UZ RU
01.06.2011

Эмлаш кампанияси якунланди

Тошкент вилоятида беш ёшгача бўлган болаларни полиомиелитга қарши эмлаш кампанияси уюшқоқлик билан ўтказилди.

Миллий эмлаш кунларининг олтинчи босқичида Янгийўл туманида 24 минг нафардан ортиқ бола қамраб олинди.

– Эмлаш тадбирлари туманимиздаги кўп тармоқли марказий поликлиника ва 19 қишлоқ врачлик пунктида амалга оширилди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Улуғбек Дадабоев. – Унда 58 нафар шифокор ва 200 нафар Ўрта тиббиёт ходими иштирок этди. Эмлаш пунктлари ва бригадалар керакли миқдорда зарур тиббий воситалар ва ваксиналар билан таъминланди.

Емлаш болаларни юқумли касалликлардан ҳимоялашнинг энг самарали усулидир. Ҳозир ҳар бир ота-она фарзандининг оғзига икки томчи ваксина томизиш орқали полиомиелитдан асраб қолиш мумкинлигини яхши билади. Шунинг учун ҳам улар эмлаш пунктларига ўз вақтида мурожаат қилади.

Таъкидлаш керакки, вирус инсон организмига оғиз, ҳаво, овқат ва сув орқали, шунингдек, яқин мулоқот чоғида юқади. Шу сабабли шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш полиомиелит ва бошқа юқумли касалликларнинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тадбир доирасида Ўтказилган учрашув ва давра суҳбатларида аҳолининг соғлом турмуш тарзига риоя қилиш борасидаги маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Л.СУВОНОВ