Саломатлик ва гўзаллик анжумани
Истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида миллатимиз генофондини янада соғломлаштириш, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоялаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Ватанимиз мустақиллигининг йигирма йиллигига бағишлаб Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган Аёллар спорт фестивалида айни жиҳатлар ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган матбуот анжуманига соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари, спорт мураббийлари, хотин-қизлар қўмиталарининг фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Д.Ҳасанова ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилишидаги мавқеини тобора юксалтириш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Юртимизда замонавий талабларга жавоб берадиган янгидан-янги спорт-соғломлаштириш мажмуалари бунёд этилиб, зарур спорт анжомлари ва инвентарлари билан жиҳозланмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтида қизлар спортини ривожлантириш бўйича малакали аёл спорт мураббийлари тайёрланаётир. Бундай эътибор самарасида юртимизда спорт билан шуғулланаётган хотин-қизлар сафи тобора кенгаймоқда. Бугун улар бир миллион 900 минг нафарни ташкил этади.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бу борадаги ишларни янада кенгайтириш мақсадида бир қатор лойиҳалар, мусобақаларни мунтазам ўтказиб келмоқда. Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федератсияси кенгаши, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида олтинчи марта ўтказилаётган Аёллар спорт фестивали ана шундай тадбирлардан биридир.
Жорий йилнинг 21-23 июл кунлари Термиз шаҳрида “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан!” шиори остида ўтказиладиган Аёллар спорт фестивалининг якуний мусобақаларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 294 нафар хотин-қиз қатнашади. Уларнинг аксарияти уй бекалари, нафақадаги аёллар экани юртимизда спортнинг тобора оммавийлашиб бораётганидан далолатдир.
Бу йилги мусобақаларнинг дастлабки босқичларида қарийб 76 минг нафар хотин-қиз волейбол, енгил атлетиканинг бир неча турлари, стол тенниси, дартс, сузиш, гимнастрада бўйича маҳоратини намойиш этди. Термиз шаҳридаги мусобақалар, асосан, “Сурхон” спорт мажмуаси ҳамда Олимпия захиралари коллежининг спорт саройида бўлиб ўтади. Спорт, саломатлик ва гўзаллик фестивали доирасида қизиқарли маърифий тадбирлар, санъаткорлар, ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, консертлар, турли анжуманлар ўтказилиши кўзда тутилган.
– Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан хотин-қизларни спортга жалб этиш орқали улар саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан олиб борилаётган кенг қамровли эзгу саъй-ҳаракатлар бугун ўзининг юксак самараларини бермоқда, – дейди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти профессори, спорт устаси Клара Шокиржонова. – Бадиий гимнастика, енгил атлетика, теннис, волейбол сингари спорт турларига қизиқувчи қизлар сафи йил сайин кенгаймоқда. Айни пайтда опа-сингилларимизнинг ўз саломатлиги учун эътибори ва масъулияти ҳам тобора кучаймоқда. Бу жиҳатлар Аёллар спорт фестивалида янада ёрқин ифодасини топаётир.