Мангу барҲаёт
Дунёда шундай инсонлар борки, ўзлари сезмаган ҳолда келажак учун ўчмас из ва бебаҳо маънавий бойлик қолдирадилар. Ана шундай инсонлардан бири тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ибрагимович Ниязматовдир. Ўзининг кўп йиллик меҳнатлари билан халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилиб келган, тиббиёт ривожига муносиб ҳиссасини қўшган ажойиб инсон энди орамизда йўқ.
Бахтиёр Ниязматов 1965 йилда Андижон тиббиёт институтини муваффақиятли тугатиб, илк фаолиятини Фарғона вилоятидаги Қува туманига қарашли қишлоқ участка шифохонасида бош врачлик лавозимидан бошлади. Шу давр мобайнида ёш, интилувчан ва касбга бўлган меҳри билан иш олиб борган Бахтиёр Ибрагимович аҳоли орасида касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзи масалаларига катта эътибор қаратди. Талабчан ва фидойи инсон Андижон вилоят Хўжабод ва Жалолқудуқ туманлари санитария-эпидемиология станцияси бош врачи вазифасида кўп йиллар давомида иш юритиб, халқимизни юқумли касалликлардан фориғ этиш ҳамда эпидемиологик барқарорликни таъминлашда астойдил хизмат қилиб, ҳамкасблари ва аҳоли орасида ҳурмат ва эътиборга эга бўлди. Турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб, ҳар томонлама етук мутахассис эканлигини намоён қилган камтарин инсон раҳбарият томонидан 1986 йилда Андижон вилоят санитария-эпидемиология станцияси бош врачи, 1990 йилда эса Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вазифаларида фидокорона меҳнат қилиб, вилоят аҳли орасида санитария-эпидемиология масалаларига катта эътибор қаратиб, юқумли касалликларнинг олдини олишда, бунинг баробарида эса тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини шакллантириш ҳамда кадрлар тайёрлаш ишларига алоҳида масъулият билан ёндошди.
Жонкуяр, меҳнатсевар раҳбар, етук ташкилотчи ва малакали мутахассис Бахтиёр Ниязматов 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачи, Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари вазифасига тайинланди.
Ўз касбининг моҳир устаси Бахтиёр Ниязматовнинг беш йил давомида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борган фаолиятлари натижасида юртимизда инсон ҳаёти учун хавфли бўлган бир қатор касалликлар профилактикаси бўйича катта ишлар амалга оширилди. Таъкидлаш муҳимки, соҳадаги юқумли касалликларнинг айримлари қайд этилмади, айримлари эса кескин камайди.
Ўзининг кўп йиллик тажрибаларини намоён эта олган, халқимиз саломатлиги йўлида 51 йил давомида меҳнат қилган самимий ва камтарин инсон юртимиздаги бирқанча халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият олиб борди.
Бахтиёр Ниязматов қайси жойда, қайси лавозимда ишлашидан қатъи назар, ўзининг фидокорона меҳнати, моҳирона ташкилотчилигию, одилона раҳбарлиги билан ҳамкасбларига ўрнак бўлди. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигидаги "Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш – Здравоохранение Узбекистана" газетаси, "Саломатлик" журнали ва бир қанча нашрларда жамоатчилик асосида фаол иштирок этиб, уларнинг моддий-техник базасини ривожлантиришда катта ҳисса қўшди.
Боғбон бурчи мевали дарахт экиш ва ўстириш бўлганидек, ана шундай қалби пок инсоннинг шарафли мақсадларидан бири шогирдлар етказиш эди. Тажрибали устоз ҳам ўз касбининг моҳир боғбони десак, муболаға бўлмайди. Бугунги кунда устоз етиштирган шогирдлар республика тиббиёт муассасаларида халқимиз саломатлиги йўлида меҳнат қилиб келишмоқда. Яна шуни қайд этиш муҳимки, устознинг раҳбарлиги ва иштироки натижасида, 1997 йилда "Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинди. Дарҳақиқат, Бахтиёр Ниязматовнинг Ўзбекистонда санитария-эпидемиология хизматини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдаги меҳнатлари давлатимиз томонидан қадрланиб, 2000 йилда "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими" ва 2003 йилда "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланди. 2010 йил сентябрь ойидан бошлаб, Бахтиёр Ниязматов то умрининг охиригача Тошкент врачлар малакасини ошириш институти эпидемиология кафедраси мудирлиги вазифасида ишлаб келди.
Афсуски бешафқат ўлим ана шундай ажойиб инсонни орамиздан олиб кетди. Шу муносабат билан марҳумнинг оила аъзолари ва барча яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Бахтиёр Ибрагимович Ниязматовнинг ёрқин хотираси қалбимизда абадий сақланиб қолади.
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги.