Перинатология – соғлом ва баркамол авлод асоси
Мамлакатимиздаги мутлақо соғлом болалар кўрсаткичи 62,6 фоизга етди. Дунёнинг ривожланган давлатларида бу кўрсаткич 70-72 фоизни ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, юртимизда ўтган йигирма йил давомида эришилган улкан ютуқларнинг яна бир яққол самараси намоён бўлади.
Истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жисмонан соғлом, маънавий етук, юксак салоҳиятли авлодни вояга етказиш мамлакатимиз ижтимоий сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан этиб белгиланди. Бу жараёнда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, оилаларни ижтимоий ҳимоялаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, юртимизда санитария-епидемиология муҳитини барқарорлаштириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу йўналишда узоқни кўзлаб амалга оширилаётган узлуксиз чора-тадбирлар натижасида аҳолининг, жумладан, болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш бЎйича салмоқли натижаларга эришилмоқда. Бугун мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида оналик ва болаликни муҳофазалашга оид жаҳон тиббиётининг барча илғор услублари, техника ва технологиялар ютуқларидан амалда самарали фойдаланилмоқда.
Перинатология хизмати юртимиз тиббиётининг ана шундай замонавий йўналишларидан биридир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу хизмат ҳомиланинг 22 ҳафталик давридан чақалоқнинг чилласи чиққунча бЎлган жараённи ўз ичига олади. Ҳомиланинг бу даври она саломатлиги билан чамбарчас боғлиқлиги боис бўлажак онадаги турли экстрагенитал ва генитал хасталиклар болага ҳам хавф туғдиради. Бу мураккаб вазиятда она ва дунёга келиши кутилаётган фарзанд неонатолог, акушер-гинеколог, педиатр, жарроҳ, реаниматолог, нефролог, невропатолог, ҳамшира каби малакали шифокорларнинг доимий назорати ва парваришига муҳтож бЎлади. Акс ҳолда ҳомила нобуд бўлиши, онанинг саломатлиги хавф остида қолиши мумкин. Ана шундай ҳолатларда мувофиқлаштирилган ва аниқ йўналтирилган тиббий ёрдам кўрсатишни йўлга қЎйиш учун перинатал хизматга асос солинган. Бугунги кунда ушбу тузилма дунёнинг ривожланган давлатларида, жумладан, мамлакатимизда ҳам самарали фаолият юритмоқда.
– Республика перинатал маркази фаолияти йўлга қўйилганига қарийб ўн йил бўлди, – дейди Республика перинатал маркази директорининг ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Саида Ҳасанова. – Ўтган йиллар биз учун катта синов ва изланиш даври бЎлди. Қабулимизга келаётган ҳар бир аёлнинг жисмоний ва руҳий аҳволини синчиклаб ўрганиш, вужудида ривожланаётган ҳомилани соғлом ҳолда дунёга келтиришнинг илмий-амалий асосларини яратиш, кўп жиҳатдан энг замонавий тиббий технология имкониятларидан, янгиликлардан кенг фойдаланишга ҳам боғлиқ. Марказимиз бу борада қЎлланиладиган энг сўнгги русумдаги замонавий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан таъминланган. Ҳомиланинг ривожланишини, онанинг жисмоний ҳолатини юқори аниқликда намоён этадиган бу технологиялар касалликларга тез ва аниқ ташхис қўйиш, тиббий муолажаларни юқори савияда ташкил этиш имконини бермоқда.
Марказда ҳар йили беш мингга яқин чақалоқ туғилади. Уларнинг барчаси аниқ йўналтирилган муолажаларга муҳтож оналар ва болалардир. Перинатология хизмати шакллангунига қадар бундай ҳолларда мувофиқлаштирилган ҳолда ёрдам кўрсатиш имконияти бўлмаган. Шу сабабли болалар ўртасида ўлим кЎрсаткичи юқори бўлган. Чунки болалар ўлими асосан неонатал, яъни туғилгандан токи 28 кунгача бўлган даврда рўй беради. Перинатал хизмати ана шундай муаммоларга қарши курашда самарали тизим эканини тобора яққол намоён этмоқда.
Баъзида энди дунёга келган чақалоқ ҳам шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлади. Шундай вазиятда юртимизнинг турли ҳудудларидаги туғруқ мажмуаларидан Республика перинатал марказига чақирув тушади. Марказда бундай мурожаатларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган реаниматсия бригадаси ва жарроҳлик бўлими ташкил этилган. Бу ерда махсус тайёргарликдан ўтган малакали шифокорлар чақирув жойига зудлик билан етиб бориб, ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиши, зарурат бўлса, чақалоқни Республика перинатал марказига олиб келиши учун барча имкониятлар мавжуд.
Айни пайтда перинатология соҳасида жаҳон тиббиётининг илғор ютуқларини ўзлаштириш жараёни жадал ривожланмоқда. Илгари диафрагмал грижа, пларостеноз, қизилўнгач атрезияси каби касалликлардан кўплаб болалар нобуд бўларди. Соҳага замонавий лапароскопия диагностикаси ва даволаш усули, кўплаб илмий янгиликлар кириб келиши натижасида бундай нуқсонларни тўла-тўкис бартараф этишга эришилмоқда. Ушбу хасталикларни миниинвазив усулда оператсия қилиш натижасида қирққа яқин чақалоқнинг ҳаёти асраб қолинди. Ҳозир улар ўз тенгдошлари қатори соғлом ва дуркун ўсмоқда.
Перинатология хизматининг яна бир афзаллиги ой-куни етмай, чала туғилган чақалоқларни парваришлашда ҳам намоён бЎлмоқда. Бунинг учун марказда замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва чуқур илмий ёндашувларга асосланган даволаш ҳамда парваришлаш усуллари қЎлланилмоқда. Бу жараёнда зарур бўладиган тиббий база, малакали олимлар ва шифокорлар, ҳамширалар таркиби шаклланган, уларнинг саъй-ҳаракати билан кўпгина оилаларга соғлом зурриёт кЎриш бахти насиб этмоқда.
Сурхондарёлик Зариф Жўраев оиласи ўн йилдан буён соғлом фарзанд кЎриш умидида эди. Бироқ, аёлдаги экстрагенитал касалликлар натижасида унинг ҳомиласи нобуд бўларди. Маҳаллий шифокорлар аёлни доимий тиббий кузатувга олди ва навбатдаги ҳомиладорликнинг дастлабки босқичида Республика перинатал марказига юборилди. Бу ерда унга малакали тиббий ёрдам кўрсатилди ва Зуҳра ЖЎраева оналик бахтига муяссар бўлди.
– Ўғлим туғилганига бир ойдан ошди, исмини Ўлмасжон қўйдик, – дейди З.Жўраева. – Шифокорларнинг менга ва боламга ғамхўрлигидан бошим осмонга етди. Фарзандим соғлом ривожланмоқда.
Тиббий хизматнинг бундай ютуқларини юртимизнинг барча ҳудудларига татбиқ этиш, перинатология соҳасини аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида вилоятларда ҳам перинатал марказлар ташкил этилди. Уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, янги тиббий техника ва зарур воситалар билан таъминланди. Республика Перинатал марказида тўпланган ижобий тажрибани жойларда татбиқ этиш мақсадида йигирма нафар мураббий тайёрланди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг юртимиздаги ваколатхонаси ва бир қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилди. Тиббиётнинг юксак технологиялари бўйича тегишли малака ва маҳоратни эгаллаган мутахассисларимиз вилоятлардаги марказларнинг шифокорлари учун семинар ва амалий машғулотлар ташкил этмоқда, илғор тажрибаларни оммалаштирмоқда.
Перинатал хизматнинг юксалишида халқаро ҳамкорлик алоқалари муҳим ўрин тутади. Марказ мутахассислари қатор йиллардан буён тараққий этган давлатлардаги ана шундай тузилмалар билан ўзаро тажриба алмашмоқда. Германия пойтахти Берлин шаҳридаги жаҳонга машҳур “Шарите” клиникаси ана шундай ҳамкорлардан бири. Мазкур клиника профессори, доктор Роланд Вауер Республика перинатал маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзбек шифокорлари соҳада энг масъулиятли ва маҳоратли ҳамкор бЎлишга лойиқ эканини таъкидлади.
Тиббиётимиз ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор ва кенг кўламли халқаро илмий алоқалар туфайли марказда перинатология хизматини ташкил этишда яхши тажриба тўпланди. Ҳозир бу соҳада мамлакатимиз тиббиёти нафақат минтақамиз, балки жаҳонда ҳам етакчи ўринларни эгаллайди.
Айни пайтда марказ шифокорлари “Соғлом она – соғлом бола” дастурида белгиланган вазифаларни ва аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган мунтазам тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.
Республика перинатал маркази бу йўналишда Сирдарё вилоятидаги туман тиббиёт бирлашмалари, қишлоқ врачлик пунктларида фаол иш олиб бормоқда. Яқинда Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмасида, бир қатор қишлоқ врачлик пунктларида тиббий кўрик ва аҳоли билан мулоқотлар ташкил этилди.
– Мамлакатимиз аҳолисининг тиббий кўрикка қизиқиши ортиб бормоқда, – дейди Республика перинатал маркази неонатолог шифокори Маъмура Мамадалиева. – Бундай фаолликни янада ошириш мақсадида тиббий мулоқотларни хилма-хил мавзуларда, жойлардаги тиббий-ижтимоий ҳолатдан келиб чиқиб ташкил этмоқдамиз. Тадбирларга оиланинг барча аъзолари жалб этилаётир. Натижада туғруқлар орасидаги муддатни сақлаш, касалликларни камайтириш, чақалоқларни кўкрак сути билан озиқлантиришда ижобий ўзгаришлар кузатиляпти.
Айни пайтда Республика перинатал маркази фаолиятини янада кенгайтириш, хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш мақсадида марказнинг неонатал корпуси барпо этилмоқда. Бу ишлар перинатология хизматининг янада ривожланишига хизмат қилади.
Баҳор ХИДИРОВА