АХБОРОТ СОҲАСИДА ҚОНУНЧИЛИК ТИЗИМИ
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик жамият қуриш, ижтимоий-сиёсий жараёнларни ёритиш ва ислоҳотларни амалиётда кенг татбиқ этиш борасида олиб борилаётган ахборот сиёсати тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади. Айниқса, мамлакат қонунчилик тизимида ахборот соҳасидаги эркинлик ва ошкораликни таъминлаш, парламент фаолиятини кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва фаоллигини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Шу маънода мавзуга янада ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Матбуот хизмати раҳбари Олим Ўсаров билан суҳбатда бўлдик.
– Олим Авалбоевич, маълумки, мамлакат тараққиёти ва ижтимоий ҳаёт воқеликларини тезкор халқ оммасига етказишда оммавий ахборот воситаларининг алоҳида ўрни бор. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги қонунчилик тизимимизда ахборот соҳаси эркинлигини таъминлаш ва ундаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш борасида қандай амалий ишлар бажарилмоқда?
– Оммавий ахборот воситаларининг сиёсий жараёнлардаги фаол ривожланиши жамиятимизда ошкоралик, очиқликни таъминлаш ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда таъсирчан тизимга айланиб бормоқда десак, муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, демократик тамойилларга таянган оммавий ахборот воситалари фаолияти фуқаролар сиёсий фаоллигини кучайтириш, уларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга жалб этиш учун бевосита асос ҳамда демократик ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи кучдир, дейиш мумкин. Шу боис, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб ахборот соҳасидаги ислоҳотлар тадрижий ва тизимли равишда олиб борилмоқда. Натижада, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни демократик ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи кучга айлантириш бўйича ўзига хос тажриба тўпланди. Соҳада амалга оширилган ислоҳотлар самараси туфайли, юртимизда босма ва электрон оммавий ахборот воситалари сони ўн маротаба кўпайиб, нодавлат сектор тармоғидаги субъектлар сони ҳам анчага ошди. Эфир маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий ахборот технологиялари фаол жорий этилмоқда. Интернет глобал ахборот тармоғидан фойдаланувчилар сони ҳам кун сайин ўсмоқда. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 700 дан ортиқ мустақил босма оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатаётгани, 53 фоиз телевидение ва 86 фоиз радиоканаллар нодавлат сектор улушига тўғри келаётгани, охирги ўн йилнинг ўзида нодавлат ОАВ сони 10 баробар ошгани ҳам соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. Хусусан, Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси"да ҳам муҳим йўналишлардан бири сифатида ахборот соҳасида давлат томонидан олиб борилаётган сиёсат, сўз эркинлиги ва фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини изчил амалга оширишни таъминлаш масалалари кун тартибига қўйилди. Юртимизда ОАВ эркинлиги даражасининг муҳим кўрсаткичларидан бири – бу ахборот соҳасининг изчил ва эркин тараққиёти ҳамда ҳар кимнинг монеликсиз ахборот олиш ҳамда ундан фойдаланиши учун зарур шароитларни таъминловчи такомиллашган ҳуқуқий базанинг мавжудлигидир. Жумладан, Бош қомусимизнинг 29, 30, 67-моддаларида ҳам ОАВ эркинлиги, аҳолининг ўз фикр ва мулоҳазаларини эркин ифодалаш ҳуқуқи, ҳар қандай кўринишдаги цензуранинг тақиқланганлиги қатъий белгилаб қўйилган. Шунингдек, "Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида", "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида", "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида" ва "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги каби қатор қонунларда ҳам маълум тартибдаги қонун-қоидалар кўрсатиб ўтилган. Бугунги замонавий воқелик ва ислоҳотлар даврида ахборот соҳасини либераллаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш, жамият ҳаётида ОАВ ролини кучайтиришда самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш зарурлиги талаб этилмоқда. Шу боис, ҳар бир оммавий ахборот воситаси олдида ахборот бозорида ўз ўрнини топиш, тараққиёт йўлини белгилаш, фуқаролик институтлари тизимида ўз мавқеини мустаҳкамлаш каби долзарб масалаларни ҳал этишдек асосий вазифалар турибди. Бундай шароитда ўз қатъий позициясини фақат иқтисодий жиҳатдан эркин ва молиявий мустақил бўлган оммавий ахборот воситасигина сақлаб қолади. Чунки, уларнинг фаолияти кўп жиҳатдан моддий-техник базани муттасил модернизациялаш ва соҳага бозор механизмларини жорий этиш билан боғлиқ экан, буларнинг барчаси сифатли ахборот хизматини кўрсатишга, кенг жамоатчиликка тезкор, холис ва ҳаққоний ахборот етказишни таъминлашга ижобий таъсир этади. Ўрганишларимиз натижаси шуни кўрсатдики, айрим туман газеталарида иқтисодий ва моддий-техник жиҳатдан муаммолар борлиги аниқланди. Шу сабабли, ҳафталик нашрлар айрим ҳолларда ойда бир маротаба чоп этилмоқда, дизайни ва мақолаларнинг савияси билан боғлиқ муаммолар ҳам афсуски учраб турибди.
Концепцияда давлатимиз раҳбари томонидан ахборот соҳасини ислоҳ этиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашнинг муҳим вазифаси этиб ОАВнинг молиявий ва иқтисодий мустақиллигини таъминлаш ғояси таклиф этилди. Унга кўра, "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги, "Оммaвий axборот воситaлaри фaолиятининг иқтисодий aсослaри тўғрисидa"ги, "Оммaвий axборот воситaлaрини дaвлaт томонидaн қўллaб-қуввaтлaш кaфолaтлaри тўғрисидa"ги ва "Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида"ги қонунлaрни ишлаб чиқиш масаласи Қонунчилик палатаси зиммасига юкланди. Бунга мувофиқ, парламентдаги депутатлар гуруҳи ва бошқа ҳамкор ташкилотлар, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Таъкидлаш жоизки, ушбу концепция асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан концепцияда илгари сурилган ғояларни амалга оширувчи Ҳаракат дастури ишлаб чиқилди. Фуқароларнинг ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти билан боғлиқ ахборотлардан кенг хабардор бўлишини таъминловчи самарали ҳуқуқий механизмлар яратишга қаратилган "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонунни қабул қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, бу нафақат оммавий ахборот воситалари ходимлари зиммасига, балки бошқа маҳаллий ва давлат ҳокимияти ташкилотлари олдига ҳам муҳим вазифаларни қўяди. "Оммaвий axборот воситaлaри фаолиятининг иқтисодий aсослaри тўғрисидa"ги қонунда, авваламбор, оммавий ахборот воситалари мулкининг ҳуқуқий тартибини белгилаш, хусусан, оммавий ахборот воситаси таҳририяти мулкдорининг иқтисодий ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, "Оммaвий axборот воситaлaрини дaвлaт томонидaн қўллaб-қуввaтлaш кaфолaтлaри тўғрисидa"ги қонун лойиҳасида эса, миллий ахборот маконини тобора ривожлантириб боришга қаратилган иқтисодий, молиявий имтиёзлар ва преференциялар тизимини, шу жумладан, солиқ, божхона, ташқи иқтисодий фаолият бўйича имтиёзлар тизимини яратишнинг ҳуқуқий нормалари ўз аксини топиши мўлжалланмоқда.
Маълумки, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар мамлакат аҳолисининг деярли юз фоизини қамраб олган ахборот манбаи ҳисобланади. Шу сабабли, Президентимиз томонидан "Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида"ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифи киритилди. Бу масала жуда долзарб аҳамиятга эга. Чунки аҳолининг аксарият қисми жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир тезкор ахборотларни айнан телевидение ва радио тармоқлари орқали олиш имкониятига эга. Рақамли телевидениега ўтиш, онлайн тизимнинг жорий этилиши ва бошқа тезкор ахборот етказувчи манбаларнинг пайдо бўлиши оммавий ахборот соҳасидаги ўзгаришлардан далолат беради. Юқорида қайд этилган қонунларнинг қабул қилиниши ахборот макони иштирокчиларининг фаолият самарадорлиги ортишига ва иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш, қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар ва иқтисодий преференциялар яратишга, тадбиркорлик фаолиятида қатнашиш, пуллик хизматларни кўрсатиш учун оммавий ахборот воситаларига кенг имкониятлар беради.
– Парламент ҳаёти ва мамлакат ижтимоий-сиёсий ислоҳотлари билан боғлиқ фаолиятларни кенг халқ оммасига етказишда журналист-мутахассисларнинг фаоллиги қандай бўлмоқда?
– Муҳтарам Президентимиз 2010 йил 27 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги "Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир" маърузасида парламент фаолиятига баҳо берар экан, тизимда йўл қўйилган айрим муаммо ва камчиликлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, халқ депутатлари вакилларининг фаолиятида очиқлик ёки парламент томонидан қабул қилинаётган қарор ва қонунлар ижроси, мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тезкор етказишда фаоллик етишмаслиги, шунингдек, оммавий ахборот воситалари билан ишлашда айрим камчиликлар борлиги танқид остига олинди. Бунга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида ўтган йили матбуот хизмати ташкил этилди ва унинг зиммасига ОАВ билан самарали фаолиятни йўлга қўйиш, парламентда қабул қилинаётган Қарор ва қонунлар мазмун-моҳиятини телерадио, интернет ҳамда бошқа босма оммавий нашрлар орқали жамоатчиликка етказиб бериш вазифалари юкланди. 2010 йилда оммавий ахборот воситалари вакиллари (журналистлар)ни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузурида аккредитация қилиш қоидалари ишлаб чиқилди ва 160 нафар ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилди ҳамда уларнинг фаолият юритишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Журналистлар ўз ваколатлари доирасида парламентда бўлиб ўтаётган барча йиғилишларни ёритиш, таҳлил қилиш, депутатлар билан турли мавзуларда учрашувлар, мулоқотлар уюштириш, қонун ижодкорлиги борасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириш каби вазифаларни бажарадилар. Мазкур фаолият турининг жорий этилиши, ихтисослашувдаги журналистикани янада шакллантиришга хизмат қилади. Шу мақсадда уларнинг ўз устида мукаммал ишлаши ва фикр алмашишлари учун журналистлар клуби ташкил этилди. Ҳар ойда ўтказиладиган мазкур учрашувда журналистлар мавжуд муаммо ва уларнинг самарали ечими, таҳлилий материалларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, долзарб мавзуларда баҳсга киришиб, соғлом рақобат муҳитини яратишга хизмат қиладилар. Матбуот хизмати ходимлари қандай муҳим масала бўлмасин, журналистларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланишида ўз ёрдамини кўрсатади. Таҳлиллар чоғида парламент фаолияти билан боғлиқ материаллар асосан информацион характерга эга эканлиги кўзга ташланади. Журналистлар бу борада кўрилган масалаларни тўлиқ таҳлилий, амалий тавсиялар, муаммонинг илдизини ўрганган ҳолда эмас, афсуски, кичик кўринишдаги хабар тарзида омма эътиборига етказмоқдалар. Хоҳлардимки, парламент қўмиталари томонидан ўтказилаётган тадбирлар муайян таҳлил, журналист нуқтаи назари ва шарҳ кўринишида тўлалигича очиб берилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
– Бевосита ва билвосита депутатлар гуруҳининг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорлиги қандай самара бермоқда?
– Ўтган йилги ҳисобот даврида давлатимиз раҳбари депутатларнинг аҳоли билан учрашуви ва оммавий нашрлар орқали чиқишлари хусусида ҳам эътирозли фикрларини билдирган эдилар. Жорий йилда депутатлар ижтимоий-сиёсий, партия нашрларида амалдаги қонунчилик тизими ва уларнинг жойлардаги ижроси, назорат-таҳлил, муносабат тарзидаги кенг қамровли туркум мақолалари билан чиқиш қилиб, ўтган йилга нисбатан фаол иштирок этмоқдалар. Телевидение ва радио орқали махсус интервьюлар ташкил қилинмоқда. Шунингдек, улар ўз ваколатлари доирасида сайловчилар билан мунтазам учрашиб, мавжуд муаммолар ечимини ижобий томонга ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатмоқдалар. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, депутатлар томонидан матбуотда эълон қилинган мақолалар сон жиҳатдан кишини қувонтирса, аммо айрим мақолаларнинг савияси, жамият учун таъсир доираси сезилмаётганлигини кўриш мумкин.
– Матбуот хизматининг амалдаги истиқболли режалари ва улардан кўзланган мақсад?
– Хабарингиз борки, Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори билан ташкилотларда матбуот хизмати фаолиятини ташкил этиш ва уни мувофиқлаштириш борасида қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Чунки, ҳар бир ташкилотнинг ахборот соҳасидаги ягона ишончли вакили матбуот хизмати ходимлари ҳисобланади. Шу маънода парламент ички ва ташқи фаолиятида бизнинг ходимлар томонидан амалга оширилаётган ишлар анчагина. Ундан ташқари, 160 нафар аккредитация журналистлари билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, керакли ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ қонун-қоидаларимиз белгиланган. Юқоридаги меҳнат фаолиятларини тўғри йўналтириш, мамлакатда ахборот эркинлигини таъминлаш борасида қуйидаги масалаларга аниқ ечим топиб олиш мақсадга мувофиқ: биринчидан, матбуот хизмати бўйича мутахассис-кадрларни тўғри танлай билиш, уларнинг касб малакасини ошириш, иккинчидан, оммавий ахборот воситаларида моддий-техник базани мустаҳкамлаш, журналистларни самарали меҳнат қилишлари учун замонавий иш муҳитини яратиш, ахборотни аҳолига тезкор ва холис етказишда мавжуд коммуникация-техник имкониятлардан фойдаланиш, тегишли ташкилот матбуот хизмати ходимлари билан амалий ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳар биримизнинг олдимиздаги асосий вазифадир.
Бир сўз билан айтганда, ОАВ соҳасига бозор механизмларини жорий этиш, ОАВнинг иқтисодий мустақиллиги, бошқарув ва ўзини-ўзи ташкил этишнинг демократик шаклларини таъминлаш уларнинг мустақил фаолият кўрсатиши ва ривожланишига тўлиқ асос бўла олади. Ўзбекистон Республикаси жаҳондаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кириши учун ахборот-коммуникация негизини яратади, мамлакатимизда кучли фуқаролик жамияти изчил равишда шакллантирилишига кўмаклашади, деб ишонаман.
Шу фурсатдан фойдаланиб, барча қалам аҳлини 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман. Уларнинг халқимиз фаровонлиги ва жамиятимиз тараққиёти йўлидаги фидокорона меҳнатларига улкан зафарлар тилаб қоламан.
Суҳбатдош
Намоз ТОЛИПОВ.