UZ RU
04.06.2011

Ўсма касалликлари профилактикаси йўлида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўсма касалликлари профилактикаси масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда депутатлар, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликлари вакиллари, тиббий-илмий марказлар олимлари, жойлардаги онкология диспансерлари бош шифокорлари ва журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Ф.Ражабов, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Алимов ва бошқалар мустақиллик йилларида халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолини тиббий-ижтимоий муҳофаза қилиш Президентимиз Ислом Каримов юритаётган сиёсатнинг муҳим йўналишига айланганини таъкидладилар.

Бу борада қабул қилинган давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг изчил ижро этилиши натижасида юртимизда соғлиқни сақлашнинг миллий модели яратилди ва аҳолига жаҳон андозалари даражасида тиббий хизмат кўрсатишнинг замонавий тизими шаклланди. Айни пайтда тиббиётнинг барча йўналишлари каби онкологик хизмат кўрсатиш сифати ҳам такомиллашмоқда. Республика онкология илмий маркази ҳамда вилоятлардаги онкология диспансерлари замонавий тиббий диагностика ва даволаш ускуналари билан таъминланмоқда. Соғлиқни сақлаш амалиётида жаҳон тиббиётининг илғор технологиялари, дори-дармонлар ва даволашнинг ягона стандартлари қўлланилмоқда.

Ўсма касалликларининг олдини олиш ва ўз вақтида аниқлашда жамоат ташкилотлари, матбуот ва оммавий ахборот воситалари имкониятларидан ҳам самарали фойдаланилаётир. Бунинг натижасида касалликни эрта аниқлаш кўрсаткичлари ўсмоқда. Мамлакатимиз тиббиётининг ва илм-фанининг бу борадаги салоҳиятини янада ошириш мақсадида тараққий этган мамлакатлардаги етакчи тиббий-илмий марказлар билан яқиндан ҳамкорлик қилинаётир.

Тадбирда тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, шифо масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва шифокорларнинг малакасини янада оширишга доир маърузалар тингланди.

Б.Хидирова