НАЗАРИЙ ВА АМАЛИЙ БИЛИМЛАР СИНОВИ
Юртимизда бирламчи тиббиёт бўғинини юқори поғоналарга кўтариш, аҳоли саломатлиги кўрсаткичларини яхшилаш, тизим фаолиятини ислоҳ қилишнинг замонавий-ташкилий услубларини яратиш, белгиланган тартибдаги ислоҳот жараёнларини жадаллаштириш, халқимизга малакали тиббий санитария ёрдамини кўрсатиш каби мақсадли вазифалар мана бир неча йилдирки, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Саломатлик-2" лойиҳаси ва кўплаб ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб борилмоқда. Айниқса, бу каби ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши том маънода юқоридаги кўрсатма ва амалий фаолиятларга туртки бўлди десак, янглишмаймиз. Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган Давлат дастури асосида жойларда янги типдаги қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилиб, умумий амалиёт шифокорларини тайёрлаш, муассасаларни зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, малакали кадрлар фаолиятини такомиллаштириш сингари устувор вазифалар узлуксиз давом эттирилмоқда. Мазкур Давлат дастурига мувофиқ, республикамизнинг барча тиббиёт институтлари қошида умумий амалиёт шифокорларини тайёрлаш ўқув маркази ташкил этилган бўлиб, ундаги тор мутахассисликка эга шифокорлардан замонавий қиёфадаги умумий амалиёт шифокорлари тайёрланмоқда. Яқинда мазкур ўқув марказларини тугатган умумий амалиёт шифокорлари билимини баҳолаш мақсадида синов имтиҳонлари бўлиб ўтди.
Шароф ҚОСИМОВ,
Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг умумий амалиёт шифокорлари малакасини ошириш кафедраси мудири:
– 1998 йилда қабул қилинган соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган Давлат дастури бўйича республикамизнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич қишлоқ врачлик пунктлари замонавий типда бунёд этилмоқда. Бугунги кунда уларнинг сони 3192 тадан ошди. Бу албатта, давлатимиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва "Саломатлик" лойиҳасининг амалдаги фаолиятларида кенгроқ ўз аксини топмоқда. Мазкур лойиҳанинг бош мақсади аҳолига сифатли ҳамда малакали тиббий хизмат турини кўрсатиш, касалликни эрта аниқлаш ва самарали даволашга эришиш, жаҳон тиббиёти тажрибаларини фуқаролар саломатлиги йўлида татбиқ этиш ва бу орқали тиббиётимиз ривожини юксалтиришдир. Бу масъулият ва ишончни оқлаш кўпроқ бирламчи тиббиёт бўғини ходимларининг улкан вазифаларидан бирига айланиб бормоқда.
Давлатимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизими ходимлари малакасига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, умумий амалиёт шифокорларини тайёрлаш билан боғлиқ узлуксиз таълим айни пайтда улар малакасини доимий равишда бойитиб боришни тақозо этади. Айтиш жоизки, 10 ойлик ўқув курсида олинган назарий ва амалий билимлар тор мутахассисликдаги шифокорларни тўла қониқтира олмаслиги мумкин. Лекин шунга қарамасдан, улар вақтларини кўпроқ аҳоли билан ишлашга, улардаги турли хил касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олиш ишларига йўналтирадилар. Бунинг амалий ифодаси кўпроқ узоқ ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида намоён бўлмоқда. Қишлоқ врачлик пунктларининг режали тарзда бунёд этилаётганлиги шифокор ва ҳамшираларнинг халқ билан ҳамнафас ишлаши, янги технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда меҳнат қилишини тақозо этмоқда. Мазкур ҳафтада республикамиздаги барча тиббиёт муассасалари қошида очилган ўқув марказларида таҳсил олган тингловчиларнинг давлат имтиҳони бўлиб ўтди. Бу жараён 10 ой давомида олинган билимларнинг амалий натижаси бўлибгина қолмай, умумий амалиёт шифокорининг касбий маҳорати қанчалик устувор эканлигини кўрсатади. Зеро, "Саломатлик" лойиҳаси доирасида таҳсил олган тингловчилар дастлаб назарий кейин эса амалий билимларини босқичма-босқич синовдан ўтказдилар. Оғзаки савол-жавобларда ҳам улар ўзларининг иш тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда масалага билимдонлик нуқтаи назаридан ёндашдилар. Энг муҳими, ўқишнинг дастлабки ойларида тингловчилар фаолият олиб бораётган ҳудудларидаги ижтимоий аҳволни инобатга олиб, муайян мавзуга қаратилган лойиҳа билан ишлаганликларини имтиҳон ҳайъатига тақдим этдилар. Танланган лойиҳаларнинг аксарияти ижтимоий касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлашга йўналтирилганлиги билан характерлидир. Чунки, бу лойиҳалар умумий амалиёт шифокорининг кундалик фаолиятида муҳим ҳисобланиб, аҳоли билан ишлаш жараёнида катта аҳамият касб этади. Барча тингловчиларимиз имтиҳонни ижобий натижалар билан топширдилар. Айниқса, компьютерда топширилган назарий саволлар улар билимини қайта мустаҳкамлаб, билмаганларини ўрганиб олишига имконият берди.
Шавкат НОРҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ҳамда аттестациядан ўтказиш республика маркази ходими:
– Бу ерда тингловчилар тест имтиҳонларини топширдилар. Ҳар бир врачга 100 та савол берилиб, уларнинг ишончлилиги кафолатланган. Максимал 500 баллни ташкил этиб, ўтиш балли 300 ҳисобланади. Тест олишга мўлжалланган махсус дастур эса марказ томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унга Ўзбекистон Республикаси Патент идораси томонидан рухсат берилган. Врачлар ва фармацевтларни адаптив тест синовидан ўтказиш дастури ўн йилдирки ўз натижасини бериб келмоқда. Бу программанинг қулайлиги шундаки, тест топширувчилар компьютерни мукаммал билишлари талаб этилмайди. Тестларни кўрсатилган тартибда бемалол бажаришлари мумкин. Компьютер хонаси бир пайтнинг ўзида 40 нафар тингловчини қабул қилиш имкониятига эга. Умумий амалиёт шифокори деган номга сазовор бўлган врачлар олган билимларини тест синовидан ўтказиб, юқори балл билан кейинги босқичга йўлланма оладилар. Берилган саволлар кўпроқ назарияга оид, бевосита ўн ой мобайнида ўзлаштирилган билимлар мажмуидан иборат бўлди. Тажрибали мутахассислар томонидан тузилган мазкур тест саволлари тингловчиларни янада чуқур билимга ундаши ва билмаганларини қайта мустаҳкамлашга туртки бўлади.
Саодатхон
МАМАДЖАНОВА,
Наманган вилояти Поп туман тиббиёт бирлашмасига қарашли "Ғурумсарой" қишлоқ врачлик пункти умумий амалиёт шифокори:
– Тизимнинг асосий мақсади аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат турини кўрсатиш, соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш йўлида юқори натижаларга эришишдир. Умумий амалиёт шифокорига қўйилган ягона талаб ҳам аҳолининг орасига чуқурроқ кириб бориб, улар соғлигини назорат қилиш, касалликлар профилактикасини олиб бориш, айниқса, берилган лойиҳалар билан ишлаш яхшигина натижа беради. Ана шундай замонавий билимлар доирасида илгари сурилган ғоялар, жаҳон тажрибалари бизнинг ҳозирги иш фаолиятимизда дастуриламал бўлиб, самарали меҳнат юритишимизни белгилаб беради. Бу йилги имтиҳон адолатли тарзда олиб борилди. Айниқса, ўқиш давомида устозларимиз Дилором Афзалова, Гулмира Умрзоқова сингари тажрибали тренерлардан олган назарий таълимларимиз тест жараёнларида қўл келди. Саволлар осон бўлгани йўқ. Тестдаги педиатрия ва офтальмология йўналишидаги саволларга жавоб беришда бироз қийналдим. Аммо шундай бўлса ҳам 408 балл тўплаб, имтиҳондан муваффақиятли ўтдим. Тест жараёни ниҳоятда адолатли ташкил этилди. Ҳар бир вақтдан унумли фойдаландик. Албатта, имконият даражасида ўзлаштирилган билимларга таянган ҳолда фаолиятимни давом эттираман.
Хайрулла ЛУТФУЛЛАЕВ,
Наманган вилояти Чуст туман тиббиёт бирлашмасига қарашли "Охунбобоев" қишлоқ врачлик пункти мудири:
– Имтиҳонлар жуда ҳаяжонли кечди. Айниқса, назарий саволларнинг баъзида мураккаблиги, жиддий ёндашувни талаб этиши мутахассис сифатида қийинчилик туғдирди. Менинг лойиҳам "Аёлларда контрацепция воситаларидан самарали фойдаланиш йўллари" дея номланади. Бу долзарб мавзуни ўрганиш учун ҳудудимиздаги аҳоли билан кўпроқ ишлашга тўғри келди. Чунки, бу каби жиддий касалликларни ўрганиш, ташҳислаш муайян вақт талаб қилиши билан бирга, кучли билим ва тажрибани ҳам тақозо қилар экан. Ўқиш жараёнида устозлардан янги тушунчалар ва билимларни ўргандик. Беморларнинг касаллигини қисқа фурсат ичида аниқлаб, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимига қандай эришиш мумкинлигини ўзлаштириб бордик. Ўқиганларимиз зое кетмади. Асли соҳам акушер-гинеколог эди. Мана энди поликлиникамизга келган туғруқ ёшидаги аёллар, қолаверса, болаларни ҳам текширувдан ўтказиб, керакли маслаҳатларимни бераман. Шошилинч даволаш чораларини кўриш лозим бўлса, дарҳол шаҳар шифохоналарига йўлланма тайёрлайман.
Дилбар МАВЛЯНОВА, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг умумий амалиёт шифокорларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув курси ассистенти:
– Бу йилги имтиҳон жараёнлари ҳаққоний ва адолатли тарзда олиб борилди. Чунки, умумий амалиёт шифокори деган номга эга бўлган тор мутахассисликдаги шифокорлар асосий фаолиятни ҚВП ва поликлиникаларда олиб боришади. Бу шифо масканларида аҳоли билан ишлаш принципи анча юқори. Аксарият аҳолимиз қишлоқ жойларида яшашади. Мавсум ўзгариши билан турли юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши, уларнинг профилактикаси, ташҳислаш ишлари аввало ҳудудий тиббиёт муассасаларида олиб борилишини назоратга олиб, умумий амалиёт шифокорларини кенг кўламда тайёрлаш маслаларига жиддий ёндашилган. Ўқув дастурларимиз жаҳон талабларига тўла мос келади. Машғулотлар янги метод асосида ташкил этилиб, чет элда малака оширган мутахассислар ҳамкорлигида ўтказиб келинмоқда. Қувонарли томони, имтиҳон жараёнида ҳар бир битирувчи олган кўникмаларини керагидан ортиқ тарзда кўрсата олди. Имтиҳон ҳайъати саволларига ҳеч иккиланмасдан, тажриба кўламларидан келиб чиқиб жавоб қайтардилар. Тактик машғулотларда уларнинг ўта ҳушёрлик ва тезкорлик билан ҳаракатланганликлари ишончимизни янада орттирди. Ундан ташқари, битирувчиларнинг муайян бир мавзуга қаратилган лойиҳа устида ишлаганликлари сезилиб турди. Умид қиламизки, умумий амалиёт шифокори деган мақомни олган битирувчиларимиз йилдан-йилга ўз билимларини бойитиб, янада янги лойиҳалар устида самарали фаолият юритадилар.
Нигора НУРИТДИНОВА, Тошкент тиббиёт академияси доценти, кузатувчи:
– Имтиҳон жараёнлари тезкор, ишончли ва адолатли тарзда олиб борилди. Битирувчилар ҳам ўз билимларини очиқ ва эркин ҳолда дадил намоён этишди. Саволлар турли йўналишларда бўлганлиги боис, камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Айниқса, амалиётда муляжлар билан ишлаш ҳолати бўйича керакли кўрсатма ва тавсиялар бериб ўтилди. Баъзи ўринларда тингловчиларимиз ҳар бир саволга ниҳоятда катта тайёргарлик ва юксак билим эгаси сифатида тренерлар рағбатига сазовор бўлишди. Ишонаманки, ўз касбини чин дилдан севган инсон учун имтиҳондаги барча саволлар гўё осондек туюлади.
Муяссар САИДОВА,
Сирдарё вилояти
Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги "Муқимий" қишлоқ врачлик
пункти мудири:
– Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги ўқув марказида таҳсил олдим. Бундан жуда мамнунман. Айниқса, Малика Ниёзова, Дилбар Азизовна, Аида Димитриевна, Исматулла Норовлар каби устозларнинг ўқитиш услублари, машғулотларни қизиқарли тарзда олиб боришлари барча тингловчиларнинг билимларини назарий томондан бойитиб, тажриба кўламларини амалий томондан кенгайтирди. Албатта, иш жараёнида устозлар берган кўрсатма ва йўл-йўриқлар фаолиятимизда асосий ўринга эга бўлиши шубҳасиз.
Ҳозирги вақтга келиб, барча муассасалар замонавий қиёфа касб этиб, мутахассисдан фақат ишлаш масъулиятини талаб қилмоқда. Имтиҳонларни аъло баҳоларга топширдим. Компьютердаги тест натижалари ижобий баҳоланди. Бронхиал астмани эрта аниқлаш, унинг профилактикаси ва касалликни ҚВП шароитида даволаш ишларини татбиқ этиш бўйича амалий лойиҳамни ҳимоя қилдим. Яхши натижалар қайд этилди. Ушбу лойиҳам давомида мазкур касаллик даражаларини аниқлаб, соғломлаштириш ишлари кучайтирилганлиги мутахассислар эътиборини тортди. Ишонаманки, мавзуни янада кенгроқ давом эттириб, юқори самараларга эришамиз. Оғзаки ва амалий синовлар бўйича ЭКГда миокард инфаркт, бронхиал астма, 32 ҳафталикдаги ҳомиладор аёлларни текшириш, аллергик ринит сингари саволларга аъло даражада жавоб бердим.
Шаҳодат Жамолова, Жиззах вилояти Жиззах туман "Жиззахлик" ҚВП умумий амалиёт шифокори:
– Тошкент тиббиёт академияси қошидаги 3-ўқув марказида таҳсил олар эканман тажрибали мутахассислар томонидан ўтказилган дарс машғулотлари ҳар томонлама мукаммал даражада тушунтирилди. Асли касбим акушер-гинеколог. Чунки, авваллари битта йўналишда беморларни қабул қилардик. Эндиликда, бу қабул доирамиз янада кенгайиб, ишлаш механизмимиз тубдан ўзгарди, касбий масъулиятимиз ошди. Мазкур ўқув марказида биз даставвал умумий амалиёт шифокори ким, у нима учун керак ва унинг аҳоли ва оилаларда ўрни нечоғлиқ муҳим эканлиги тўғрисида фикрлашдик.
Қишлоқ врачлик пунктимиз замонавий типда бунёд этилган бўлиб, барча шароит ва имкониятлар мавжуд. Айниқса, лаборатория, физиотерапия хоналаридаги тиббий хизматнинг ўрни аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда катта бўлмоқда. Авваллари, оддий лаборатория текшируви ҳам туман марказий шифохонасида олиб бориларди. "Саломатлик" лойиҳаси томонидан келтирилган бундай замонавий янги технологиялар ишларимизни янада енгиллаштириб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда қўл келмоқда. Шифокор ва ҳамшираларимиз аҳоли орасида турли ҳил касалликларнинг олдини олиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини мунтазам равишда олиб бормоқдалар. Шунингдек, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилган. Патронаж ҳамшираларнинг оилалар билан ишлаш имконияти янада кенгайиб, маҳалла ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар. Асосий вазифамиз аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш экан, бу йўлда бор билим ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилишимиз зарур. Юқоридаги ижобий ишлар хусусида тўхталар эканман, бунинг баробарида камчиликларимиз ҳам йўқ эмас. Аввало ҳар қандай камчилик, муаммоларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш ҳар биримизнинг масъулият ва виждонан ишлашимизга ундайди. Бунинг учун касб маҳоратини ошириб, тиббиётдаги барча янгиликлардан бохабар бўлган ҳолда фаолиятни изчиллик билан давом эттириш муҳим деб биламан.
Назира НАРМУҲАММЕДОВА, Тошкент тиббиёт академияси тасарруфидаги 1-сонли умумий амалиёт шифокорларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув
курси раҳбари:
– Мазкур ўқув марказимизда ҳар йили турли вилоятларда фаолият юритаётган терапевт, педиатр ва акушер-гинекологлар келишиб, умумий амалиёт шифокорлиги бўйича 10 ойлик ўқув курсини тамомлаб, давлат имтиҳонини топширадилар. Нима учун умумий амалиёт шифокорини тайёрлаш бугунги даврнинг талабига айланди, деган саволга айтиш мумкинки, тезкор тиббиёт ривожида врачларни универсал фаолият жараёнига олиб кириш, серқирра тиббиёт ходими сифатида ишлашларини таъминлаш юқори натижа беришини бугун жаҳон тажрибаси кўрсатиб турибди. Бу ижобий ҳолатнинг юзага келиши ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Чунки, хориж стандартлари асосида тайёрланган янги ўқув дастурлари умумий амалиёт шифокори тайёрлашни замонавий босқичга олиб чиқди. Табиийки, бу жараён бир неча йиллардан буён муваффақиятли амалга оширилмоқда. Биргина шу йилнинг ўзида 64 нафар шифокор 10 ойлик курсини тамомлаб, давлат имтиҳонларини топширди. Битирувчилар орасида Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона, Сирдарё, Наманган, Тошкент вилояти ва шаҳридан келган шифокорлар бўлиб, улар ҳудудларидаги имкониятлар, шарт-шароитлар, фаолият тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Касбий маҳоратларини янада мукаммал даражага олиб чиқдилар десам, хато бўлмайди. Эндиликда, битирувчи умумий амалиёт шифокорлари вилоятларига бориб, олган янгиликларини, билимларини ҳамкасбларига ўргатиб, бевосита халқ саломатлиги йўлида татбиқ қиладилар.
Раъно ХУДОЙҚУЛОВА,
Тошкент вилояти Зангиота туман "Ибн Сино" қишлоқ врачлик пункти мудири:
– Мазкур 1-ўқув марказида таълим олишимиз учун бизга барча шароитлар яратиб берилди. Қувонарли томони, ўқитиш тизими янгича тамойилларга асосланган бўлиб, таълим стандартлари жаҳон тажрибаларига асосланган. Умумий амалиёт шифокорини халқнинг дарди, ижтимоий аҳволи ва сиҳат-саломатлиги учун бирдек масъулиятли шахсдир, дегим келади. Чунки, мен кўп йиллар болалар шифокори бўлиб фаолият юритдим. 10 ойлик ўқув курсидан кейин ҳамма касалликларни биладиган даражадаги билимларни эгаллашга муваффақ бўлдим. Чунки, бу ерга ўз хоҳишим билан келдим. Ҳозир қабулимга аёллар, катталар келса ҳам бирдек маслаҳат бера оламан. Ўқув марказимизда Назира Нармуҳаммедова, Отабек Юсупов, Дилфуза Ярмуҳаммедова, Гулчеҳра Маликова сингари тажрибали мутахассислардан билим сирларини мукаммал ўргандик. Бу олинган кўникмалар имтиҳон пайтида шу даражада қўл келдики, назарий ва амалий синовлардан қийналмасдан, юқори балларга эга бўлдик. Эндиги мақсадим, устозларимдан олган билимларимни халқимиз орасида кўпроқ татбиқ қилиб, янгиликлар сари интилиб, малакаларимни бойитиб боришдир.
Ноила ХУДОЙБЕРГАНОВА, Тошкент тиббиёт академияси Умумий амалиёт шифокорлари ва эндокринология кафедраси ассистенти:
– Бу йилги битирувчи-тингловчиларнинг имтиҳон олди тайёргарлиги ва фаоллиги анча юқори. Чунки, йилдан-йилга янгиликлар кўпайиб бормоқда. Хусусан, мазкур йил ўзбек тилидаги адабиётлар сони ошди, янги стандартлар ишлаб чиқилди. Бу ўз навбатида тингловчиларнинг назарий ва амалий билимлари ортишига хизмат қилади. Кузатишларимизга кўра, тингловчилар ҳар бир босқичда эгаллаган касбий кўникмаларига таянган ҳолда синовдан ўтдилар. Тест натижалари ҳам ёмон бўлмади. Деярли 99 фоиз битирувчи бу жараённи муваффақиятли якунлади. Оғзаки ва амалий имтиҳонларда эса улардан жиддий билим, ўзига хос тактик тайёргарлик талаб этилди. Ўйлашимча, улар бу вазифани ниҳоятда аъло даражада бажардилар. Имтиҳон пайтида айрим камчиликларга йўл қўйилди. Кузатувчилар томонидан бу хатолар жойида тузатилиб, керакли маслаҳат ва тавсиялар берилди. Эндиликда тингловчилар 10 ой мобайнида олган тиббий билимларини келажакда халқимиз саломатлиги йўлида татбиқ этишларига ишонамиз.
Салоҳиддин ХОЛМАТОВ, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли "Ким Пен Хва" қишлоқ врачлик пункти мудири:
– Тошкент тиббиёт академияси қошида очилган ўқув курсида мана 10 ой таҳсил олиб, олган билимларимизни устозлар олдида синовдан ўтказдик. Бу жараён бошида анча ҳаяжонли кечди, лекин шунга қарамай, ҳамма тўсиқларни енгиб ўтишга ҳаракат қилдим. Назарий саволларнинг ҳар бирига шошмасдан, чуқур ўйлаган ҳолда мантиқий ёндошиб, юқори баллни қўлга киритдим. Амалиёт ва оғзаки имтиҳонлар бевосита иш фаолиятим билан боғлиқлиги учун қийинчиликлар бўлмади. Чунки, марказимизда икки ҳафта ўқиш бўлса, икки ҳафта ҚВПмизда танлаган лойиҳамиз бўйича олган билимларни татбиқ этиб бордик. ҚВПмизга "Саломатлик-2" лойиҳаси томонидан қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар, лаборатория асбоб-ускуналари олиб келинган. Улардан самарали фойдаланиш учун мутахасислар тайёрланди. Жумладан, ўзим ҳам ўқув жараёнида мазкур аппаратларни унумли ишлатиш учун малака оширдим. Бизга таълим берган барча устозларга, хусусан, профессор А. Гадоев, Дилором Абзалова, Гулмира Алимовалар, шунингдек, барча малакали мутахассисларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.