Тамаки – саломатлик кушандаси
Юртимизда аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни кашандаликнинг инсон ҳаёти ва саломатлигига етказадиган салбий таъсиридан огоҳ этишга доир изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгашида “Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг зарарли таъсиридан ёшларни асрашнинг ҳуқуқий асосини яратиш – соғлом генофонд кафолати” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида бу борада қилинаётган ишлар муҳокама этилди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, шифокорлар, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари И.Саифназаров, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф.Муҳаммаджонова ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, навқирон авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб вояга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидладилар. Ёш авлодда соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш жараёнида уларни турли иллатлар, хусусан, тамаки маҳсулотлари ҳамда алкоголли ичимликлар таъсирига тушишдан ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази қошида ташкил этилган Тамаки чекишга қарши миллий марказ кашандаликнинг олдини олишдек эзгу мақсадга хизмат қилаётир. Бугун мазкур марказ аҳоли, айниқса, ёшлар Ўртасида кашандаликнинг олдини олиш, уларга бунинг оқибатида келиб чиқадиган касалликларни тушунтириш, кашандаликдан қутилишга кўмаклашиш мақсадида муайян чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Давра суҳбатида тамаки чекишнинг ҳамда спиртли ичимликлар истеъмолининг зарарли оқибатлари ҳақида ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, ушбу йўналишдаги қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Соғлом оила қуриш ва баркамол авлодни тарбиялашнинг аҳамияти, алкогол ва тамаки маҳсулотларининг организмга салбий таъсирига оид маърузалар тингланди.
Г.САТТОРОВА.