Соғлом авлод камолоти йўлида
Пойтахтимизда Жаҳон чақалоқларни кўкрак сути билан озиқлантириш ҳафталигида мамлакатимизнинг иштирокига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФнинг юртимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тегишли давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, тиббий илмий марказлар олимлари, шифокорлар, кўкрак сути билан озиқлантириш миллий лойиҳаси бўйича фаолият юритаётган мутахассислар ва журналистлар иштирок этди.
Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида навқирон авлодни соғлом ва баркамол этиб камолга етказиш, оналик ва болаликни муҳофазалаш, аҳоли репродуктив саломатлигини сақлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда. “Соғлом она – соғлом бола” мақсадли дастури, оналик ва болаликни муҳофазалаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, миллат генофондини мустаҳкамлашга йўналтирилган кенг кўламли тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Кейинги ўн йилда мамлакатимизда оналар ўлими коеффитсиенти 33,1 промилледан 19,7 промиллега, болалар ўлими коеффитсиенти эса 18,9 промилледан 10,1 промиллега тушгани, туғма ва ирсий касалликлар билан туғиладиган болалар сони қарийб икки баробар камайгани ана шу са’й-ҳаракатлар натижасидир.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Дилором Аҳмедованинг та’кидлашича, болаларни кўкрак сути билан озиқлантиришни кенг тарғиб этиш, ҳомиладор аёлларга ва чақалоқларга интеграллашган усулда тиббий хизмат кўрсатишга алоҳида э’тибор қаратилаётир. Натижада оналар ва болалар саломатлиги яхшиланиб, болалар ўлими ва касалликларининг олдини олишга эришилаётир.
Мамлакатимиз бу йўналишда жаҳон миқёсида амалга оширилаётган хайрли ташаббуслар ва лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этмоқда. ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Кўкрак сути билан эмизишни қўллаб-қувватлаш бўйича бутунжаҳон алянси томонидан дунёнинг бир юз етмишдан ортиқ давлатида ўтказилаётган ҳафталик бунга мисолдир.
Оналар ва болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мамлакатимиз соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятининг бош мезонидир. Бу борадаги вазифаларни тўла адо этаётган бир қатор шифохоналаримиз ЮНИСЕФнинг “Болага меҳри баланд шифохона” сертификатини олган. Жорий йилда жойлардаги ўттиз уч туғуруқ мажмуаси, ўн саккиз оилавий поликлиника ва йигирмага яқин қишлоқ врачлик пункти ушбу йўналишдаги синовдан муваффақиятли ўтди.
Матбуот анжуманида болаларни кўкрак сути билан озиқлантириш тадбирларининг она ва бола саломатлигида тутган ўрни, юртимизда тиббий хизматни такомиллаштириш борасидаги тадбирлар самараларига бағишланган ма’рузалар тингланди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.