UZ RU
02.08.2011

Аҳоли саломатлиги доимий эътиборда

Ватанимиз мустақиллигининг 20 йиллигига бағишлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Сурхондарё вилоятида ҳам “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди!” шиори остида “Саломатлик ҳафталиги” ўтказилди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тиббий муассасалар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни вояга етказиш, аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 19 сентабрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2009 йил 1 июлда қабул қилинган “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари ва тиббиёт олий ўқув юртларининг етакчи олимлари, юқори малакали шифокорлари иштирокида ташкил этилган “Саломатлик ҳафталиги” она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш, аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ҳафталик доирасида вилоятнинг чекка ва тоғли қишлоқлари аҳолиси, диспансер ҳисобида турадиган беморлар, ногиронлар, ёшлар ва хотин-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга зарур ёрдам ва тавсиялар берилди. Юқумли касалликлар ва уларнинг олдини олиш, тиббий маданиятни юксалтириш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ангор тумани тиббиёт бирлашмасининг марказий поликлиникасида ўтказилган тиббий кўрикда Қизириқ ва Шеробод туманлари аҳолиси ҳам иштирок этди.

– Муассасамизда юқори савияда тиббий кўрикларни ўтказиш учун барча шароит мавжуд, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Шокир Давлатов. – Сўнгги русумдаги ЭКГ, УЗИ, эндоскопия, қон таҳлили аппаратлари беморларга аниқ ташхис қўйиш, касалликларни ўз вақтида даволашимизда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мавжуд 13 қишлоқ врачлик пунктимиз ҳам “Саломатлик-2” лойиҳаси доирасида замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган. Шифокорларимиз аҳолининг тиббий маданиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишга кўмаклашиш ниятида келган пойтахтлик шифокорлардан юртдошларимиз беҳад хурсанд.

– Қон босимининг ошишидан азият чекаман, – дейди ангорлик Турди Тилавов. – Малакали мутахассислар кўригидан ўтиб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Улар касалимга аниқ ташхис қўйиб, зарур маслаҳатлар беришди. Бундай хайрли ишлар учун Юртбошимиздан миннатдормиз.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Саломатлик ҳафталиги” даврида шифокорларга кўпроқ урологик, эндокринологик, ошқозон-ичак, қон-томир касалликларидан азият чекаётган беморлар мурожаат этган. Уларга замонавий аппаратлар ёрдамида аниқ ташхис қўйилиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.

– Мамлакатимизда урологик касалликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназаров. – Юртимиздаги тиббиёт муассасалари туғма ва орттирилган урологик касалликларни аниқлайдиган замонавий аппаратлар билан жиҳозланди. Касалликни даволашнинг энг илғор усуллари қўлланилмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ҳафталик доирасида воҳанинг барча туманлари қамраб олиниб, касаллик аниқланган айрим беморларга туман, вилоят ва мамлакат миқёсидаги даволаш-профилактика муассасалари, тиббий марказларга йўлланмалар берилди.

Х.Маматрайимов,