UZ RU
28.06.2011

ҲУШЁРЛИК ВА ЭЪТИБОР ЗАРУР

Ёзги мавсум бошланиши билан шаҳримиз кўчаларида қуриган барг ва хазонларни ёқиш ҳоллари тез-тез учраб турибди. Бунинг натижасида атроф-муҳит зарарланиб, айрим жойларда турли кўринишдаги ёнғинлар, фуқароларнинг куйиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Аҳоли яшаш уйлари атрофида, ҳудудларда йиғилган ахлатлар, қуриган ўтлар, шох-шаббаларнинг ёқиб юборилиши, атрофга ёқимсиз ҳид тарқалиши туфайли баъзи инсонларни турли аллергик хасталиклар безовта қилади.

Шу маънода Миробод туман ички ишлар бўлими ёнғин хавфсизлиги бошқармаси Сиздан қуйидаги чора-тадбирларга амал қилишингизни сўрайди:

- шаҳар, туман кўчалари, мавзе ва майдонларда йиғилиб қолган хазонларни ёқиб юборманг;

- ёш болаларни уй ва кўчаларда назоратсиз қолдирманг;

- ёш болалар гугуртдан фойдаланишига йўл қўйманг;

- уйни таъмирлаш вақтида баланд қаватли уйларнинг томларида сақич эритилишига йўл қўйманг;

- кўчаларда йиғилган хазонларнинг устига сигарета қолдиқларини ташламанг;

- бинолар олдига хазон ва баргларни тўдалаб қўйманг ва уларни ёқманг;

- тураржой биноси ва корхоналар ҳудудида қуриган шох-шабба, хазон ва чиқиндиларни ёқманг;

- тураржой ва иш жойлари ҳудудини доимий равишда қуриган ўтлардан, шох-шаббалардан тоза ҳолда сақланг, ажратилмаган жойларда тамаки чекманг.

Келинг, азиз юртдошлар! Ҳар биримиз ёнғин хавфсизлигига қарши бирга курашайлик. Бунинг учун эътиборсизликка йўл қўймасдан, аҳоли ҳамда кенг жамоатчилик орасида тарғибот ишларини кучайтириб, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун масъулият билан ёндошиб, оиламиз ва халқимиз тинчлигини сақлашда ўз ҳиссамизни қўшайлик.

С. Джуманов,

Тошкент шаҳар Миробод туман ички ишлар бўлими ёнғин хавфсизлиги

бошқармаси инспектори,

кичик сержант.