UZ RU
26.08.2011

БИТИМ ИМЗОЛАНДИ

Эътироф этиш жоизки, соғлиқни сақлаш тизимида кўплаб салоҳиятли ишлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча давлатлар билан ҳамкорлик борасидаги муайян ишларни ҳамжиҳатликда олиб бораётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Албатта, бундай ишларнинг замирида фақатгина халқимиз учун буюк неъмат бўлган соғлик ва тотувлик ётади.

 Жорий йилнинг 23 август куни вазирликнинг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 

 Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икрамов кириш сўзи билан очиб, Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги арафасида иккала вазирлик ўртасида меморандум имзоланаётганлигини эътироф этиб, ҳамкорликдаги бундай ишлар ҳамжиҳатликда давом этишини ва эзгу ниятлар халқимиз саломатлиги йўлига қаратилганлигини таъкидлаб, иштирокчиларни истиқлолимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрами билан самимий қутлади. Сўнгра Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза вазири Чин Со Хи истиқлолимизнинг 20 йиллик байрами билан барчани қизғин қутлаб, имзоланаётган меморандум икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаши билан бир қаторда, тиббиёт тизимидаги ишлар кўламини янада кенгайтириш ҳамда икки томонлама етакчи клиника ва марказлардаги фаолиятлар шаклланиши ҳамда аҳолига сифатли хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этишини ўз фикрларида баён қилди. 

 Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икрамов ва Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза вазири Чин Со Хи томонидан икки томонлама меморандум имзоланди. Бунинг баробарида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Корея Республикасининг Кюнг Хи номидаги университети ўртасида ҳам ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 

 Албатта бундай ҳамкорлик иккала давлат халқларининг саломатлиги йўлида қилинаётган эзгу ишларда ўз самарасини беришига ишонамиз