СИНОВ ИМТИҲОНЛАРИ ТЎҒРИСИДА МУТАХАССИС ХУЛОСАЛАРИ
Давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган Давлат дастурига асосан республикамиз ҳудудларида қишлоқ врачлик пунктларини бунёд этиш ва у ерда умумий амалиёт шифокорларини тайёрлаш ишларига катта эътибор қаратилди. Бу жараёнга "Саломатлик-1 ва 2" лойиҳалари бевосита жалб этилди. Ўз навбатида УАШларини тайёрлаш масаласи кун тартибидаги долзарб масалага айлангач, барча тиббиёт институтлари қошида умумий амалиёт шифокорларини тайёрлаш ўқув марказлари ташкил этилди. Биргина Тошкент тиббиёт академияси тасарруфида 4 та ана шундай ўқув маркази фаолият кўрсатмоқда. Мазкур курсни тугатган тингловчилар ўн ой давомида тажрибали тренерлар томонидан тайёрланиб, назарий ва амалий билимлари бойитилади. Жорий йилнинг 27-29 июнь кунлари ушбу битирувчиларнинг диплом олди имтиҳонлари бўлиб ўтди. Имтиҳон ўтказиш тартиб-қоидаларига кўра, мазкур жараённи бевосита кузатиш ва баҳолаш мақсадида кузатувчилар гуруҳини ташкил этиш вазифаси белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ, мен Тошкент тиббиёт академияси қошидаги 3-4-ўқув курсларида кузатувчи сифатида иштирок этдим. Эътироф этиш керакки, бу йилги битирувчилар билимга чанқоқ, касбий тайёргарлиги фаол кўринишда имтиҳон синовидан ўтдилар. Даставвал, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ҳамда аттестациядан ўтказиш республика марказида тест синовлари топширилди. Энг юқори балл 500 ни ташкил қилади. Саволлар ўрта мураккаблик даражасига эга бўлиб, тингловчилар бу жараёнда деярли қийналмадилар. Айниқса, оғзаки имтиҳон уларнинг назарий томондан билимлари қай даражада эканлигини белгилаб берди. Кузатишимча, улар ҳар бир саволга тезкор ва қониқарли тарзда жавоб қайтаришди. Айрим ҳолларда, масалан, касалликка ташҳис қўйиш ва даволаш борасида жузъий камчиликлар борлиги аниқланиб, тушунтирилди. Амалий имтиҳонлар алоҳида тайёргарлик билан ўтказилди. Битирувчилар юклатилган вазифани аъло даражада бажариш учун махсус муляж ва зарур тиббий асбоб-ускуналардан фойдаландилар. Шунингдек, тингловчилар томонидан татбиқ этилган аксарият лойиҳалар репродуктив саломатликни яхшилаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилганлиги барчамизни қувонтирди. Шу маънода барча топшириқлар белгиланган тартиб асосида баҳоланиб, умумий хулоса тарзида ижобий характерга эга деб топилди.
Абдуқаҳҳор ФОЗИЛОВ,
Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг
умумий амалиёт шифокорлари тайёрлаш кафедраси профессори.