Мақсад – соғлом авлодни вояга етказиш
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳар жиҳатдан соғлом фарзандлар туғилишига эришиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Соғлом она – соғлом фарзанд – соғлом келажак” эзгу ғояси асосида изчиллик билан амалга оширилаётган ишлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда.
Оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1998 йил 1 апрелда тасдиқланган «Она ва бола скрининги» Давлат дастури муҳим омил бўлаётир. Ушбу дастур асосида пойтахтимизда Республика скрининг маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда эса ана шундай ҳудудий марказлар ташкил этилди.
Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган Она ва бола скрининг маркази ҳам бугунги кунда вилоят аҳолиси билан бирга қўшни вилоятлардан келаётган аёлларга ҳам юқори малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда.
– Скрининг сўзи таржима қилинганда “саралаш” деган маънони англатади, – дейди Самарқанд вилояти она ва бола скрининг маркази раҳбари Нигора Ғуломова. – Бу ўз-ўзидан олдимизга қЎйилган вазифа ҳақида дастлабки тушунчани беради. Фарзанд ҳар томонлама соғлом бўлиб туғилиши, ота-она учун ҳам, жамият учун ҳам фақат қувонч келтиришига эришишимиз лозим. Бунинг учун марказимизда хавфли туғуруқ даврида, яъни 18 ёшгача ва 35 ёшдан кейин ҳомиладор бўлган аёллар, шунингдек, қариндош-уруғлари орасида ирсий касалликлар учраган, биринчи ҳомиласи нобуд бўлган ёки фарзанди ногирон туғилган, ҳомиладорлиги вақтида касалликка чалинган, яқин қариндошлик никоҳида бЎлган оналар скрининг текширувларидан ўЎтказилади. Шунингдек, янги туғилган чақалоқларнинг марказимизга юборилган қон таҳлиллари асосида улар туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия касалликлари бўйича неонатал скринингдан ўтказилади.
Бундан ташқари, ирсий касалликка гумон қилинганларга аниқ ташхис қўйилиб, тиббий-генетик маслаҳат бериш орқали уни даволаш чоралари кўрилади. Шу ва бошқа турдаги тиббий хизматларни юқори савияда кЎрсатиш мақсадида марказимизда акушер-гинеколог, эндокринолог, невропатолог, диетолог каби ўттиз нафарга яқин тажрибали шифокор ҳамда ҳамширалар фаолият олиб боради. Улар томонидан скрининг текширувлари энг замонавий тиббий жиҳоз ва лаборатория ускуналари ёрдамида амалга оширилмоқда.
Энг сўнгги русумдаги ултратовуш текшириш аппарати ёрдамида ҳомиладор аёллар перенатал скрининг текширувидан ўтмоқда. Ушбу ускуна ёрдамида ҳомиланинг ривожланиш жараёнларини мукаммал ўрганиш, туғма юрак касалликларини аниқлаш, қон таҳлилларини олиш ва бошқа касалликлар бўйича ҳам аниқ ташхис қўйиш мумкин. Йилнинг дастлабки тўрт ойида вилоят бЎйича 6 минг 800 нафардан зиёд аёл ултратовуш текширувидан ўтказилди, туғма нуқсонлар борлиги аниқланган ҳомилаларни тўхтатиш бўйича тавсиялар берилди.
Текширувлар ҳомила ва чақалоқларда учраётган айрим хасталикларга яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, эрта ва кеч ҳамда исталмаган ҳомиладорлик, гипертония, юрак-қон-томир, буйрак хасталикларини бартараф этмай туриб фарзанд кўриш ҳолатлари сабаб бўлаётганини кўрсатмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллалар, таълим муассасаларида изчил тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилаётир. Тиббиёт соҳаси мутахассислари иштирокида ўтаётган учрашув ва давра суҳбатлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларда аҳолига ёшларни оила қуришга тайёрлаш, никоҳдан олдинги тиббий кЎрикнинг аҳамияти, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ва қизларни эрта турмушга беришнинг салбий оқибатлари ҳақида кенг тушунчалар берилмоқда.
Скрининг марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларни малакали мутахассис кадрлар билан таъминлашга қаратилаётган эътибор замирида биринчи галда соғлом авлодни шакллантиришдек эзгу мақсад мужассам. Шунинг учун ҳам ўтган йили вилоят скрининг маркази биноси тубдан реконструксия қилиниб, тиббиёт ходимлари ва аҳоли учун янада кенг қулайликлар яратилди.
Ғолиб ҲАСАНОВ