UZ RU
27.06.2011

ЗАҲРИ ҚОТИЛ – ИНСОН УМРИНИНГ КУШАНДАСИ

Маълумки, ҳар йили дунёда 26 июнь Бутунжаҳон гиёҳвандликка қарши кураш куни сифатида нишонланиб, турли хилдаги тадбирлар ўтказилади. Шундай экан, бу глобал муаммо бутундунё мутахассисларини ташвишга солаётган долзарб масалалардан бири эканлиги ҳеч биримизга сир эмас.

Аввало, гиёҳвандлик – инсон организмининг наркотик ва психотроп моддаларни муттасил равишда ошиб борувчи миқдорини қабул қилишга мойилликнинг шаклланиши билан боғлиқ оғир касалликлар гуруҳининг ривожланиши ҳисобланади ҳамда у инсон шахси ва руҳий ҳолати чуқур ўзгаришига, шунингдек, тана ички аъзолари фаолияти жиддий зарарланишига олиб келади. Одамларни гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга ундайдиган асосий нарса уларнинг наркотик моддалар томонидан чақириладиган субъектив ёқимли кечинмаларни такрорий равишда ҳис қилишга бўлган интилишидир.

Ҳар бир гиёҳванд ўз хоҳиш-иродаси билан ёки ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда кайфиятини кўтариш, эмоционал ҳолатини яхшилаш учун ҳаддан ташқари кучли эҳтиёж сезади. Гиёҳванд моддаларни дастлабки пайтда истеъмол қилишдан мақсад, ўзини безовта қилаётган – чарчоқлик ва ҳаётдан қониқмаслик каби ҳиссиётлар исканжасидан вақтинчалик бўлса ҳам қутулишдир.

Гиёҳвандликка олиб келувчи омиллар қаторида айримларга хос иродасизлик, шунингдек, ўзининг нуқсонли табиати, қобилиятсизлиги туфайли одамлар ўртасида мулоқот ўрната олмаслиги каби салбий таъсирлардан қутулишга интилиш сингари ҳолатларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Гиёҳвандлар наркотик моддаларга нисбатан дастлаб руҳий, сўнгра жисмонан боғланиб қоладилар. Руҳий боғланиш деганда инсоннинг гиёҳванд моддалар таъсирида дастлаб ҳис этган ёқимли сезги ва кечинмаларини яна қайтадан ҳис қилиши тушунилади. Ана шу дастлабки босқичдаёқ организмнинг талабини у ёки бу сабабларга кўра қондирмаслик бемор кайфиятининг бузилиши, яъни депрессия ҳолатини келтириб чиқаради ва унда наркотик моддага боғланиш пайдо бўла бошлайди. Бу босқичда невроз аломатлари кўзга ташланиб, жаҳл тез чиқиши, чарчаш, фикри тарқоқлиги, сезувчанлик ортиши, вегетатив асаб тизими фаолияти бузилиши каби белгилар пайдо бўлади.

Гиёҳванд моддаларни муттасил истеъмол қилиш иродани бўшаштиради, меҳнат қилиш қобилиятини пасайтиради ва унинг таъсирида асаб тизими ҳужайралари ҳалок бўлади, организмнинг иммун ҳимоя хусусияти пасаяди, ёмон сифатли ўсмалар (рак) ўсиши фаоллашиб, инсон умри қисқаришига олиб келади. Гиёҳвандлар ўта хавфли – ОИТС (СПИД) касаллигини тарқатувчи асосий манбага айланиб қолади.

Гиёҳвандликка қарши кураш: гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни ман этувчи, таркибида гиёҳванд моддалари бўлган ўсимлик турларини ўстиришни тақиқлаш, гиёҳвандларни ўз вақтида аниқлаб, ишга жалб қилиш, давлат чегаралари орқали гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга тўсиқ яратиш, гиёҳвандларни даволаш каби чора-тадбирларни амалга ошириш йўли билан олиб борилади.

К. ТЎЛЯГАНОВА,

Республика саломатлик ва тиббий статистика

институти Тошкент вилояти филиали директори.

Таъкидлаш жоизки, дунёнинг глобал муаммосига айланган гиёҳвандлик инсонлар соғлигига зарар етказиши билан бир қаторда, уларнинг турмуш тарзига ҳам таъсир қилаётганлиги барчамизга маълум. Биламизки, гиёҳванд моддаларга героин, наша, кўкнори, кокаин, метадон ва бошқалар киради.

Ушбу заҳри қотилни қабул қилиш натижасида ўсмирлар ва болалар организмида бир қатор ўзгаришлар, яъни асаб-руҳий тизими фаолияти бузилиши, сезиш, эслаш, фикрлаш қобилияти пасайиши ва йўқолиши кузатилади. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш натижасида организмда психологик ҳамда жисмоний мойилликлар келиб чиқади. Гиёҳвандлик кўчасига кирган инсонлар руҳий мойилликда бўлиб, улар палапартиш юришлари билан ташқи томондан ўзга одам эътиборини тортади. Жисмоний мойиллик – асосан организмнинг гиёҳванд моддага бўлган мойиллиги ортиши ҳамда унинг иштирокисиз организм нормал фаолият кўрсатмаслиги билан, шунингдек, доимий гиёҳвандлар ўз вақтида моддаларни қабул қилмасалар, уларда оёқ, қўл бўғимлари ва мушакларда кучли оғриқ, бош оғриғи, уйқусизлик, овқат ҳазм қилиш, юрак қон-томир, нафас олиш аъзолари тизимлари фаолияти бузилиши, тез-тез суюқ ич кетиши ҳамда қаттиқ қўрқув белгилари кузатилади. Бу белгилар гиёҳванд моддаларни қабул қилгандан кейин тезда изсиз йўқолади. Гиёҳванд моддани сурункали истеъмол қилиш натижасида организмда жисмоний мойилликнинг кучайиши ва шаклланиши вужудга келиб, инсон ўзини бошқара олмайди. Эндиликда қабул қиладиган гиёҳванд моддаларни ўзининг яхши кайфиятда бўлиши учун эмас, балки шу моддаларсиз организмнинг нормал фаолият кўрсатмаслиги асосий сабаб ҳисобланади. Ушбу заҳри қотилни истеъмол қилишда аёлларнинг ҳам иштирок этаётганлиги ачинарли ҳолдир. Айниқса, бўлажак ҳомиладор аёл организми ва ҳомилага зарарли таъсири шундаки, ҳомила пайдо бўлган вақтдан бошлаб, 70 кунгача жуда нозик ҳисобланади, чунки бу вақтда унинг аъзолари ва тўқималари шакллана бошлайди, бу эса ҳар қандай салбий таъсир туғма нуқсонлар пайдо бўлишига сабаб (ҳомила ўлик туғилиши, эрта тушиши, ақли заиф, мажруҳ чақалоқлар туғилиши) бўлади. Шунингдек, гиёҳванд моддаларни 1 та шприц орқали 5-6 та одам томирга юбориши натижасида ОИТС касаллиги билан зарарланиш ҳолати юз бериши аянчли ҳолдир. Гиёҳвандликка сурункали ружу қўйганларни даволаш айрим ҳолларда биз кутган натижани бермайди. Шу сабаб, бу жирканч иллатнинг олдини олиш учун аҳоли орасида тарғибот ишларини кучайтиришимиз зарур.

Агарда қуйидаги ҳолатларни оила аъзоларингизда кузатсангиз, демак у инсон гиёҳвандлик кўчасига кирган бўлади:

- кутилмаганда хурсандчиликдан кайфиятнинг тушиши;

- ноодатий ўзгаришлар, кутилмаганда жаҳл чиқиши ёки ҳаддан ташқари кўп гапириш;

- хулқнинг яширин ўзгариши, ёлғон гапириш, борган жойларини сир тутиши, болаларда дарсга бормаслик, фанларда ўзлаштиришнинг пасайиши, озиб кетиш, ҳар хил доғ ва ҳидларнинг тана ҳамда кийимларда пайдо бўлиши, кўзлар тез-тез қизариши, кўз қорачиғининг қисқариши ёки кенгайиши, тушунарсиз гапириш;

- уйдан пул ёки қимматбаҳо нарсаларнинг йўқолиши, ота-онасидан керагидан ортиқча пул талаб қилиши. Сизга таниш бўлмаган ва олдин учрамаган ўсимликлар, кукун, игна ва шприцларнинг пайдо бўлиши.

Азизбек НИЗАМОВ,

Республика саломатлик ва тиббий статистика

институти Тошкент шаҳар филиали

"Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш"

бўлими бошлиғи.