Томчиси тиллога тенг
Сўнгги йилларда кузатилаётган экологик муаммолар бутун дунёда сувдан янада оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишни тақозо этмоқда.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини бераётир. Жумладан, Сув истеъмолчилари уюшмалари ташкил этилгани бу борада яхши самара бермоқда. Пахта экиш кўлами қисқартирилиб, унинг ўрнига сувни кам талаб қиладиган мева, сабзавот ва полиз экинлари етиштирилмоқда.
Сувдан самарали ва тежамли фойдаланишга қаратилган кенг кўламли тадбирлар натижасида дарёлардан сув олиш ҳажми 90-йиллардан буён 63 куб километрдан 52 куб километргача қисқарди.
Ҳозир фермерлар аграр соҳа тараққиёти ва юрт фаровонлиги қатраси олтинга тенг сувдан тежаб-тергаб фойдаланишга боғлиқ эканлигини чуқур англаб етмоқда. Эндиликда фермерлар суғориш ва шўр ювиш учун сарфланган ортиқча сув ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатишини яхши билади. Меъёридан ортиқча сув экин майдонига берилган ўғитларни ювиб, ер ости сувининг кўтарилишига олиб келади. Бу эса тупроқдаги мавжуд озуқа элементларининг камайишига сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 июнда қабул қилинган Сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва 2011 йил июн-сентабр ойларида суғорма сувни тежашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори қишлоқ хўжалиги учун сув олиш лимитларини белгилаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, тежамкор технологияларни жорий этиш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларининг сифатини оширишда дастуриламал бўлаётир.
- Мамлакатимизда умумий фойдаланиладиган сувнинг 92 фоизи қишлоқ хўжалиги экинлари учун сарфлангани боис сув ресурсларини интегратсиялашган ҳолда бошқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг сув ресурслари баланси ва сувни тежайдиган технологияларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Воҳид Аҳмаджонов. – Ҳозир сув ресурсларини интегратсиялашган ҳолда бошқариш мамлакатимиз бўйлаб 250 минг гектардан ортиқ суғориладиган майдонда амалга оширилмоқда. Ирригатсия тармоқлари модернизатсия қилинмоқда, сувдан фойдаланишни ҳисоблаш тизими такомиллаштирилмоқда. Қолаверса, сувни тежашни иқтисодий рағбатлантириш усулларидан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли ўртасида фаол тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ернинг мелиоратив ҳолатини таъминлашда сувни тежаш муҳим ўрин тутади. Шу боис сўнгги йилларда ерларнинг унумдорлигини ошириш учун 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирилди. Натижада қарийб 740 минг гектар суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.
Жорий йилда ҳам суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида 12 минг 165 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларида тозалаш-таъмирлаш ишлари бажарилади. Хўжалик ички суғориш тармоқлари тозалигини ва самарали ишлашини таъминлаш учун 9 минг 392 километр узунликдаги ариқлар тозаланди. Шунингдек, 3 минг 300 дан кўпроқ сув ўлчаш пости таъмирланиб, фермерлар даласидаги сув олиш қулоқларига 20 минг 975 сув ўлчаш жиҳозлари ўрнатилди. Мелиоратсия шохобчаларининг самарали ишлашини, дренаж ва оқава сувларнинг меъёрда чиқарилишини таъминлаш тадбирлари давом эттирилмоқда.
Насос стансиялари ҳудудларни сув билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу агрегатларнинг тўхтаб қолишининг олдини олиш мақсадида жорий йилда 1613 хўжаликлараро ва 1292 ички хўжалик насос агрегати, шунингдек, 870 дан кўпроқ суғориш қудуғи таъмирланди.
Сув танқислигини юмшатишнинг энг мақбул йўли ундан самарали фойдаланишдир. Шу мақсадда соҳага тежамкор технологиялар татбиқ этилмоқда. Хусусан, кейинги 3 йилда уч минг гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилди. Жумладан, Самарқанд вилоятида 1 минг 370 гектар, Тошкент вилоятида 400 гектар, Жиззах вилоятида 322 минг гектарда шундай усул жорий этилди. Жорий йил давомида бундай майдонлар яна 2 минг 154 гектарга кенгайтирилиши белгиланган. Шунингдек, эгатга полиетилен плёнка тўшаб суғориладиган майдонлар 3 минг гектарга, эгилувчан ва кўчма қувурлар ўрнатиладиган майдонларни эса 2 минг 535 гектарга кенгайтириш кўзда тутилган.
Сув истеъмолчилари уюшмаси сув таъминоти муносабатларини тартибга солиш, сув сарфини назорат қилиш ва сув хўжалиги ишини яхшилаш бўйича хизмат кўрсатади. Улар зиммасига хўжалик ички суғориш тармоқларини бир маромда ишлатиш, сув истеъмолчилари ўртасида адолатли сув тақсимотини ўрнатиш, суғоришнинг илғор технологияларини жорий этиш ҳамда уюшма аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир вазифалар юклатилган.
Жойларда обиҳаётдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув ресурсларини муҳофаза қилишни таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Фермерлар ва Сув истеъмолчилари уюшмалари ўртасида муносабатлар тобора мустаҳкамланмоқда. Қарийб тўрт миллион гектар майдонни сув билан таъминлаётган бир минг беш юзга яқин ана шундай тузилма жорий йилнинг ўтган даврида фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчиларига 16 миллиард 400 миллион сўмликдан зиёд хизмат кўрсатди.