ИСТЕЪДОД, МАҲОРАТ ВА ШИЖОАТ УЙҒУНЛИГИ
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, юқори малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва тизимни такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда 290 мингга яқин ҳамшираларимиз республика тиббиёт муассасаларида ўзларининг касбий маҳорат, меҳрибонлик, чаққонлик, самимийлик ва камтарлик фазилатларига эга бўлган хислатлари билан халқимиз саломатлиги йўлида астойдил хизмат қилиб келмоқдалар. Шундай экан, "Ҳамшира" кўрик-танловининг анъанавий тарзда ўтказиб келинаётгани ҳамшираларнинг малакасини ошириш ҳамда улар меҳнатини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас.
Шу жумладан, ўн етти йилдан буён ўз нуфузи билан нафақат юртимиз, балки дунё ҳамжамиятида ҳам муносиб ўрин касб этган "Ҳамшира" кўрик-танловининг анъанавий тарзда ўтказиб келинаётганлиги ҳамшираларнинг билим, истеъдод ва маҳорат бобида нималарга қодир эканлигини кўрсатиб келмоқда. Жорий йилнинг 28 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси марказий Кенгаши, "Камолот" ёшлар ижтиомий ҳаракати марказий Кенгаши ҳамкорлигида "Ҳамшира – 2011" республика кўрик-танловининг якуний босқичи Андижон вилоятида бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган республика кўрик-танловининг якуний босқичига етиб келган 14 нафар ҳамшира қизлар тадбирнинг бешта шарти бўйича ўзаро беллашдилар.
Ўзининг бетакрор гўзаллиги ва Бобурийлар юрти бўлмиш Андижон вилоятига ташриф буюрган меҳмонлар самимий кутиб олиниб, улар вилоятнинг Балиқчи туманидаги "Уч булоқ" зиёратгоҳида бўлишиб, танловнинг очилиш маросимида қатнашдилар. Танловни Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Якубова ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Валихон Ҳакимов кириш сўзи билан очиб, республика тиббиёт тизимидаги ижобий ишларга алоҳида урғу қаратиб, танлов иштирокчиларини қизғин қутладилар. Шунингдек, меҳмонлар куннинг иккинчи ярмида Андижон шаҳридаги "Болалар шаҳарчаси"га ташриф буюриб, у ердаги шарт-шароитлар билан танишдилар. Сўнгра иштирокчилар "Боғи Бобур" зиёратгоҳи ва дам олиш истироҳат боғидаги улуғ ватандошимиз, жаҳон адабиёти хазинасини ўзининг нодир асарлари билан безаган, миллатимизга шарафлар келтирган буюк давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур музейида бўлишиб, шоир ҳаёти, фаолияти ва унинг шажараси тўғрисидаги муҳим маълумотларга эга бўлдилар.
27 июнь куни эса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалида танловнинг тўртинчи шарти бўйича амалиёт қисми бўлиб ўтди. Ўз касбининг моҳир усталари бўлган 14 нафар ҳамшира қизлар ҳайъат аъзолари ҳамда филиалнинг тажрибали мутахассислари кузатуви остида шошилинч ёрдамга муҳтож бўлиб келган беморларга амалий ёрдам кўрсатдилар. Жараён давомида иштирокчилар асептика-антисептика қоидаларига риоя қилган ҳолда беморларга тезкорлик ва тўғри ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилдилар. Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар Асака шаҳридаги "GM Ўзбекистон" қўшма корхонасига ташриф буюриб, у ердаги фаолиятлар билан танишдилар.
Ундан ташқари, Андижон шаҳрининг "Ёшлар маркази"да "Ҳамшира – 2011" кўрик-танлови иштирокчилари Андижон вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмоновнинг расмий қабул маросимида бўлдилар. Вилоят ҳокими иштирокчиларни танлов билан қутлаб, уларга омадлар тилаган ҳолда эсдалик совғаларини топширди.
28 июнь куни Бобур номидаги Андижон вилоят мусиқали драма ва комедия театрида "Ҳамшира – 2011" кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Танловда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Анвар Алимов, Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Якубова, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси марказий Кенгаши раиси Бахтиёр Маҳмадалиевлар ҳар йили ўтказиб келинаётган кўрик-танловнинг моҳияти нечоғлиқ аҳамиятга молик эканлиги, тиббиёт муассасаларида ҳамшираларнинг ўз ўрни борлигини эътироф этиб, танлов иштирокчиларига муваффақиятлар тиладилар.
Бири-биридан чаққон, билимга чанқоқ, зукко, янгилик сари интилувчан 14 нафар ҳамшираларнинг ўзларига ярашиб турган оқ либосларидаги чиқишлари томошабинлар қалбини янада завққа тўлдирди. Танлов Низомига кўра, иштирокчилар бешта шарт асосида ўз билимларини синадилар. Танловнинг биринчи шартига кўра, ҳамширалар ўзлари фаолият олиб бораётган тиббиёт муассасалари, у ердаги шароитлар, келажак орзулари ҳақида ҳикоя қилувчи шеърий мисралар ҳамда саҳна кўринишлари мужассам этган топшириқларни аъло даражада бажардилар. Шунингдек, назарий ҳамда ижтимоий-сиёсий саволларга ҳамшираларимиз зукколик ва чаққонлик билан жавоб беришга ҳаракат қилдилар. Эркин мавзу бўйича ҳамширалар иккинчи истеъдод қирраларини намойиш этиб, нафақат томошабинлар, балки адолатли ҳайъат азоларининг ҳам муносиб эътирофларига сазовор бўлдилар.
Таъкидлаш жоизки, вилоятларда ғолибликни қўлга киритган ҳамширалар билим ва маҳорат борасида бир-бирларидан асло қолишганлари йўқ. Энг муҳими, кимдир амалиётда, кимдир назарий, ижтимоий-сиёсий, кимдир эса эркин мавзуда ўз билим ва истеъдодини қойилмақом даражада кўрсата олди. Бу албатта уларда камтарлик, инсонийлик, самимийлик ва меҳрибонлик фазилатлари мужассам эканлигини ифода эта олди.
Ҳаяжонли дақиқалар... Танлов иштирокчилари ва уларни қўллаб-қувватлаб елкадош бўлган устозлар ҳайъат аъзолари жавобини интиқлик билан кутишарди. Ва ниҳоят кутилган дақиқалар етиб келди. Ҳайъат аъзоларининг кузатув натижаларига кўра, биринчи фахрли ўрин Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали реанимация бўлими ҳамшираси Маҳлиёхон Мамедова, иккинчи ўрин Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали қабул бўлими ҳамшираси Дилноза Норқулова, учинчи ўрин эса Сурхондарё вилояти Денов туман тиббиёт бирлашмаси поликлиникасининг патронаж ҳамшираси Лобар Жумаевага насиб этди.
Биринчи ўрин совриндори Маҳлиёхон Мамедова вилоят ҳокимлигининг "Матиз" автомашинаси билан тақдирланган бўлса, иккинчи ва учинчи ўрин соҳибалари Дилноза Норқулова ва Лобар Жумаеваларга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси марказий Кенгаши томонидан компьютер жамланмаси топширилди.
Елена Борисова,
сенатор, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори ўринбосари, профессор:
– Ҳар йили ўтказиб келинаётган "Ҳамшира" кўрик-танловида ҳайъат аъзоси сифатида иштирок этаман. Ҳамшираларнинг фаолиятдаги ўрни қанчалик масъулиятли эканлигини жуда яхши биламан. Ҳатто улар меҳнатисиз тиббиёт муассасаларидаги фаолиятни тасаввур этиш қийин. Бугунги кўрик-танловда бири-биридан чаққон, интилувчан ва шижоатли ҳамшираларни кўриб мамнун бўлдим. Айниқса, таништирув, эркин мавзудаги чиқишлари ҳамшираларнинг иккинчи истеъдод эгаси эканлигини намойиш этган бўлса, назарий ва амалий кўникмалари улардаги касбий маҳоратни, ижтимоий-сиёсий даражадаги билимлари эса Ватанимизга бўлган меҳр-муҳаббатларини ифода этди. Бундай кўрик-танловнинг ўтказилиши ҳамшираларнинг билим савияси ҳамда ўз касбига бўлган меҳрини оширишда муҳим аҳамият касб этиши табиийдир.
Рихси Салиходжаева, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси:
– Мана ўн етти йилдирки "Ҳамшира" кўрик-танлови ўзига хос кўтаринки руҳда ўтказиб келинмоқда. Зеро, бундан асосий мақсад, ҳамшираларнинг билим савияси ва касбий маҳоратини ошириш, меҳнатларини қўллаб-қувватлаш ва улар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкам боғлашдан иборатдир. Албатта, бундай кенг миқёсдаги Республика кўрик-танловининг ижобий тарзда ўтказилишида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар, вилоят ҳокимликлари, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси марказий Кенгаши ва "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий Кенгашининг муносиб ҳиссалари борлигини айтиб ўтишим жоиздир. Бундай тадбирда янги истеъдод эгаларини кашф этаётганлигимиз ҳам катта фахр. Умид қиламанки, мазкур кўрик-танловимиз узлуксиз тарзда давом этади ва келажакда ўзининг иқтидорли ҳамшираларига эга бўлиб бораверади. Ушбу вилоятда ўтказилган "Ҳамшира – 2011" кўрик-танловининг кўтаринки руҳда ўтишида бош бўлган Андижон вилоят ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Нигора Якубова,
Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси:
– Бетакрор аҳамиятга эга бўлган "Ҳамшира" кўрик-танловида биринчи бор иштирок этганлигим ва ўзига хос кўникмаларга эга бўлганимдан ниҳоятда мамнунман. Ҳамшира қизларнинг шартлар бўйича ўзаро беллашувлари мени ҳайратга солди. Айниқса, уларнинг сўзга бойлиги, шеърий мисралар ва қўшиқларни маромига етказиб айтишлари, дил тортар рақсларни ижро этиши ҳамда касбларга бўлган маҳоратларини кўриб қалбим қувончга тўлди. Бундан ташқари, бири-биридан гўзал ҳамшира қизларнинг кийган оқ либослари ўзларига ярашиб турганини айтмайсизми? Ҳа, улар бир сўз билан айтганда нажоткор фаришталар бўлиб, халқимиз саломатлиги учун астойдил хизмат қиладиган асосий таянчларимиздир. Бундан кейин ҳам шундай кўрик-танловлар ўз нуфузига эга бўлиб, янада кенг аудиторияни қамраб олишида омадлар тилаб қоламан.
Лобар ЖУМАЕВА,
Сурхондарё вилояти,
3-ўрин ғолибаси:
– "Ҳамшира – 2011" республика кўрик-танловида иштирок этиб, 3-ўрин ғолибаси бўлганимдан фахрланаман. Албатта, ана шундай муносиб ўринга эга бўлишимда устозларимнинг ҳиссалари каттадир. Бу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.
Ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтган "Ҳамшира – 2011" республика кўрик-танлови ҳамда Бобурийлар юрти бўлган гўзал Андижон шаҳрининг бетакрор қиёфаси ҳар бир иштирокчида, қолаверса, ташриф буюрган меҳмонларда ҳам катта таассурот қолдирди. Шу ўринда иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Андижон вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси марказий Кенгаши, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий Кенгашига ўз миннатдорчилигини билдириб қолади.