UZ RU
21.06.2011

ИНСОН СОҒЛИҒИ — УСТУВОР ВАЗИФА

Шу йил 21 июнда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда таъкидланганидек, мустақиллик йилларида юртимизда Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида туб ўзгаришлар рўй берди.

Зеро, давлатимиз раҳбарининг 1998 йилдаги Фармони билан Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ­тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастурининг қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад ҳам мамлакатимизда тиббий хизматнинг ўзига хос миллий моделини шакл­лантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, аҳолига жаҳон талаблари даражасида хизмат кўрсатишдан иборат бўлди.

пресс конф2.jpg

Истиқлол йилларида қишлоқ врачлик пунктлари базаси мустаҳкамланди, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ихтисослаштирилган марказлар ҳамда соҳада янги — шошилинч тиббий хизмат тизимини ташкил қилиш, кадрлар тайёрлаш ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш каби йўналишларда салмоқли ютуқлар қўлга киритилди.

Давлатимиз раҳбарининг беқиёс эътибори билан юртимизда тиббий хизмат кўрсатиш тизими амалда тўлиқ қайта кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон тиббиётининг қанчалик юксалганлигини биргина бирламчи бўғин — ҚВПларнинг замонавий тиббий муассасаси сифатида шаклланаётганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўтган давр ичида мамлакатимиздаги қарийб 3200 та ҚВП фаолияти янада такомиллаштирилди. Фақат “Саломатлик — 2” лойиҳаси доирасида 11 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Дори воситалари етказиб бериш ҳажми ҳам йилдан-йилга ошмоқда. Барча қишлоқ врачлик пунктлари алоқа тизими — телефон, мобиль ва радиоалоқа мосламалари билан тўлиқ таъминланди. Қисқа фурсат ичида ҚВПлар қошида барча қулайликларга эга бўлган 680га яқин ижтимоий дорихоналар ташкил этилди. Асосийси, кундан-кунга аҳоли ишончига сазовор бўлаётган бундай пункт­ларда энди аввалгиларга ўхшаб ўрта тиббиёт ходимлари эмас, балки олий маълумотли умумий амалиёт шифокорлари фаолият кўрсатмоқда. Уларга республика ихтисослаштирилган марказлари, йирик даволаш муассасалари ва олий ўқув юртларининг қарийб етти минг нафарга яқин тажрибали шифокор, мутахассис ва олимлари ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиб ­келишмоқда.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, чунончи, Шошилинч тиббий ёрдам илмий ва ўнлаб республика ихтисослаштирилган марказларни ташкил этишга оид ишлар улкан тарихий аҳамиятга эга. Шу маънода, бугунги кунда Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг 12 та филиали ҳамда 173 та бўлими фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги бир ярим йил ичида мазкур хизмат учун 110 та “Hyundai”, 400 донадан ошиқ “Дамас” русумли “Амбуланс” ва 50 та УАЗ автотранспорти ажратиб ­берилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича юксак самарали замонавий тиббиёт муассасаларининг мустаҳкам тизими яратилгани шу йўлдаги муҳим қадам бўлди. Бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда Президентимиз томонидан 2009 йил 13 апрелда қабул қилинган “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, айниқса, муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимизнинг 2010 йил 22 июлдаги “Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, қишлоқ туманларида яшовчи ҳомиладор аёллар учун бепул поливитаминлар берилмоқда. Ушбу эзгу мақсад учун давлат бюджетидан 8 миллиард сўм ажратилди.

Барча вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида скрининг марказлари ташкил этилди ва уларнинг фаолиятини таъминлаш учун 2010 йилнинг ўзида 4 миллион доллардан ортиқ маблағ йўналтирилди. 2010 йилда 116 минг нафардан зиёд бўлажак она скрининг марказларида ­тиббий кўрикдан ўтказилди.

Шу билан бирга, перинатал марказлар тармоғи ҳам жадал ривожланмоқда. Ўтган ўн йил давомида юртимизда 11 та перинатал марказ ташкил этилди. 2010 йилда уларда 158 минг нафардан ортиқ, яъни 2000 йилга нисбатан 10 баробар кўп она ва бола тиббий кўрикдан ўтказилди.

пресс конф.jpg

Шуни чексиз фахр ва ифтихор ­билан айтиш мумкинки, бугун мамлакатимизда қорин тифи, куйдирги, шол каби юқумли касалликларга тўлиқ бар­ҳам берилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг эътироф қилишича, мамлакатимизда барқарор эпидемио­логик вазият сақланиб турибди.

Давлатимиз раҳбари 2010 йил ­сентярь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган олий даражадаги ялпи мажлисида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, айни пайтда юртимизда оналар ўлими даражаси 2 баравардан кўпроқ, болалар ўлими 3 баравар ­камайди. Ўтган йигирма йил мобайнида ­одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларнинг умр кўриши эса 75 ёшгача ошди.

Шу кунларда 2011 йил Инвестиция дастурига кўра, республика ва ҳудудий даволаш муассасаларини ўз ичига олган юзта иншоотда қурилиш ва қайта реконструкция қилиш ишлари жадал давом этмоқда. Энг қувончлиси, ушбу замонавий даволаш муассасаларининг аксарият қисми мустақиллигимизнинг 20 йиллик тантаналари арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Жумладан, жорий йилда республика ихтисослаштирилган Эндокринология, Фтизиатрия ва пульмонология ҳамда Педиатрия илмий-амалий марказларида таъмирлаш ишлари якунланиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланади. Шунингдек, республика ихтисослаштирилган Хирургия маркази таркибида янги — дунё андозаларига тўлиқ жавоб берадиган 60 ўринга мўлжалланган кардиохирургия бўлими ҳам фойдаланишга топширилади.

Ислоҳотларнинг яна бир йўналиши, бу — фармацевтика соҳасидир. Президентимизнинг 2007 йил ноябрь ойида эълон қилинган “2011 йилгача бўлган даврда фармацевтика тармоғи корхоналарини модернизация қилиш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлаш дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда дастуриламал бўлаётир.

Шу ўринда қиёслаш учун бир далил: мустақилликкача бўлган даврда мамлакатимизда иккита корхона томонидан саноқли дори воситалари ва тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозир фармацевтика корхоналар сони 120 тага етди. Мазкур муассасалар ­томонидан 1200га яқин дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Қолаверса, ўзбек олимлари томонидан сўнгги йилларда 30 дан ошиқ яқин муқобили йўқ дори воситалари ихтиро этилиб, амалиётга жорий қилинганлигини алоҳида қувонч билан таъкидлаш жоиз.

Матбуот анжуманида республика Соғлиқни сақлаш вазири А.Икрамов соҳада ўтказилаётган бу каби кенг қамровли ислоҳотлар хусусида батафсил ахборот берди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари эса ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.