UZ RU
02.06.2011

ИНСОН ҲАЁТИ УЧУН ХАВФЛИ

Маълумки, ҳар йили 31 май – Бутунжаҳон чекишга қарши кураш куни сифатида кенг нишонланиб, аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ва оммавий тадбирлар ўтказилади. Айниқса, мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида талабалар ўртасида олиб бориладиган саломатлик тадбирлари уларда мулоҳазали фикрларни уйғотади. Шу сабабли, пойтахтимиздаги тиббиёт коллежлари талабалари орасида ўтказилган тадбирда уларни қуйидаги саволлар қизиқтирди: "Айтингчи, отам тамаки чекишни ташлашлари учун нима қилиш керак? Отамнинг соғликларини сақлаб қолмоқчиман". Бундан кўриниб турибдики, келажакда бу талаба ушбу иллатдан йироқ бўлади...

Мутахассисларнинг кузатувларига қараганда, чекувчилар ўртасида ўлим кўрсаткичи чекмайдиганларга нисбатан 70 % кўп, кунига 20 дона сигарет чекувчиларда эса 2 баробар ортиқ эканлиги, чекувчилар чекмайдиганларга нисбатан 6-10 йил кам яшаётганлиги ҳисоблаб чиқилган. Оддий чекувчи ҳар битта чеккан сигаретаси билан ўз умрини 6 минутга қисқартиради. Чекиш ўпка, трахея ва бронхлар, лабдаги ўсма-шишлар, қизилўнгач, оғиз бўшлиғи, ҳалқум, ҳиқилдоқ ўсмалари, ўпка эмфиземаси ва обструктив, юракнинг ишемик касалликлари юзага келишига сабаб бўлади.

Давра суҳбатлари ва учрашувларда баъзан айрим ота-оналарнинг ўз фарзандлари тақдирига беэътибор эканликлари тилга олинди. Ҳақиқатни гапирганда, орамизда ана шундай ота-оналар борлигини инкор этиб бўлмайди. Улар ҳатто болаларида кечаётган руҳий ўзгаришлар, ташқи ва ички дунёқараши билан қизиқмайди. Ваҳоланки, ўсмирлик даврида болаларнинг руҳиятида мураккаб ўзгаришлар кузатилиб, улар ота-она меҳри ва маслаҳатига эҳтиёжманд бўладилар. Ана шу пайтларда ота-оналарнинг эътиборсизлиги кўп ҳолларда фарзандининг ёмон йўлларга кириб, тамаки сингари зарарли одатларга берилиб қолишига сабабчи бўлади.

Афсуски, ҳозирги кунда тамаки чекиш ҳолатлари ўғил болалар қатори қизлар орасида ҳам учраб турибди. Ачинарлиси шундаки, кўча ва ўқув муассасаларида айрим қизларнинг тамаки чекаётганига гувоҳ бўламиз. Учрашувлар чоғида мутахассислар ушбу иллатнинг оғир оқибатлари нималарга олиб келиши ҳақида маслаҳат берадилар, уларнинг келажакда она бўлишлари ва тамаки тутуни бола соғлиги учун ниҳоятда зарарли эканлигини тушунтирадилар.

Ҳар бир ота-она ўз фарзанди соғлиги тўғрисида қайғуриб, унинг маънавий оламига бефарқ бўлмай, яхши суҳбатдош, намуна кўрсата оладиган фазилатларга эга бўлса, келажагимиз пойдевори бўлмиш фарзандларимиз соғлом, бақувват ва комил инсонлар бўлиб етишишига олиб келади.

Дилбар Раджабова,

"Олмазор" номли тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси.