UZ RU
15.07.2011

Соғлигимиз ўз қўлимизда

Ёз фаслидаги юқори ҳаво ҳарорати озиқ-овқат маҳсулотларининг тез бузилишига, турли юқумли касалликлар тарқалишига олиб келиши мумкин. Юртимизда барқарор эпидемиологик вазият сақланиб турган бўлса-да, хотиржамликка йўл қўйиб бўлмайди. Зеро, турли юқумли касалликларнинг юртимизга кириб келишининг олдини олиш қатъий назорат ва доимий эътиборни талаб қилади. Фарғона вилоятида ҳам бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

– Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши атроф-муҳитда юқумли ошқозон-ичак касалликларини келтириб чиқарувчи микроорганизмларнинг тарқалишига шароит яратади, – дейди вилоят давлат санитария-епидемиология назорати маркази бош врачи Эргаш Маликов. – Айниқса, ёз кунларида ушбу касаллик билан оғриш ҳоллари кўпаяди. Шу боис бу мавсумда санитария меъёрларига қатъий риоя қилиш, профилактик тадбирларни янада кучайтириш лозим. Бу борадаги ишлар маҳаллий ҳокимият органлари, корхоналар, ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси давлат санитария-епидемиология назорати маркази мутахассислари ҳамда шаҳар ва туманлардаги тиббий муассасалар ходимлари билан ҳамкорликда жойларда профилактик тадбирларни янада кучайтирмоқда. Махсус штаб узлуксиз фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, зарур дори-дармонлар, дезмоддалар, ҳимоя кийимлари, намуналар олиш жамланмаси ва бошқа керакли ашёлар захираси яратилган.

Болажонлар ёзги таътилни ўтказаётган оромгоҳларда юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳам долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда вилоятдаги 23 статсионар ва 90 кундузги ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида назорат ишлари кучайтирилган. Бу жойларга махсус санитар врачлар бириктирилган. Очиқ сув ҳавзалари доимий лаборатория текширувидан ўтказилмоқда.

Айни вақтда шаҳар ва туманлардаги бозорларда, йўл ёқаларида уй шароитида тайёрланган салқин ичимликлар савдосига барҳам бериш мақсадида тегишли идоралар билан рейдлар ташкил этилмоқда. Марғилон шаҳар деҳқон бозорида ўтказилган рейд давомида 26 нафар фуқаронинг санитария талабларига умуман жавоб бермайдиган салқин ичимликлар савдоси билан шуғулланаётгани аниқланди ва уларга тегишли чора кўрилди. Жорий йилнинг 6 ойи мобайнида вилоятдаги 11 чегара санитария назорати пунктларида юртимизга кириб келаётган 69 708 киши тиббий кўрикдан ўтказилди.

Ҳар бир одам ўз саломатлиги учун, аввало, ўзи масъулдир. Шу боис санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш соғлом турмуш тарзининг муҳим омилларидан бири эканини унутмаслигимиз лозим.

М.Сулаймонов,