UZ RU
24.06.2011

МУСТАҚИЛЛИК — БАРЧА ЮТУҚЛАРИМИЗНИНГ АСОСИДИР

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 22-23 июнь кунлари Қашқадарё вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига сафарининг иккинчи куни Қарши туманидаги “Рамз Норов” фермер хўжалиги далаларига ташриф буюрди.

Вилоят миришкорлари 145 минг гектар майдонда етиштирилган ғалла ҳосилини нест-нобуд қилмасдан ўз вақтида йиғиштириб олиш чораларини кўрмоқда. Айни пайтда 160 минг гектардан зиёд ерда парваришланаётган ғўза қатор ораларига агротехник талаблар асосида ишлов бериш, нам сақлаш технологияларидан самарали фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.

— Ёзнинг ҳар бир кунидан, айниқса, июль-август ойларидан самарали фойдаланиш ҳосил тақдирини ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этишини тажрибали деҳқонларимиз яхши билади, — деди Ислом Каримов. — Бу йил ҳавонинг нисбатан қуруқ келгани деҳқонларимиз учун бирмунча қийинчиликлар туғдирган бўлса-да, улар ўз тажрибаси, ­маҳорати ва бетиним меҳнати билан барча машаққатларни енгиб, мўлжалдаги ҳосилни олиш чораларини кўрмоқдалар.

Юртбошимиз мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, муаммоларни вақтида ҳал этиш зарурлигига эътиборни қаратар экан, намликни сақлаш борасида тажрибали деҳқонларимиз қўллаб келган усул — ерни маҳаллий ўғитга тўйдириш, шарбат усулида суғоришдан самарали фойдаланиш лозимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси ­Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 16 июнда қабул қилинган “Сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва 2011 йил июнь-сентябрь ойларида суғорма сувни тежашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, вилоятда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув истеъмоли ҳажмини камайтиришни таъминловчи ­деҳ­қончилик тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш, сувни тежайдиган замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

“Рамз Норов” фермер хўжалигига қарашли 13 гектар ерда ғалланинг “Силянка”, 83 гектар майдонда ғўзанинг “Бухоро-102” нави парваришланмоқда. Ушбу ғалла нави ҳосилдорлиги, тезпишарлиги билан ажралиб туради. Суғориладиган майдонларда “Силянка” навидан 60-70 центнергача ҳосил олиш мумкин. Бугунги кунда вилоятда етиштирилган ғалланинг 25 фоизини ана шу нав ташкил ­этади.

Президентимиз комбайнчилар билан суҳбатлашди.

“Клаас-доминатор” комбайни оператори, тажрибали механизатор Қобил Латипов Германия билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган ушбу комбайннинг афзалликлари — иш унумдорлиги, ҳосилни нобуд қилмаслиги, ­сомонни сочиб ташламаслиги ва бошқа қулайликлари ҳақида гапирди. Комбайнчилар орасида ёшлар кўплиги эътиборни тортди.

Президентимиз бугунги ёшлар, уларнинг интеллектуал салоҳияти ҳақида гапирар экан, касб-ҳунар коллежларида ўқув ва амалиёт тизимини янада такомиллаштириш, уларни замонавий техника воситалари билан таъминлаш, коллежларда таҳсил олаётган ёшлар замонавий фанларни, жумладан, ахборот технологияларини, хорижий тилларни пухта ўрганиши лозимлигини таъкидлади.

Юртбошимиз Қарши туманидаги “Бахт” фермер хўжалиги ҳузурида ташкил этилган Фермерларга илмий-амалий маслаҳат бериш маркази фаолияти билан танишди. Хўжалик дала шийпонида фермерлар, вилоят фаоллари, ёшлар билан суҳбатлашди.

Ислом Каримов фермерлик ҳаракатининг истиқболи ҳақида сўз юритар экан, фермерлар ­наинки иқтисодий, балки ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг ҳам таянчига айланиб бораётганини таъкидлади.

— Фермер хўжалигимизда 100 киши меҳнат қилади, — деди “Бахт” фермер хўжалиги раҳбари Иброҳим Холиёров. — “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг вилоят филиалидан 160 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, сутни қайта ишлаш технологиясини харид қилдик. Унинг ишга туширилиши фаолиятимизнинг янги йўналишига асос бўлди. Ушбу ускуна бир кунда 3 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга. 520 бош қорамолимиз бор. Қатиқ, қаймоқ, пишлоқ сингари маҳсулотларимиз туман марказидаги махсус дўконларда ­сотилмоқда.

Президентимиз суҳбат асносида одамларнинг онгу тафаккуридаги, турмушидаги ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратди. Ижтимоий-маънавий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларига тўхталди. Фарзанд тарбияси, хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ҳақида сўз юритди.

— Энг илғор фан ютуқлари, замонавий технологиялар, ёшларимизнинг юксак интеллектуал салоҳияти мамлакатимиз буюк келажагини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, — деди Юртбошимиз. — Ёшларимиз замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан бемалол беллаша олишлари лозим. Чунки бизнинг ёшларимиз ҳеч кимдан кам эмас, кам бўлмайди ҳам.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз — мамлакатимиз мустақиллигининг 20 йиллигини кенг нишонлаётган халқимиз амалга оширилган бетимсол бунёдкорлик ишлари, онгу шууримиздаги ўзгаришлар, турмушимиз фаровонлиги — буларнинг барчаси истиқлол туфайли эканини теран англайди. Қашқадарё вилоятида давом этаётган улкан ­бунёдкорлик ва янгиланишлар жараёни ҳам бунинг амалдаги ифодасидир.

Воҳид ЛУҚМОНОВ,

Феруз ХОЛМИРЗАЕВ,

ЎзА махсус мухбирлари.