UZ RU
18.08.2011

ИМКОНИЯТ ВА МУВАФФАҚИЯТЛАР ДАВРИ

Мустақиллик йилларидан бошлаб Навоий вилояти соғлиқни сақлаш тизимида ҳам муайян даражадаги ислоҳот жараёнлари амалга оширилди. Бу албатта, аҳоли саломатлигини яхшилаш баробарида тизимдаги замонавий имкониятлар кўламини кенгайтириб, илм-фан соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш механизмини юзага келтирди.

Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида"ги Фармони қабул қилингач, бу соҳада ўзига хос, ихчам ва босқичма-босқич амалга ошириладиган янги даврни бошлаб берди. Ислоҳотларнинг дастлабки жараёни қишлоқ врачлик пунктларининг барпо этилиши, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг вилоят филиаллари, туман бўлимлари, ихтисослаштирилган марказларнинг очилиши ҳамда бир қанча тиббиёт муассасаларини замон талаблари даражасида қайта таъмирлаш, шунингдек, уларнинг илғор янги технологиялар билан таъминланганлиги билан характерланади. Чунончи, юқоридаги фармон ижроси билан аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш учун 137 та қишлоқ врачлик пункти, РШТЁИМнинг вилоят филиали ва унинг 6 та субфилиали, махсус даволаш-профилактика муассасаси, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича Скрининг маркази, шунингдек, Саломатлик ва тиббий статистика институтининг вилоят филиали 7 та туманда Саломатлик марказлари ташкил этилди.

Биргина 2010 йилнинг ўзида қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, қисқа вақт ичида Навоий вилоятида кенг қамровли натижаларга эришилди. Биринчи навбатда РШТЁИМ вилоят филиалига Ислом тараққиёт банки кредити ҳисобидан 74 турдаги 148 хил тиббий асбоб-ускуналар келтирилди. "Саломатлик-2" лойиҳаси ва Қувайт банки кредити томонидан фаолият учун зарур бўлган тиббий асбоб-анжомлар харид қилинди.

"Саломатлик-1" лойиҳаси доирасида 89 та қишлоқ врачлик пункти, "Саломатлик-2" лойиҳаси доирасида эса 47 та ҚВП замон талаби даражасида тиббий техникалар билан жиҳозланди. Мазкур йилнинг ярим йиллиги бўйича 47 та қишлоқ врачлик пункти 75 турдаги тиббий жиҳозлар, 3 дона УАЗ, 24 дона ДАМАС русумли ва 2 та ҳаракатдаги флюороаппаратлар билан жиҳозланган машина билан таъминланди. Жаҳон ва Осиё тараққиёт банклари маблағлари ҳисобига 33 дона стоматологик аппарат тўпламлари, 19 дона музлаткич, 460 дона патронаж сумка, туғруқхона бўлимлари учун 20 турдаги замонавий аппаратура ва реактивлар келтирилди. Вилоятдаги қишлоқ врачлик пунктлари қошида дорихоналар ташкил этиш буйича вазифалар бажариб келинмоқда. Шу кунга қадар 101 та қишлоқ врачлик пункти қошида дорихоналар фаолият бошлади. Жорий йилда 30 та ҚВПдан 16 таси таъмирдан чиқарилди.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида вилоят туғруқхона комплекси негизида вилоят перинатал маркази фаолият юритмоқда. Марказда 10 ўринга мўлжалланган "Чақалоқлар касалликлари бўлими" ташкил этилиб, замон стандартларига мос тарзда жиҳозланди.

Микронутриент етишмаслиги билан боғлиқ касалликларни камайтириш ва олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёлларга поливитамин комплексларини бепул ва мақсадли тарқатиш 2011 йил 1 апрелдан бошланди.

Вилоят ҳудудлари бўйлаб ўтказилган соғломлаштириш ҳафталигида 73943 нафар болага "Витамин А" капсулалари томизилди. Охирги ўн йил ичида оналик ва болалик ўлими 3 баробарга камайиб, 2001 йилда оналар ўлими 91,5 интенсив кўрсаткичдан – 2010 йилда 29,1 интенсив кўрсаткичга камайган. Гўдаклар ўлими 2001 йилда 18,3 интенсив кўрсаткични ташкил этган бўлса, 2010 йилга келиб 6,2 интенсив кўрсаткични ташкил этди.

Давлат санитария-эпидемиология назорати марказида ҳам бу борада изчил ишлар олиб борилмоқда. ДСЭНМларнинг 4 таси махсус лойиҳа асосида қурилган бўлиб, қолганлари мослаштирилган биноларда жойлашган. Уларнинг таркибидаги санитария-гигиена, бактериология лаборатория, ЎХЮК, паразитология ҳамда вирусология лабораторияларининг моддий-техник базаси яхшиланди. Замон талабига жавоб берадиган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

Мустақиллик йилларида вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш босқичма-босқич амалга оширилаётганлиги юқумли ичак касалликлари кескин камайишига олиб келди. Бугунги кунда касаллик кўрсаткичлари 90-йилларга нисбатан 30-35 маротаба камайди, юқумли ичак хасталикларидан ёш болаларнинг ўлим ҳолатлари кейинги йилларда умуман рўйхатга олинмади. Жумладан, карантин ва ўта хавфли юқумли, бундан ташқари, полиомиелит, дифтерия, қоқшол касалликлари қатор йиллар мобайнида қайд этилмади. Вирусли гепатитнинг В тури, қизамиқ, қизилча, кўкйўтал, тепки каби вакциналар орқали профилактика қилинадиган юқумли касалликлар сони кам миқдорда учраб турибди.

Республикамизда, жумладан, вилоятимизда полиомиелитга қарши 5 раундли оммавий эмлаш кунлари ўтказилди. Эмлаш ишлари "совуқлик занжири" қоидаларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилди. Четдан кириб келадиган хавфли юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида Қозоғистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларда кўчма божхона постлари, Навоий халқаро аэропортида санитария-назорат пункти ташкил этилди. Бу албатта, ҳар қандай мавжуд хавф-хатарнинг олди эрта олинишига муҳим омил бўлади.

Вилоятимиз соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида 2011 йил Инвестиция дастури бўйича шифохоналарни реконструкция қилиш, аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати ишлаб чиқилди. Унга кўра, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасида 80 ўринли стационар бўлим ва Томди туманида 80 ўринли туман тиббиёт бирлашмаси, вилоят болалар юқумли касалликлар шифохонасининг бактериологик клиник лабораторияси, Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмасида 20 ўринли юқумли касалликлар бўлимини қуриш ишлари лойиҳалаштириш ташкилотлари томонидан режага киритилиб, босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимини замонавий босқичда ривожлантириш, халқимиз саломатлиги кўрсаткичларини яхшилаш, турмуш фаровонлигини ошириш масаласи йиллар давомида ўз самарасини бериб боришига ишонамиз. Юсуф МАЛИКОВ, Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.