UZ RU
03.06.2011

Экология – ўқувчилар нигоҳида

Ўзбекистон Экологик ҳаракатида 5 июн – Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Экоҳаракат фаоллари, тегишли давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, Ўқитувчилар, ўқувчи-ёшлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Б.Алихонов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида экологик муаммоларнинг инсон ҳаёти ва саломатлигига салбий таъсирининг олдини олиш ҳамда барқарор ривожланишга эришишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг ташкил этилгани мамлакатимиз ва минтақамизда экологик вазиятни яхшилаш, глобал экологик муаммоларни ҳал этишда халқаро ҳамкорликни ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларида аҳолининг иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Экоҳаракатдан мамлакатимиз парламентига сайланган депутатлар гуруҳи экологик қонунчилигимизни такомиллаштириш ва унинг ижро механизмларини мустаҳкамлаш борасида фаол иш олиб бормоқда.

Шу билан бирга атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тобора кескинлашиб бораётган глобал экологик муаммолар ечимини топишда аҳоли ўртасида экологик маданиятни шакллантириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнда, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва “Тонг юлдузи” газетаси ҳамкорлигида мактаб Ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Онажоним табиат” иншолар танлови ана шундай вазифаларни ҳал этишга йўналтирилмоқда. Бу йил танловга юртимизнинг турли ҳудудларидан икки юздан зиёд ижодий иш тушди. Иншоларда ёшларимиз Ўзлари яшаётган ҳудуднинг гўзал табиати, экологик барқарорликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар самаралари, экологик муаммоларни ҳал этиш йўллари хусусида ҳикоя қилган.

Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 36-мактаб Ўқувчиси Соҳибжон Ҳотамов биринчи, Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 43-мактаб Ўқувчилари Севара Ибодуллаева ҳамда Умида Ҳамдамова иккинчи, Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 28-мактаб Ўқувчиси Ёлқин Эшқувватов учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар махсус диплом ва совғалар билан тақдирланди.

Б.ХИДИРОВА