UZ RU
29.07.2011

Эл соғлиги – юрт бойлиги

Мамлакатимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди!” шиори остида “Саломатлик ҳафталиги” ўтказилмоқда.

Мазкур тадбир Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада оширишда, аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сирдарё вилоятида ҳафталик доирасида Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг етакчи олимлари, юқори малакали шифокорлари иштирокида жойларда кенг қамровли, чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилмоқда.

Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасида ўтказилган тиббий кўрикда мазкур туман ва Сайхунобод туманидан 1700 га яқин аҳоли кардиолог, терапевт, невропатолог, лор, ултратовуш текшируви, уролог, травматолог каби етук мутахассислар кўригидан ўтди. Текширув натижаларига кўра, айрим беморларга мамлакат миқёсидаги даволаш-профилактика муассасалари, тиббий марказларга йўлланмалар берилди. Ўн нафар ногирон ўз уйларида текширувдан ўтказилиб, уларнинг тўрт нафарига ногиронлик аравачаси топширилди. “Соғлом авлод учун” жамғармаси вилоят бўлими томонидан беморларга дори-дармонлар тарқатилди.

– Кўп йиллардан буён чап оёғимни яхши боса олмайман, – дейди кўрикдан ўтаётган Д.Каримова. – Мен текширувдан ўтгач, жарроҳлардан республика даволаш муассасаларидан бирига йўлланма олдим.

– Энг аввало, кам таъминланган оилалар аъзолари, ногиронлар текширувдан ўтказилиб, уларга керакли тиббий ёрдам ва тавсиялар берилди, – дейди гуруҳ аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Шоҳайдар Шотурсунов. – Тиббиёт бирлашмасида бунинг учун барча шарт-шароитлар мавжудлиги тадбирни юқори савияда ташкил этиш имконини берди.

– Тиббий кўрикда аҳолининг фаол иштирок этиши халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб бораётганидан далолатдир, – дейди гуруҳ аъзоси, тиббиёт фанлари номзоди, эндокринолог шифокор Нодира Алихонова. – Буқоқ касаллиги ва унинг асоратидан азият чекаётган беморларга тиббий ёрдам кўрсатдик. Аҳолининг ушбу хасталикнинг олдини олиш, уни ўз вақтида, асоратсиз даволатишга бўлган интилишлари бизни қувонтирди.

Ҳафталик давомида вилоятнинг барча туманлари қамраб олинади, жойларда соғлом турмуш асослари, оилада тиббий маданиятни ошириш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилади.

“Саломатлик ҳафталиги” Фарғона вилоятида ҳам давом этмоқда.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, соғлом миллат, соғлом авлодгина буюк ишларга қодир бўлади. Шу боис, мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятни юксалтириш, тиббий хизмат сифатини ошириш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борада ишлаб чиқилган давлат дастурларида белгиланган вазифалар ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётгани ўз самарасини бераётир.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан истиқлолимизнинг 20 йиллик байрамига бағишлаб мамлакатимизнинг барча вилоятларида ўтказилаётган “Саломатлик ҳафталиги” эл соғлигини сақлаш йўлида олиб борилаётган яна бир хайрли тадбир бўлди.

Ҳафталик доирасида Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг етакчи олимлари, юқори малакали шифокорлари Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам бўлиб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда, соғлом турмуш тарзини шакллантириш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бораётир.

– Ҳозирга қадар Риштон, Бағдод ва Олтиариқ туманларида минглаб аҳолини тиббий кўрикдан ўтказдик, – дейди Тошкент тиббиёт академияси профессори, эндокринолог врач Барно Шоғазатова. – Кўрик давомида малакали шифокорлар томонидан беморларга 11 йўналиш бўйича зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, қишлоқ аҳолисига буқоқ, ошқозон-ичак, буйрак-тош касалликларининг олдини олиш юзасидан тавсиялар берилмоқда.

– Анчадан бери ўнг буйрагимдаги тошдан азият чекиб келаман, – дейди Тошлоқ туманидаги Арабмозор қишлоғида яшовчи Ҳасанбой Ғаниев. – Пойтахтдан келган малакали шифокорлар текшириб, даволанишим учун Республика урология марказига йўлланма беришди. Бизга кўрсатилаётган бу каби эътибордан жуда мамнунмиз.

– Тиббий кўрик юқори савияда ташкил этилмоқда, – дейди Риштон туманилик Воҳиджон Қосимов. – Бунинг учун туманимизнинг энг олис қишлоқларида ҳам шароитлар етарли. Бу юртимизда Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигига юксак ғамхўрлик кўрсатилаётганидан далолатдир.

  Д.Эсонова, М.Сулаймонов