Самарқандда саломатлик ҳафталиги
Мамлакатимиз вилоятларида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” шиори остида саломатлик ҳафталиги ўтказилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида мустақиллик йилларида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бермоқда. Соҳага доир давлат дастурлари ва меъёрий ҳужжатлар тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 19 сентабрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги фармони, шунингдек, 2009 йил 1 июлда қабул қилинган “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан юртимизнинг барча вилоятларида Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг етакчи олимлари, юқори малакали шифокорлари иштирокида ўтказилаётган “Саломатлик ҳафталиги” ҳам аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида олиб борилаётган амалий ишларнинг яна бир ёрқин мисолидир. Тадбир доирасида кардиолог, терапевт, невропатолог, лор, ултратовуш текшируви, уролог, травматолог каби мутахассислар вилоятларда бўлиб, туманларнинг энг чекка ҳудудларида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқдалар.
Самарқанд вилоятида бошланган ҳафталик доирасида олис туманлар аҳолиси, айниқса, диспансер ҳисобида турадиган беморлар, ногиронлар, хотин-қизлар ва ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга зарур тиббий ёрдам ва тавсиялар бериш, юқумли ва бошқа касалликларнинг олдини олиш юзасидан кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб бориш кўзда тутилган.
– Ҳафталик давомида вилоятнинг еттита тумани аҳолиси қамраб олинади, – дейди саломатлик ҳафталигини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош офталмологи Зафар Сиддиқов. – Бунинг учун юртимиздаги етакчи тиббий муассасаларнинг ўндан зиёд юқори малакали профессорлари, тиббиёт фанлари номзодлари Самарқандга келишган. Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаснинг ҳар бир йўналиш бўйича бош врачлари ҳам гуруҳ таркибида жойларга чиқиб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишга кўмаклашмоқда. Айтиш мумкинки, энг улуғ, энг азиз байрамимиз олдидан ўтказилаётган мазкур тадбир юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон ва унинг манфаатларини ҳимоя қилишдек устувор мақсад мужассам эканидан далолатдир.
Маълумотларга кўра, ҳафталикнинг дастлабки икки кунида Иштихон туман тиббиёт бирлашмаси марказий поликлиникасида мазкур туман, шунингдек, Оқдарё ва Қўшработ туманларидан икки мингдан зиёд аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга керакли тиббий ёрдам ва тавсиялар берилган.
– Ҳафталик тадбирлари юқори савияда ташкил этилмоқда, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Сувонов. – Тиббий кўрик ўтказиладиган муассасалар энг сўнгги русумдаги УЗИ, ЭКГ, рентген, эндоскопия, лапороскопия аппаратлари билан жиҳозланган. Клиник лаборатория ишлаб турибди. Бундан ташқари, аҳоли рақамли флюра аппарати ёрдамида кўрикдан ўтказилмоқда. Тиббий текширувлар натижасида аниқланган хасталикларни даволаш учун туман, вилоят ва республика миқёсидаги даволаш-профилактика муассасалари, тиббий марказларга йўлланмалар берилмоқда. Тадбир давомида жойларда соғлом турмуш асослари, оилада тиббий маданиятни ошириш юзасидан давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
– Анча вақтдан буён кардиосклероз хасталигидан азият чекаман, – дейди оқдарёлик Марҳабо Йўлдошева. – Бугун Тошкентдан келган врачлар саломатлигимни текшириб кўриб, аниқ ташхис қўйишди. Зарур тавсиялар билан бирга Республика кардиология марказига йўлланма беришди. Ушбу тадбир ташкилотчиларидан миннатдорман.
Ҳафталик давомида Пахтачи, Нарпай, Тайлоқ ва Ургут туманлари аҳолиси ҳам тиббий кўрикдан ўтказилади.