Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар самараси
Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Шу мақсадда юртимиз тиббиётида мутлақо янги тизим – перинатал, скрининг хизматлари, репродуктив саломатлик марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг натижасида ўсмир қизлар, туғуруқ ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ёш оналарнинг саломатлиги доимий назорат қилиб борилмоқда, улар ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказилмоқда, муҳими, соғлом авлодни шакллантиришга эришилмоқда.
Бу борада Президентимизнинг 2007 йил 2 октабрда қабул қилинган “Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган перинатал марказлар муҳим ўрин тутади.
Мазкур қарорга биноан 2008 йилда Самарқанд шаҳрида ҳам вилоят перинатал маркази ташкил этилди. Бу ерда турли патологик ҳолатдаги туғуруқларни хавфсиз ва самарали амалга ошириш, она ва бола саломатлигида кузатилган нуқсонларни бартараф этиш ҳамда уларни самарали даволаш ишлари олиб борилмоқда.
Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида қабул қилинган “Соғлом она – соғлом бола” консепсияси, Юртбошимизнинг “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори перинатал марказлар фаолиятини такомиллаштириш, уларда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур қарор ижросини таъминлаш ҳамда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида жорий йилдан бошлаб мамлакатимизда перинатал марказларнинг янги тизими яратилиб, тўққиз ҳудудда янги перинатал марказлар ташкил этилди.
Самарқанд вилояти перинатал маркази фаолияти ҳам такомиллаштирилди. Марказимиз олдига оғир акушерлик патологияси ва экстрагенитал касалликлари мавжуд аёллар, ҳомиладорлиги оғир кечган оналарни, шунингдек, муддатидан эрта туғилган чақалоқларни тиббиётнинг илғор технологиялари ёрдамида самарали даволаш, уларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш, туман, шаҳарлардаги туғуруқ мажмуаларига услубий-маслаҳат ёрдами бериш, врач ва ўрта тиббиёт ходимларининг замонавий перинатал технологиялардан фойдаланиш кўникмасини ошириш, репродуктив саломатлик бўйича аҳоли кенг қатлами орасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш каби вазифалар қўйилган.
Ушбу мақсадларга эришиш, аввало, марказ моддий-техник базасининг мустаҳкамлиги ҳамда врач ва ўрта тиббиёт ходимларининг малакасига боғлиқ. Шунинг учун айни пайтда марказ биносини реконструксия қилиш ишлари олиб борилмоқда. Республика инвеститсия дастурига кўра, бу ерда 1 миллиард 176 миллион сўмлик қурилиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Бу жараёнда бинонинг том қисми янгидан ёпилиб, коммуникатсия тизимлари тўлиқ алмаштирилди. Замонавий эшик-ромлар ўрнатилди. Уч қаватли бинонинг ҳар бир қавати марказ бўлимлари фаолиятига мос равишда реконструксия қилинди. Аввалги 4-5 кишилик хоналар ўрнида асосан бир ва икки кишилик хоналар ташкил этилди. Ҳар бир хонада она ва бола учун барча зарур шароитлар яратилди. Бино илгари шаҳар марказий иситиш тармоғига уланган бўлса, эндиликда индивидуал иситиш тизими барпо этилиб, иккита қозонхона қурилди. Шунингдек, бинода узлуксиз иссиқ сув бўлишини таъминлаш чоралари кўрилди.
Шу билан бирга, марказ поликлиникаси ва маъмурият жойлашган бино маҳаллий буджет ҳисобидан реконструксия қилинмоқда. Қурилиш ишлари тез кунларда якунланиб, мустақиллик байрами арафасида марказимиз бутунлай янгича шароитда иш бошлайди.
Марказда шу пайтгача гинекология, акушерлик, ҳомиладорлар патологияси ва реаниматсия бўлимлари фаолият кўрсатган бўлса, энди улар қаторига чақалоқлар патологияси ҳамда реаниматсия бўлимлари ҳам қўшилди. Бу турли хасталик ва нуқсонлар билан туғилган чақалоқларни марказнинг ўзида даволаш имконини беради. Шу вақтгача бундай чақалоқлар туғуруқ мажмуаларидан болалар шифохоналарига ўтказилиб даволанар эди. Оғир аҳволдаги ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни марказга олиб келиш учун малакали мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ фаолият кўрсатади ва улар замонавий автотранспорт воситасига эга бўлади.
Айни пайтда марказ фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган бўлса-да, “Саломатлик-3” дастури асосида яна бир қатор янги жиҳоз ва аппаратлар келтирилиши кўзда тутилмоқда.
Кези келганда шуни таъкидлаш лозимки, бугун вилоятимизда йигирмадан ортиқ туғуруқ мажмуалари фаолият кўрсатмоқда. Мустақиллик йилларида уларнинг барчаси замонавий биноларга эга бўлиб, сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Уларда тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифати ошиб, даволашда илғор тажрибалардан фойдаланилмоқда.
Албатта, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси юртимизда она ва бола саломатлигини давлат томонидан муҳофаза қилиш, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънан баркамол бўлиб ўсишига хизмат қилмоқда. Асосийси, қисқа фурсат ичида амалга оширилган ишлар бугун юксак самара бераётганини кўриш мумкин. Хусусан, кейинги йилларда болалар ўртасида инфексион касалликлар кескин камайди. Кўплаб юқумли хасталиклар умуман учрамаяпти. Оналар ва болалар ўлими кўрсаткичлари ҳам кескин қисқарди. Мисол учун, 1991 йилда вилоятимизда оналар ўлими 43,4 ва болалар ўлими 33,7 промиллини ташкил этган бўлса, 2010 йилга келиб бу кўрсаткич оналарда 18,3, болаларда эса 8,5 промиллини кўрсатди. Бугунги кунда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар бу натижаларни яна ҳам юқори даражага кўтаради.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган барча ишлар инсон манфаатларига хизмат қилмоқда. Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар замирида ҳам халқимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш мақсади мужассам.
Зайниддин Эгамқулов,
Самарқанд вилояти перинатал маркази раҳбари,
тиббиёт фанлари номзоди.