Аҳоли саломатлиги йўлида
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Жиззах вилоятида ҳам “Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди!” шиори остида “Саломатлик ҳафталиги” бўлиб ўтди. Ҳафталик давомида вилоятнинг барча туманларидаги беморлар республика ихтисослашган илмий марказлари, илмий текшириш институтлари ва тиббиёт таълим муассасаларининг етакчи олимлари ҳамда юқори малакали шифокорлари иштирокида тиббий кўрикдан ўтказилди.
Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар туфайли аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги ошди. Соҳага давлатимиз томонидан катта маблағ ажратилиши, хориж инвеститсияларининг жалб этилиши натижасида тиббиёт муассасалари замонавий бинолар, сўнгги русумдаги тиббий аппарат ва жиҳозлар билан таъминланди. Шифокорларнинг билим ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Амалга оширилаётган бундай ишлар юртимизда аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг йигирма йиллиги олдидан ўтказилган мазкур тадбирга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилгани боис, бирорта ҳам бемор эътибордан четда қолмади. Республика марказий тиббиёт муассасаларининг мутахассисларидан ташкил топган гуруҳларга кўмаклашиш учун вилоят, туманлар соғлиқни сақлаш муассасаларининг малакали шифокорлари жалб этилди. Кўрик ўтказиладиган тиббиёт муассасаларида ҳар томонлама қулай шароитлар яратилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан маълум қилишларича, ҳафталик давомида жами 3 минг 600 нафардан зиёд бемор тиббиёт ходимлари кўригидан ўтказилган.
– “Саломатлик ҳафталиги” давомида болалар, аёллар ва марказий тиббиёт муассасаларига бориш имконияти чекланган беморларга асосий эътибор қаратилди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Мелитожи Ёқубов. – Барча турдаги касалликлар, жумладан, ички касалликлар, қон-томир, жарроҳлик, асаб, кўз, болалар, эндокринология ва бошқа хасталиклар бўйича тиббий кўрикдан ўтказиш таъминланди.
Ҳафталикни ташкил этишда аҳоли бирмунча тарқоқ жойлашган тоғ туманлари, ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитлари, касалликларнинг тарқалиш хусусиятларига алоҳида эътибор қаратилди. Зомин, Янгиобод, Бахмал, Ғаллаорол, Фориш каби тоғ туманларида тиббий кўрикдан ўтганлар сони юқори бўлгани ҳам буни тасдиқлайди.
– Ҳудудимизда рўйхатга олинган 565 беморнинг барчаси шифокорлар қабулида бўлди, – дейди Ғаллаорол тумани марказий шифохонаси бош врачи Дувлон Маматмуродов. – Кейинги йилларда шифохонамизнинг замонавий тиббий асбоб-ускуналар, ташхис аппаратлари билан тўлиқ таъминлангани ушбу тадбирни самарали ўтказиш имконини берди. Кўрикка келган беморларнинг ҳаммасига ташхис қўйилиб, даволанишлари, соғлигини тиклашлари учун маслаҳатлар, йўлланмалар берилди.
Бундан 15-20 йил илгари юқори малакали, етакчи мутахассислар иштирокида туман шифохоналарида бундай тиббий кўрикларни ўтказиш имкони йўқ эди. Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли бугун қишлоқ шифохоналарида ҳам шаҳардагидек шарт-шароитлар яратилди.
– Оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида туман шифохоналарида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ, – дейди Республика ихтисослашган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Нодиржон Муҳамедов. – Соғлиқни сақлаш иншоотларининг тўлиқ янгиланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминлангани ушбу соҳага қаратилган катта эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.
– Анча йилдан бери бўғин оғриғидан азият чекаман, – дейди Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Қандли қишлоғида яшовчи Тангир Избосаров. – Пойтахтдан малакали шифокорларнинг туманимизга келиб, бизларга кўрсатаётган эътиборидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.
Қўшни туманлар аҳолисининг етиб келишига қулайлик яратиш мақсадида Пахтакор ҳамда Дўстлик туманлари марказий шифохоналарида ҳам ана шундай тиббий кўриклар ўтказилди.