UZ RU
26.08.2011

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ «ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ» САККИЗИНЧИ ХАЛҚАРО МУСИҚА ФЕСТИВАЛИНИНГ ОЧИЛИШИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ ТАБРИК СЎЗИ

Қадрли меҳмонлар!

Муҳтарам фестиваль иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Аввало, мана шу муҳташам майдонда ўтирган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг қатнашчиларини, чет эллик ҳурматли меҳмонларимизни ва Самарқанд жамоатчилигининг вакилларини кўриб турганимдан хурсанд эканимни билдириб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этаман.

Бугун қадимий Самарқанд шаҳрининг юраги бўлмиш муаззам ва бетакрор Регистон майдонида “Шарқ тароналари” фестивалининг очилиш маросимида қатнашар эканмиз, бу санъат анжуманининг йилдан-йилга обрў-эътибори ортиб, дунёдаги энг нуфузли мусиқа фестиваллари қаторидан мустаҳкам ва муносиб ўрин топиб бораётгани барчамизга катта мамнуният ва ғурур бағишлайди.

Бунинг тасдиғини 1997 йилда ўтказилган биринчи фестивалда 31 та мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йилги анжуманга жаҳоннинг турли ўлкаларидан, яъни Осиё, Африка, Европа ва Америка қитъаларида, Шарқ ва ўарб минтақаларида жойлашган 56 та давлатдан истеъдодли санъат намояндалари ташриф буюргани мисолида яққол кўриш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, ушбу анжуманнинг донғи ва довруғи дунё миқёсида тобора кенг ёйилиб, янги-янги моҳир хонанда ва созандаларни ўз сафига тортаётганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз.

Айни пайтда фестивалимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим ва фан, маданият ва санъат соҳалари бўйича етакчи ташкилоти бўлмиш ЮНЕСКОнинг ҳомийлиги ва раҳнамолигида ўтказилаётгани бу анжуманга янада юксак мақом ва нуфуз бағишламоқда.

Қадрли дўстлар, азиз биродарлар!

Бу фестивалнинг жаҳондаги энг кўҳна шаҳарлардан бири бўлмиш, Шарқ оламининг ўлмас руҳини, унинг қадимий ва ҳамиша навқирон қиёфасини ўзида мужассам этган, ҳар қадамда шарқона файзу тароват сезилиб турадиган гўзал ва афсонавий Самарқанд шаҳрида ўтказилиши — бу фикрга ҳаммангиз қўшиласиз, деб ўйлайман — унга чуқур маъно-мазмун ва шукуҳ бахш этмоқда.

Бугунги санъат байрамига дунёнинг узоқ ва яқин давлатларидан келган сиз азизларни қутлар эканмиз, сизларнинг тимсолингизда биз, авваламбор, турли халқлар мумтоз мусиқасининг ёрқин вакилларини, санъат усталари ва устозларини кўрамиз.

Сизлар ўзингизнинг ноёб санъатингиз, инсон қалбига етиб борадиган куй-қўшиқларингиз ва ижро маҳоратингиз билан миллион-миллион мусиқа мухлисларига завқ бағишлаб, фестиваль хазинасини янада бойитишга муносиб ҳисса қўшасиз, деб ишонаман.

Шу ўринда муҳим бир фикрга алоҳида тўхталиб ўтишни зарур деб биламан. Бугун биз яшаётган нотинч ва ўта мураккаб даврда барчамиз бу фестивалнинг ижобий таъсири, аҳамияти ва моҳиятини унинг элу элатлар ўртасида ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, ҳаётбахш мусиқа санъати орқали одамлар қалбида эзгу инсоний туйғуларни уйғотиш, муштарак томирларни бир-бирига яқинлаштиришдек олижаноб мақсадларга хизмат қилишида кўрамиз.

Шу борада яна бир фикрни таъкидлаб ўтишни истардим. Ер юзидаги халқларни, тили, миллати, дини ва урф-одатидан қатъи назар, уларнинг барчасини бирлаштирадиган, авваламбор, ёш авлодимизнинг онги ва қалбида чуқур акс садо берадиган ғоят таъсирчан бир восита, қудратли бир куч борки, у ҳам бўлса, мусиқа, унинг оҳанг ва тароналари, мумтоз куй ва қўшиқлар, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Шу маънода, бугун очилаётган “Шарқ тароналари” фестивалининг ана шундай юксак ғояларга хизмат қилиши барчамизга баланд руҳ бағишлаб, кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшиши табиийдир.

Айнан ана шундай олижаноб мақсадларни рўёбга чиқариш ва ўзининг ноёб маҳоратини намоён этиш учун дунёнинг турли-турли минтақаларидан азим Самарқандга келган сиз азиз меҳмонларимизга, аввало, барча мусиқа ихлосмандлари номидан, қолаверса, бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдиришга рухсат бергайсиз.

Муҳтарам меҳмонлар!

Мен яхши тушунаман — шу кунларда сизларнинг бор эътиборингиз, вақтингиз, ҳаракат ва интилишларингиз фестивалдаги жўшқин ижодий мусобақаларда юқори ўринларга эришиш, соврин ва мукофотларни қўлга киритишга қаратилган. Ана шундай юксак ғалаба ва ютуқларни қўлга киритишда барчангизга зафар ва омадлар ёр бўлишини тилайман.

Албатта, ушбу анжуман кунларида яратилган имкониятлардан фойдаланиб, сизлар Самарқанд шаҳрининг бағрикенг, меҳмондўст халқи билан яқиндан танишасиз, унинг ноёб меъморий ёдгорликлари ва тарихий обидалари, афсонавий Шарқ тимсоли бўлмиш Самарқанд бозорларини кўрасиз ва ишонаманки, ўхшаши йўқ бу гўзал шаҳарга, Ўзбекистон заминига мафтун бўлиб қоласиз.

Ҳурматли юртдошлар! Муҳтарам меҳмонлар!

Бу йилги “Шарқ тароналари” фестивали бугунги кунда ҳар томонлама гўзал ва обод бўлиб, “Ер юзининг сайқали” деган таърифга муносиб бўлиб бораётган Самарқанд заминида Ватанимиз мустақиллигининг айни 20 йиллик тарихий санаси нишонланадиган, мамлакатимиз, халқимиз учун буюк муборак айём, қутлуғ кунларда бўлиб ўтаётгани чуқур рамзий маънога эга. Чунки “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига айнан мустақиллик йилларида асос солинди ва бу фестиваль истиқлолимиз билан бирга камол топиб бормоқда.

Мен ҳар сафар ушбу фестиваль муносабати билан Самарқандга келиб, сиз азизлар билан яна бир бор кўришиб, дилдан суҳбатлашиш имконига эга бўлганимдан ўзимни бахтиёр деб ҳис қиламан.

Шу фурсатдан фойдаланиб, мен учун қадрдон бўлган Самарқанд аҳлига доимо қалбимнинг тўрида сақланиб келаётган самимий меҳрим ва ҳурматимни яна бир бор изҳор этишдан хурсандман.

Шу унутилмас дақиқаларда сизлар билан бирга дунёдаги машҳур истеъдод эгаларининг бетакрор санъатидан баҳраманд бўлиб, байрам қувончини баҳам кўриш насиб этганидан ғоят мамнунман.

Бугунги тантанамизда иштирок этаётган ЮНЕСКО ташкилоти, Халқаро халқ ижодиёти кенгаши каби нуфузли халқаро тузилмаларнинг вакилларига, хорижий давлатларнинг элчилари, анжуманимизнинг фахрий меҳмони бўлган италиялик машҳур хонанда Аль Бано Карризи жанобларига сизларнинг номингиздан катта ҳурмат ва миннатдорлик билдиришга рухсат этгайсиз.

Хуш келибсиз Самарқанд заминига!

Хуш келибсиз Ўзбекистонимизга, азиз биродарлар!

Барчангизни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаб, сиз азизларимга сиҳат-саломатлик, янги-янги муваффақият ва омадлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.