Эпидемиологик барқарорлик сақланмоқда
Кейинги пайтларда баъзи хорижий мамлакатларда, ўта хавфли юқумли касалликлар бўйича эпидемик ва эпизоотик ҳолат анча мураккаблашгани кузатилмоқда. Аҳоли мигратсияси, мамлакатлар ўртасидаги алоқалар ривожланган бугунги шароитда бундай касалликларнинг тарқалиш хавфи янада ошади.
Бу юртимизда санитария-епидемиология муҳитини барқарор сақлаш, четдан инфексия кириб келишининг олдини олиш, аҳоли ҳушёрлигини янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика Бош Давлат санитария врачи Саидмурод Сайдалиев бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Юртимизда аҳолини юқумли касалликлардан ҳимоялашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари ва самарали тизими шаклланган, – дейди С.Сайдалиев. – Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 19 сентабрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида“ги фармонида белгиланган вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани бу ишлар кўламини янада кенгайтириш ва халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Юқумли касалликларнинг мамлакатимиз ҳудудига чегара орқали кириб келишининг олдини олиш бу тизимнинг устувор вазифаларидан биридир. Айни вақтда болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш тадбирларини юқори савияда ва уюшқоқлик билан ўтказиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, тиббий-профилактика ишлари қамровини кенгайтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ўз самараларини бераётир.
Мамлакатимизда тиббий-ижтимоий соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида соғлиқни сақлашнинг барча бўғинлари қатори санитария-епидемиология хизматининг ҳам моддий-техник салоҳияти юксалиб, замонавий технологиялардан самарали фойдаланилмоқда. Бу юртимизда санитария-епидемиология ҳолатини барқарор сақлаш, ўта хавфли юқумли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизими даволаш-профилактика муассасалари тиббиёт ходимларининг билимини ва ҳушёрлигини янада ошириш бу жараёнда муҳим аҳамият касб этади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу йўналишда ишлаб чиқилган махсус ўқув-амалиёт дастури доирасида йил бошидан буён эллик тўрт минг нафардан зиёд врач ва икки юз йигирма минг нафардан кўпроқ ўрта тиббиёт ходимлари ва ҳамширалар тайёргарликдан ўтди. Шифокорларга ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликларнинг клиникаси, диагностикаси ва даволаш усуллари, аҳоли ўртасида профилактик машғулотларни ташкил этиш услублари бўйича батафсил маълумотлар берилди, уларда зарур кўникмалар ҳосил қилинди.
Ҳудудий санитария-епидемиология назорати марказлари ичимлик суви манбалари ва очиқ сув ҳавзаларидан, айниқса, трансчегаравий дарёлардан мунтазам намуналар олиб, бактериологик ва кимёвий таҳлил ўтказмоқда. Бозорларда ҳар ҳафтада бир кун санитария ва тозалик куни деб эълон қилинган. Маиший чиқиндиларни ўз вақтида ташиб кетиш устидан доимий назорат ўрнатилган.
Жойларда эпидемиянинг олдини олишга оид бундай тадбирларни мониторинг қилиб бориш ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг вилоятлардаги бошқармалари, туман тиббиёт бирлашмалари ҳузурида куну-тун фаолият юритадиган махсус штаблар ташкил этилди. Замонавий ахборот технологиялари ва зарур жиҳозлар билан таъминланган ушбу тузилмаларга соғлиқни сақлаш соҳасининг етук мутахассислари, педиатрлар, юқумли касалликлар шифокорлари, илмий-тадқиқот институтлари олимлари, етакчи мутахассислар бириктирилган. Штабларда кундалик маълумотлар жамланиб, таҳлил этиб борилмоқда.
Юртимиз ҳудудига юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларида 58 санитария-назорат пункти фаолият юритмоқда. Уларнинг барчаси малакали кадрлар, замонавий диагностика ва лаборатория таҳлил асбоб-ускуналари, дезинфексиялаш воситалари билан таъминланган. Ушбу пунктларда ўтказилаётган тиббий текширувларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида бир қатор халқаро аеропортларда тана ҳароратини масофадан ўлчайдиган тепловизорлар ўрнатилган. Санитария-назорат пунктларининг барчаси контактсиз термометрлар билан таъминланган.
Юртимизда эпидемиологик барқарорликни таъминлашда дезинфексия стансияларининг ҳам ўз ўрни бор. Ҳозирги кунда соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида бир юз элликка яқин шундай стансия фаолият юритмоқда.
Хавфли юқумли хасталикларнинг олдини олишда касаллик манбалари бўлган кемирувчиларга ва уларни ташувчи ҳашаротларга қарши кураш тадбирлари алоҳида аҳамиятга эга. Айни пайтда мамлакатимизнинг барча тиббий-илмий марказлари томонидан бу борада самарали иш олиб борилмоқда.
Ўтган йилларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Фавқулодда вазиятлар, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари мутахассислари билан ҳамкорликда куйдирги касаллиги хавфи бўлган ҳудудлар қайта ҳисобга олиниб, бу жойларда эпизоотик ва эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Ушбу ҳудудларда доимий лаборатория мониторинги йўлга қўйилди.
Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва хонадонларда санитария-гигиена талабларига, тозаликка тўла риоя этиш ҳар қандай юқумли касаллик кириб келиши йўлидаги мустаҳкам тўсиқдир. Бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Республика саломатлик ва тиббий статистика институти ва унинг жойлардаги тузилмалари вилоятлар, туман ва шаҳарлардаги тегишли идора, ташкилотлар билан ҳамкорликда бу борада изчил тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда. Ўта хавфли юқумли инфексиялар ва ёз мавсумида учрайдиган ўткир ичак касалликларини келтириб чиқарувчи омиллар, уларнинг олдини олиш усуллари акс эттирилган тарқатма материаллар чоп этилиб, аҳолига етказилмоқда.
Узлуксиз равишда ўтказилаётган бундай кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида юртимизда эпидемик ва эпизоотик вазият барқарор сақланмоқда.