бир ёқлама ривожланган, фақат хом ашё етказиб беришга, мутлақ пахта яккаҳокимлигига асосланган иқтисодиётимиз ғоят ночор аҳволга тушиб қолгани, қашшоқлик ва бедодликка дучор бўлган аҳолимизнинг сабр-косаси тўлиб, ўлкамиз жар ёқасига, портлаб кетиш ҳолатига етиб борганини, одамларимизнинг таъминоти, жамиятда соғлом муҳитни қарор топтириш муаммолари нақадар ўткир бўлиб турганини эслайдиган бўлсак, айни шу йиллардаги мавжуд вазият бутун мураккаблиги билан аён бўлади.
Бугун бир ҳақиқатни сира иккиланмасдан, баланд овоз билан айтиш учун барча асосларимиз бор: истиқлол йўлида қандай суронли кунларни, қийинчилик ва тўсиқларни енгишга тўғри келмасин, юртимизга нисбатан қандай хуруж, зуғум ва пўписалар бўлмасин, биз энг оғир ва машаққатли дамларда ҳам мустақиллик ғоясига содиқ қолиб, Ўзбекистон манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиб, ўз танлаган йўлимиздан қайтмадик ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз.
Биз юртимизда янги ҳаёт барпо этишнинг биринчи кунларидан бошлаб ҳақиқий эркинлик ва истиқлолга эришиш — бу фақат мустақилликни қўлга киритиш эмас, балки уни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан қуриш ва мустаҳкамлаш, халқаро ҳамжамиятда ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш ва ҳурмат қозонишдан иборат эканини теран англаб олдик.
Ана шундай эзгу мақсадларга эришиш йўли эса барчамизга яхши маълум: бу — ўзимизнинг ер ости ва ер усти бойликларимиздан, ишлаб чиқариш ва интеллектуал салоҳиятимиз, куч-қудратимиздан фойдаланиб, кўпни кўрган, меҳнаткаш халқимизнинг ақл-заковати, ғайрат-шижоатига ва халқаро ҳамжамият ҳамкорлигига таяниб, дунёдаги замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш йўлидир.
Аҳолимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини янги, юксак босқичга кўтариш, шу мақсадда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларини демократик янгилаш, либераллаштириш ва модернизация қилиш, ушбу жараёнларнинг суръатини имкон даражасида тезлаштириш — биз учун энг мақбул йўлдир.
Айни шу йўл йигирма йиллик янги тарихимиз давомида ҳар томонлама ўзини оқлаб, исботлаб берган, жаҳонда “Ўзбек модели” деб ном олган энг тўғри йўл, десам, мана шу муҳташам майдонда ўтирган сиз азизларнинг, кенг жамоатчилигимиз, бутун халқимизнинг фикрини ифода этган бўламан.
Ўтган давр мобайнида биз эришган юксак марралар ҳақида узоқ гапириш, кўплаб рақамларни олиб келиш мумкин. Шулар қаторида Ўзбекистон иқтисодиёти йигирма йил мобайнида қарийб 3,4 баробар, ўртача иш ҳақи 14 баробар ўсгани, аҳолининг ялпи даромади тахминан 9 марта ошгани бизнинг мустақиллик йилларида қандай улкан марраларни қўлга киритганимизни намоён этмоқда.
Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳали-бери давом этаётганига қарамасдан, Ўзбекистонимизнинг ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари охирги беш йил давомида дунёдаги саноқли давлатлар қаторида ўртача 8,5 фоизни ташкил этгани ва бу йил ҳам ундан кам бўлмаслиги кутилаётгани иқтисодиётимизнинг изчил ва барқарор ривожланиб, тараққий топаётганининг яққол далилидир.
Истиқлол йилларида ижтимоий соҳа учун давлат харажатлари 5 баробардан зиёд кўпайгани, унинг 60 фоиздан кўпроғи соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал хўжалик, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларга йўналтирилгани ҳам дунё миқёсида камдан-кам учрайдиган кўрсаткич бўлиб, бизнинг бош мақсадимиз, авваламбор, инсон ҳаётини, унинг манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга қаратилганини ҳар томонлама исботлаб беради.
Айнан шу асосда йигирма йил давомида юртимизда бир ёшгача бўлган гўдаклар ва оналар ўлими 3 баробардан кўпроқ камайгани, одамларимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 7 йилга узайиб, эркаклар ўртасида 73 ёшга, аёллар ўртасида эса 75 ёшга етгани, бугунги кунда аҳолимиз сони 28,5 миллион кишини ташкил қилаётгани, ҳеч шубҳасиз, буни яна бир бор тасдиқлаб беради.
Азиз дўстларим, биродарларим!
Биз қўлга киритган бу юксак марраларнинг илдизи, замини нимада, деган саволга ҳар биримиз ҳеч иккиланмасдан, буларни барчасининг замирида аввало мустақиллик деб аталган бебаҳо неъмат, халқимизнинг фидокорона меҳнати, унинг тобора юксалиб бораётган онгу тафаккури, эртанги кунга бўлган ишончи, эзгу орзу-интилишлари мужассам, деб катта ғурур ва ифтихор билан айтишимиз табиийдир.
Бугун мана шу саховатли заминда “Ўзбекистон — ягона уйимиз” деб яшаётган, қайси касб эгаси, қайси миллат ва элат вакили бўлмасин, барча юртдошларимиз Ватанимиз қўлга киритган ютуқлар, эришган марраларда менинг ҳам муносиб меҳнатим, муносиб ҳиссам бор, деб бошини баланд кўтариб, мағрурланиб гапиришга тўла ҳақлидир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Мана шу юксак минбардан туриб, бизга доимо хайрихоҳ бўлиб, қўллаб-қувватлаб, ёрдам ва кўмак бериб келаётган дўсту биродарларимизга, юртимиз билан самарали ҳамкорлик қилаётган мамлакатлар ва халқларга миннатдорлик билдириб, қизғин саломларимизни йўллашга, уларга бахт ва равнақ тилашга рухсат бергайсиз.
Фурсатдан фойдаланиб, шу муаззам майдонда жам бўлган хорижий давлатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотларнинг вакилларига, барча азиз меҳмонларимизга, бизнинг бугунги байрамимиз — сизларнинг ҳам байрамингиздир, деб, уларни чин юракдан қутлаб, самимий ҳурмат ва эҳтиромимизни изҳор этсак, айни муддао бўлади.
Қадрли юртдошлар!
Истиқлол бизга берган бебаҳо бойлик ва имкониятлар, эришган натижаларимиз ҳақида кўп сўз юритиш мумкин. Айни вақтда мустақиллик тарихига асло ўчмайдиган, ёрқин саҳифа бўлиб ёзиладиган улкан марраларимиз қаторида шундай буюк бир ютуғимиз борки, унинг аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди.
Мен буни замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, ҳаётимизда тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган соғлом ва баркамол авлодимиз тимсолида кўраман.
Бугун мана шу кенг майдонни тўлдириб, ўзининг навқирон азму шижоатини намоён этиб ўтирган, менинг фарзандларим бўлган сиз ўғил-қизларимга, сизлар орқали бутун юртимиз ёшларига қарата айтмоқчиман:
Азиз болаларим, Оллоҳнинг назари тушган, Ўзбекистон деб аталмиш гўзал ва бетакрор ўлкада туғилиш, унинг бағрида камол топиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Ана шу ҳақиқат ҳар бирингизнинг қалбингиздан, юрагингиздан чуқур жой олишини истардим. Ватан севгиси, Ватанга садоқат туйғуси сизларга умрбод ёр бўлсин.
Не-не оғир синовлар, тўфон ва суронларни бошдан кечириб, қанча-қанча қурбонлар бериб, она-юртимизни омон сақлаган, бизга безавол етказган аждодларимиз, ота-боболаримизнинг бу йўлда қандай катта меҳнатлари сингганини ҳеч қачон унутмаслик, уларнинг хотираси ва ҳурматини жойига қўйиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Мана шундай ҳиссиётларни қалбдан ўтказиб, барчамиз учун яккаю ягона бўлган Ватанимизни янада гуллатиб-яшнатиш, унинг ёруғ ва фаровон келажаги учун бутун борлиғимизни бағишлаб, керак бўлса, жонимизни фидо этишга ҳам тайёр бўлиш — ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир, десам, ўйлайманки, сиз азиз фарзандларимнинг дилида бўлган олижаноб туйғуларни ифода этган бўламан.
Азиз дўстларим, қадрли ватандошларим!
Бугунги улуғ айёмнинг муборак Рамазон ҳайити билан айнан бир пайтга тўғри келгани ҳам Яратганимизнинг эл-юртимизга кўрсатган яна бир инояти ва марҳамати, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.
Барчангизни бағримга босиб, Мустақиллик байрами билан, Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан муборакбод этиб, ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Буюк ва муқаддас Ватанимиз мангу бор бўлсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!