МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИГА
Қадрли дўстлар!
Авваламбор, сиз, ҳурматли журналистлар, нашриёт ва матбаа соҳаси вакилларини — бугунги кунда тобора ўткир ва таъсирчан кучга эга бўлиб бораётган, оғир ва машаққатли, шу билан бирга, шарафли касб эгаси бўлган, ўзини ахборот соҳасини ривожлантиришдек олижаноб ишга бағишлаган сиз азизларни 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман.
Албатта, ҳаммамиз учун азиз ва муқаддас бўлган Ватанимиз мустақиллигининг яқинлашиб келаётган 20 йиллик буюк санаси арафасида ўтаётган бу байрамнинг алоҳида маъно-мазмуни борлигини, ўйлайманки, нафақат соҳа ходимлари, балки уларнинг ижоди ва меҳнати маҳсулидан ҳар куни баҳраманд бўладиган миллионлаб юртдошларимиз, бутун халқимиз яхши англайди.
Айни шундай дамларда эл-юртимиз ҳаётида тарихан қисқа бир даврда рўй берган ўзгаришлар — ўз куч ва салоҳиятимизга таяниб, миллий давлатчилигимизни қайта тиклаш, сиёсий ва иқтисодий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, халқаро майдонда мамлакатимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга эришиш йўлида қандай улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритганимиз ҳақида сўз юритишимиз табиийдир.
Айни шу кунларда оммавий ахборот воситалари соҳасида амалга оширган ишларимизга танқидий баҳо берар эканмиз, улардан тўғри хулоса чиқариш, замоннинг ўзи талаб қилаётган муҳим масалаларни кун тартибига қўйиш ва уларни ҳал қилиш барчамиз учун энг долзарб вазифа бўлиб тургани хусусида ортиқча гапиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.
Бугунги қутлуғ айёмда ўлкамизда мустақил миллий матбуот пайдо бўлган даврдан бошлаб, бу ишнинг тамал тошини қўйган, доимо халқ билан, унинг дарду ташвишлари, эзгу орзу-умид ва интилишлари билан яшаган маърифатпарвар боболаримиз, бу йўлда ўзини фидо қилган инсонларнинг, муҳтарам фахрийларимизнинг номларини ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этамиз.
Юртимизда амалда ўзини оқламаган эски мафкура ҳукмронлик қилган даврларни эслар эканмиз, шуни тан олишимиз керакки, ўша замонда ҳам ахборот соҳасининг жонкуяр намояндалари, қандай оғир бўлмасин, воқеликни тўғри ёритиш, халқимиз бошидан кечирган машаққатли кунларни юрагидан, қалбидан ўтказиш, яқин тарихимиздаги машъум йилларда миллатимизнинг қадр-қимматини, шанини ҳимоя қилиш, турли туҳмат ва бўҳтонлардан асраш, энг муҳими, миллий қадриятларимиз, ўзлигимизни сақлашда ўзини аямасдан, виждонан хизмат қилганини, мардлик ва маънавий жасорат кўрсатганини бугун катта миннатдорлик билан тилга олишимиз ўринлидир.
Биз мустақилликка эришган биринчи кунларданоқ миллий ғояни шакллантириш, озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуришдек буюк мақсадларни ҳар қайси инсоннинг онгида, маънавий оламида кенг қарор топтириш йўлида матбуотимиз катта ҳисса қўшаётганини, бунинг аҳамияти ва моҳиятини алоҳида таъкидлаш ва эътироф этиш зарур, деб биламан.
Шу борада одамларимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг дунёқараши тобора ўзгариб, уларнинг онгу тафаккури юксалиб, сиёсий ва фуқаролик фаоллиги, дахлдорлик туйғуси ошиб бораётган бир пайтда бу жараёнларда айнан матбуот соҳасининг ўрни ва таъсирини юксак баҳолашимиз албатта адолатдан бўлади, деб ҳисоблайман.
Азиз дўстлар!
Бугун биз XXI асрда — глобаллашув деб ном олган, шиддат билан ўзгариб бораётган замонда яшар эканмиз ва ўз олдимизга Ўзбекистонни ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқиш мақсадини қўйган эканмиз, давр талаблари билан ҳамоҳанг ва ҳамқадам бўлиб ҳаёт кечиришимиз зарурлигини ўзимиз учун яна бир бор аниқ-равшан тасаввур этиб олишимиз шарт.
Олдимизда турган муҳим вазифа ва мақсадлар ҳақида гапирганда, авваламбор, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш йўлидаги изчил ҳаракатларимизни янада кучайтириш ва уларни янги, юқори босқичга кўтариш ҳаётий заруратга айланиб бораётганини барчамиз чуқур англаб олмоқдамиз.
Шу борада ҳаётимизда ахборот эркинлигини таъминлаш, давлат ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, уларни одамларнинг ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантириш бугунги кунда энг долзарб вазифамиз бўлиб қолмоқда.
Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг қонуний кафолатларини таъминлашга қаратилган, халқаро демократик талаб ва стандартларга тўла жавоб берадиган ҳуқуқий замин яратилгани, соҳанинг моддий-техник базаси тобора мустаҳкамланиб бораётгани ва бундай ишлар изчил давом эттирилаётгани, ҳеч шубҳасиз, бу йўлдаги ҳаракатларимизнинг муҳим таркибий қисмидир.
Айни пайтда бу йўналишда кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалар, амалий ҳаётимизда тўсиқ бўлиб, ўзининг ечимини кутаётган масалалар ҳали-бери кўплигини, ўйлайманки, ҳаммамиз, авваламбор, матбуот жамоатчилиги жуда яхши англаб, сезиб турибди.
Бугунги кунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, телерадиоэшиттиришлар, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатларига оид янги қонунларни қабул қилиш бўйича ишларни тезлаштириш кераклигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини таъминлаш, уларнинг ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасидаги ролини кучайтиришга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳам ўзининг амалий ижросини кутиб турибди.
Бу қонунларнинг қабул қилинишидан ҳаммадан ҳам кўпроқ манфаатдор бўладиган сиз, журналистлар бу жараёнда ўз фикр-мулоҳазаларингиз, амалий таклифларингиз билан фаол иштирок этасиз, деб ишонаман.
Яна бир масала тўғрисида тўхталишни жоиз, деб биламан. Бу ўринда гап давлат томонидан оммавий ахборот воситалари, нашриётлар ва матбаа корхоналари, матбуот тарқатувчи ташкилотлар фаолиятини янада ривожлантириш учун уларга янги имтиёз ва преференциялар бериш ҳақида бормоқда. Авваламбор, бу тузилмаларга янги йилдан бошлаб солиқ юкини сезиларли даражада камайтириш бўйича имтиёзлар бериш режалаштирилмоқда.
Ана шундай имтиёзлар, албатта, оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини қоғозда эмас, амалда таъминлаш учун молиявий шароит туғдириб бериши, ушбу соҳада меҳнат қилаётган ишчи ва ходимларнинг даромадини, моддий фаровонлигини ошириш билан бирга, бошқа бир қатор соҳа ва тармоқлар ривожига ҳам катта таъсир кўрсатиши, шубҳасиздир.
Биз бу борада тараққий топган давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда, ушбу масаланинг ижросини қатъий назоратга олишимизни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Олдимизда турган яна бир муҳим вазифа борки, у ҳам бўлса, матбуот соҳасида ҳали-бери учраб турадиган ўткир мавзуларни четлаб ўтиш, ўзини ўзи назорат қилиш, мансабда ўтирган кишиларга итоатгўйлик, кимгадир ёмон кўринмаслик, воқеликка бир хил ёндашув каби камчиликларни бартараф этиш билан боғлиқдир.
Соҳада кадрлар, хусусан, ёш журналистларни тайёрлаш тизимини тубдан ўзгартириш, журналистик таълимга ихтисослашган олий ўқув юртларининг ўқув-методик базасини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, катта маҳорат ва ижодий тажрибага эга бўлган мутахассисларни, илғор педагогик технологияларни таълим жараёнига жалб этиш бўйича ҳам ҳали кўп иш қилишимиз керак.
Шулар қаторида халқаро майдонда информация соҳасида эришилган ютуқларни пухта ўзлаштириш, журналистларимизнинг ўз хорижий ҳамкасблари билан тажриба алмашиш тизимини янгича асосда йўлга қўйиш вазифаси ҳам долзарб бўлиб турибди. Барчамизга аёнки, бундай вазифаларни бажаришда замонавий медиа техника ва технологияларни, Интернет тизимида қўлланадиган тилларни пухта эгаллаш ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, мустақил, янгича фикрлайдиган, истеъдодли ёшларга оммавий ахборот воситалари соҳасида кенг йўл очиб беришга қаратилган ишларни янада кучайтиришимиз зарурлигини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз.
Бугунги кунда ахборот оламида Интернет даври келгани, интернет-телевидение, интернет-радио, электрон почта, онлайн-видео каби кўплаб янги ахборот тарқатиш технологиялари қандай тез суръатлар билан ривожланиб, уларнинг аудиторияси ва таъсир доираси тобора кенгайиб бораётгани ҳақида ортиқча гапиришга зарурат йўқ, деб ўйлайман.
Бундай ахборот воситаларига, асосан, ёшларнинг жуда катта қизиқиш билан қараши ва улардан кенг фойдаланишини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам, бу масаланинг нақадар улкан аҳамиятга эга эканини англаш қийин эмас. Айтиш керакки, ёшлар билан тенг бўлиб, самимий ва самарали мулоқот қилиш учун мана шундай ахборот-коммуникация технологияларини барча журналистлар, биринчи навбатда, ёш журналистларимиз ҳар томонлама чуқур ва атрофлича эгаллаши кераклигини кимгадир тушунтириб беришга ҳеч қандай ҳожат йўқ.
Албатта, Интернет орқали дунёнинг исталган нуқтаси билан тезкор алоқа ўрнатиш, зудлик билан зарур ахборот ва маълумотларни олиш, билим ва маърифатни оширишда унинг беқиёс ўрни ва аҳамияти борлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Биз одамларимизнинг Интернет имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланишга бўлган интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Такрор бўлса-да, айтмоқчиман — ахборот оламида қандайдир девор ўрнатиш, ўз қобиғига ўралиб, маҳдудликка юз тутиш йўли бизга асло маъқул эмас.
Шу билан бирга, бугун ён-атрофимизда, узоқ-яқин минтақаларда юз бераётган воқеаларни инобатга оладиган бўлсак, ҳали онги, ҳаётий қарашлари шаклланиб улгурмаган ёшларни чалғитишга қаратилган ғаразли кучлар ҳам Интернет имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётгани ва бундай интилишларнинг қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эътибордан соқит қилиб бўлмайди.
Жамиятда тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришга, ўзаро адоват ва тўқнашувларга сабаб бўладиган бундай хатарларнинг олдини олишнинг битта йўли бор: ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, дўстни душмандан ажратишга қодир бўлган, бизнинг қандай бой тарих ва меросга эга эканимизни англаб яшайдиган, имон-эътиқодли, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия топган инсонлар этиб вояга етказишимиз, бу масалани ҳеч қачон иккинчи даражали вазифа, деб билмаслигимиз керак.
Муҳтарам дўстлар!
Журналист аҳлининг меҳнати, одамларга, жамоатчиликка таъсири ҳақида шахсан мен доим юксак фикрдаман. Матбуот минбаридан айтилган сўз қандай қудратли акс садо бериши мумкинлигини, унинг таъсири ва самарасини ошириш, аввало, сизларнинг маҳоратингиз, ижтимоий позициянгиз, инсоний ва ижодий фазилатларингизга, ҳамиша масъулият туйғуси билан иш олиб боришингизга боғлиқ эканини миллионлаб муштарийлар яхши билади ва сиздан айнан шуни кутади.
Ўз касбининг ҳақиқий устаси ва фидойиси бўлган, ўзининг ҳаққоний сўзи билан одамларни эзгу мақсадларга сафарбар эта оладиган, эл-юрт манфаати, халқимизнинг бугунги ва эртанги куни учун ёниб яшайдиган сиз, жонкуяр журналистларни мен ўзимнинг суянчим ва таянчим, деб билишимни бугун яна бир бор айтмоқчиман.
Сизларни касб байрамингиз билан чин қалбимдан табриклар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, янги-янги ижодий ютуқлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Ислом КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти.