ИЗЧИЛ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЮКСАК САМАРАЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 22 июнь куни Қашқадарё вилоятига келди.
Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Қашқадарё вилоятида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар ободонлашиб, замонавий қиёфа касб этаётир. Янги корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари, кенг ва равон йўллар, боғ ва хиёбонлар бунёд этилмоқда.
Қашқадарёда саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳалари жадал ривожланмоқда. Вилоятда жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиши 105,9 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш, пуллик хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларда барқарор ўсиш таъминланди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, фермер хўжаликлари экин майдонларини оптималлаштириш асосида йириклаштирилган, барқарор хўжаликларни шакллантириш натижасида самарадорлик изчил ўсмоқда, фермер хўжаликларининг молиявий-иқтисодий аҳволи тобора яхшиланмоқда. Пировардида қишлоқ аҳолисининг даромади ва турмуш даражасини ошириш, қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, замонавий инфратузилмаларни шакллантириш имконияти янада кенгаймоқда.
Бугун вилоятда фаолият юритаётган 7139 фермер хўжалигининг ҳар бирига ўртача 102 гектардан ер майдони тўғри келади. Соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган эътибор, яратилган шарт-шароит натижасида рентабеллик ва қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлиги ошди.
Президентимиз Ислом Каримов Қашқадарё бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилиги илмий тадқиқот институтида бўлиб, олимлар ва ёш илмий тадқиқотчилар билан суҳбатлашди.
Юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур институт маҳаллий тупроқ хусусиятлари ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, суғориладиган майдонларда ғалла ҳосилдорлигини ошириш ва сифатини жаҳон андозаларига мослаштириш, сув тақчиллиги ва шўрга чидамли ғалла навларини яратиш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш каби вазифаларни бажаради.
— Қашқадарё — катта иқтисодий салоҳиятга, улкан имкониятларга эга вилоят, — деди Президентимиз. — Ушбу институтни айнан Қашқадарёда ташкил этишдан кўзланган мақсад — ана шу салоҳиятдан самарали фойдаланиш, вилоятнинг ўзига хос тупроқ ва иқлим шароитини илмий асосда чуқур ўрганиш, ёш олимларнинг изланишлари учун кенг имкониятлар яратишдан иборат.
Юздан зиёд олим ва илмий ходим меҳнат қилаётган мазкур институтда бугунги кунда буғдойнинг ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитига мос, эртапишар, касалликлар ва зараркунандаларга чидамли навлари ўрганилмоқда. Қарши, Касби, Шаҳрисабз ва Қамаши туманларида тажриба майдонлари мавжуд. Институт олимлари томонидан яратилган “Туркистон”, “Жайхун” ва “Яксарт” каби буғдой навлари тўлиқ районлаштирилди.
— Буғдой ҳосилдорлигини ошириш билан бирга, ҳар томонлама сифатли ғалла навларини яратишимиз лозим, — деди Юртбошимиз. — Ўтган йили мамлакатимизда 7 миллион 300 минг тонна ғалла етиштирилди. Ҳосилдорлик йил сайин ошиб бормоқда. Истиқлолнинг илк йилларида бор-йўғи 800 минг тонна ғалла етиштириб, четдан 5 миллион тонна буғдой олиб келган Ўзбекистон аллақачон ғалла экспорт қилувчи давлатлар сафидан жой олди. 2010 йилда 400 минг тоннадан зиёд ғалла экспорт қилдик.
Давлатимиз раҳбари институт олдида турган долзарб вазифалар ҳақида гапирар экан, ёшлар салоҳияти ва имкониятларидан кенг фойдаланиш, илмий изланишлар учун уларга барча шароитларни яратиш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши биологик усулда курашиш самарадорлигини ошириш лозимлигини таъкидлади.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни, хусусан, футболни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ўзининг юксак самараларини бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 19 январда қабул қилинган “2011 — 2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда футболни янада ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Футбол бўйича мамлакатимиз олий лигасида Қашқадарёнинг уч жамоаси — Қаршининг “Насаф”, ўузорнинг “Шўртан”, Муборакнинг “Машъал” жамоалари тўп сураётгани ҳам ана шундай доимий эътибор ва ғамхўрликнинг самараларидандир.
Давлатимиз раҳбари “Насаф” футбол клубининг Қарши шаҳридаги замонавий футбол базасини бориб кўрди. Футболчилар ва мураббийлар билан суҳбатлашди. Осиё футбол конфедерацияси кубоги баҳсларида яхши натижаларни қўлга киритаётган “Насаф” футбол жамоасини эришаётган ютуқлари билан табриклади.
— Шундай спорт турлари борки, унда спортчининг индивидуал маҳорати алоҳида аҳамият касб этади. Бироқ футбол — жамоавий ўйин. Унда жамоа аъзоларининг бирдамлиги, аҳиллиги, фидойилиги энг муҳим омилдир, — деди давлатимиз раҳбари.
Мамлакатимизда, жумладан, Қашқадарёда футболни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборни “Насаф” клуби базасида яратилган шарт-шароит мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
— Мен Ўзбекистонда футбол жадал ривожланаётганига гувоҳ бўлдим, — деди “Насаф” футбол жамоаси бош мураббийи, украиналик таниқли мутахассис Анатолий Демяненко. — Бу Сизнинг спортни, хусусан, футболни оммалаштириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш, болалар спортини ривожлантиришга қаратаётган улкан эътиборингиз самарасидир.
Президентимиз “Насаф” футбол клуби жамоасига замонавий автобус совға қилди.
Воҳид ЛУҚМОНОВ,
Феруз ХОЛМИРЗАЕВ,