UZ RU
25.06.2011

САРАТОН ИССИҒИДАН САҚЛАНИНГ

Айни кунларда об-ҳавонинг кескин исиб кетиши натижасида одамларда офтоб уриши ва сувсизланиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Шундай экан, инсон организмининг муҳим хусусиятларидан бири унинг ташқи муҳит таъсирига мослаша олишидир. Иссиқ иқлим шароитига мослашишда организмни чиниқтириш, вақтида овқатланиш, ҳатто терлашнинг роли катта.

Одам организмида моддалар алмашиш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқлик узлуксиз ташқарига чиқиб туради. Масалан, мушакларнинг бир кеча-кундуз енгил ишлаши натижасида организмдан уч минг катта калорияга яқин иссиқлик чиқади. Яна бир мисол: одам танасидан кеча-кундузда ажралиб чиққан иссиқлик билан уч тонна ҳажмдаги сув ҳароратини бир даражага кўтариш мумкин.

Инсон организмида иссиқлик энергияси ҳосил бўлиши билан бирга айни вақтда уни тарқатиш жараёни ҳам давом этади. Бу эса асосан буғланиш ва терлаш ҳисобига амалга оширилади. Бу борада одам терисининг аҳамияти каттадир. Агар одам териси термос деворига ўхшаб иссиқ ўтказмайдиган хусусиятга эга бўлганида, тана ҳарорати бир соат ичида 1,5 даражага кўтарилиб, 40 соатдан сўнг қайнаш нуқтасига етарди. Организмда тўхтовсиз давом этадиган иссиқ алмашиш жараёни икки соат давомида издан чиқса, саломатликка салбий таъсир этади, натижада тана ҳарорати уч даражага кўтарилиши мумкин. Бундай ҳол узоқ давом этиши киши саломатлигига путур етказади. Одам кам ёки кўп терлаши бир неча сабаблар – кунлик ҳаво ҳарорати, қуёш нури таъсири, шамол тезлиги, ҳаво намлиги, кийим ранги ва қалин-юпқалиги, иш шароити, ниҳоят, организмнинг ҳолати ва бошқаларга боғлиқ.

Тошкент шаҳри корхоналаридаги ишчиларнинг кузатишидан шу нарса аниқландики, ёз фаслида ҳар бир киши ўрта ҳисобда тер билан 4-5 литр сув ва 20-30 грамм ош тузи йўқотар экан. Одам танасидан тер ажралиши ва унинг буғланиши тананинг совишига сабаб бўлади.

Иссиқ ҳаво ва қуёш нури таъсиридан тана қизиб кетиши натижасида қуйидаги ҳолларни кузатиш мумкин: гипертермия ёки тананинг қизиб кетиши, қуёш уриши, организмнинг турли ҳолатда сув йўқотиши. Бундай кўнгилсиз ҳолатлар, вазиятга қараб алоҳида ёки биргаликда содир бўлиши ҳам мумкин.

Гипертермиянинг енгил турида иштаҳа йўқолади, чанқайди, лоҳас бўлади ва уйқу босади. Организм ҳарорати кўтарилиб, қон томир уриши ва нафас олиш тезлашади, терлаш кучаяди. Ўртача гипертермияда юқоридаги аломатларга бош оғриши ва айланиши, нафас қисиши, тери юзаларининг кўкариб кетиши ҳамда бўшашиши қўшилади. Иссиқ урганда ҳароратнинг кўтарилиши билан бир вақтда: беҳушлик, лаблар кўкариши, қон-томир уриши тезлашиб, сўнг сусайган бўлади, терлаш ҳам камаяди, айрим ҳолларда тўхтаб қолиши мумкин.

Қуёш урганда тана ҳарорати озгина кўтарилади. Бошқа клиник белгилар эса иссиқ урганга ўхшаш бўлади. Организмнинг ортиқча сув йўқотиши натижасида "сувга ташналик" ҳолати юз беради. Бунда одам сув ичкан сари ичкиси келаверади. Танадан ажралаётган тер буғланмай, томчи ҳолатида ажралиб чиқади, натижада организм ҳарорати пасаймайди. Оғир ҳолатларда эса чексиз ташналик, иштаҳа пасайиши, дармонсизлик, қорин-ичак фаолияти бузилиши ва мувозанатни сақлаш қобилиятининг сусайиши юз бериши мумкин.

Юқоридаги ҳоллар содир бўлганда дарҳол беморнинг иссиқ алмашиш қобилиятини тиклашга ҳаракат қилиш керак. Умуман, ҳамма ҳолларда ҳам беморни юқори ҳарорат ҳамда қуёш нури таъсиридан соя-салқин ерга олиб чиқиш лозим ва эркин ҳаракатни қийинлаштирувчи кийимлардан ҳоли қилиш, сув ичиши, бош ва кўкракка латтани совуқ сувга ҳўллаб бош кўтарилган ҳолда босиш зарур. Беморга сув ичиришнинг иложи бўлмаса, тери ости ёки вена қон-томирига шифокорлар ёрдамида физиологик суюқлик юбориш керак. Иссиқ иқлим шароитида серёғ овқатларни бирмунча камроқ, янги сабзавот ва турли мевалардан кўпроқ истеъмол қилиш лозим. Ёз кунлари овқатларни бироз шўртамроқ еган яхши, чунки иссиқ ҳарорат таъсирида тер орқали танадан ош тузи керагидан кўпроқ ажралиб чиқади, бу эса тўқималарнинг ўз таркибида суюқликни сақлаш қобилиятини пасайтириб юборади.

Овқатланиш режимига келганимизда, у асосан иш режимига монанд тузилиши лозим. Саратонда кундалик истеъмол қилинадиган овқатнинг асосий қисмини эрталаб ва кечки пайтда ейиш, тушда эса янги сабзавотлардан тайёрланган, ўз таркибида етарли оқсилга эга бўлган овқатларни истеъмол қилиш яхши натижа беради. Кун иссиғида кўк чой ичиш жуда фойдалидир. Турли янги мевалар – олма, ўрик, айниқса, олчадан тайёрланган шарбат ва коктейллар ҳам ташналикни яхши қондиради. Ичимликларни эрталаб ва кечқурун тўйгунча ичиш мумкин. Туш пайтида эса ортиқча истеъмол қилиб бўлмайди. Иссиқ иқлим шароитида тўғри кийиниш ҳам саломатлик гаровидир. Турли рангдаги сунъий капрон тўқималар ёки қалин ялтироқ материаллардан тикийлган кийимлардан кўра, синовдан яхши тўган оқ матодан, енгил лавсандан тикилган кийимлар иссиқ иқлим шароитида жуда қулай.

Бизнинг иссиқ иқлим шароитимизда саратоннинг энг иссиқ ойларида инсонлар кўзларига офтобдан сақлайдиган кўзойнак тақишлари жуда фойдалидир. Саратон ойларида эркаклар сочини тез-тез устара билан олдириб, бошига офтоб ўтказмайдиган оқ рангдаги енгил бош кийим кийиб юришга одатланиши сочни мустаҳкам қилишнинг муҳим омилларидан биридир.

Саратонда кун режими, шахсий гигиенага амал қилиш лозим. Ёз кунларида барча соҳа кишилари ишни эрта бошлашга, куннинг қизиган вақтида эса дам олишга одатлансалар, меҳнат унумдорлиги яхши бўлиши шубҳасиз. Иссиқ кунларда ишдан кейин илиқ душда чўмилиш ёки ванна қабул қилишга одатланиш организмни чиниқтиришнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.

А. ТОҲИРИЙ,

Тошкент Врачлар

малакасини ошириш институти катта ўқитувчиси.